СУДЬЯ НАФАҚАТ ҚОНУН, БАЛКИ ВИЖДОНИ ОЛДИДА ҲАМ ҲИСОБ БЕРИШИ КЕРАК

08 январь 2019

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина одамлар эмин-эркин яшаш ва меҳнат қилиш имкониятига эга бўлади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда одил судлов самарадорлигини ошириш масаласига катта эътибор қаратилаётир.

Жамиятда адолат қарор топиши одил судловни амалга ошириш ваколати берилган судьянинг бу вазифага нечоғли тайёрлиги, билимдонлиги, поклиги ва инсонпарварлигига боғлиқ. 

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янда такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди. Бунда судьялар корпусини шакллантириш тизимини суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига тўлиқ мослаштириш, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш зарур. 

Ўз навбатида, туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлаш вазифасини Судьялар кенгаши зиммасига бериш вазифаси белгилаб берилди. Бу борада жамоатчилик фикри ва судьяларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши масаласи ўз ифодасини топиши муҳим аҳамият касб этади. 

Судьяларни тайинлаш тартибининг бу тарзда соддалаштирилиши, таъбир жоиз бўлса, ҳаётга янада яқинлаштирилиши, албатта, судьяликка номзодларни эркин ва очиқ танлаш имконини беради. Судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашдаги бундай шаффофлик ҳамда бу жараёнда жамоатчилик иштирок этиши, шунингдек, судьяларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот беришининг йўлга қўйилиши, пировард натижада адолатни қарор топтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Муқаддас китобларда ҳам қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги – тўғри йўлдан чиқмаслиги лозимлигига урғу берилган. Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим. 

Дарҳақиқат, судьянинг иш бўйича қабул қиладиган қарори одамлар, инсон тақдири билан боғлиқ бўлиб, тўғри ва адолат нуқтаи назаридан қабул қилинган қарор жамият тинчлиги, осойишталигини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис судьялик вазифасига тайинланган ҳар қандай шахс, аввало, ўзига ишониб топширилган ваколат масъулиятини тўла англаб етиши зарур. Унинг ҳар қандай ҳаракати қонунга асосланган ва адолатли бўлиши шарт. Устозимиз Убайдулла Минбоев қайд этганидек, судьялик – касб, лавозимгина бўлиб қолмай, аввало, инсонийлик. Судьялик – қонун ва адолатни қарор топтириш ваколатидир. Ҳар бир судья ана шу оддий ҳаётий ҳақиқатларни чуқур ҳис этиши лозим. 

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизими ташкил этилаётгани соҳага малакали кадрларни жалб этишга хизмат қилади. 

Эндиликда судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантиришга эътибор қаратилиши уларни замон билан ҳамнафас ҳолда фаолият юритиши учун пухта замин ҳозирлайди. 

Судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга оширилади. 

Судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланади. 

Қарор асосида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ташкил этилмоқда. 

Бу янгиликлар суд тизимига ҳар томонлама етук кадрларни жалб қилибгина қолмай, энг муносибларни судьяликка тайинлашнинг самарали механизмига айланади. 

Белгиланган талабларга жавоб берадиган кадрлар судьяликка тайинлангач ҳам доимий равишда ўз билимини, соғлом фикр ва ақлий мувофиқлигини ошириб бориш устида ишлаши лозим. Қонунларни мукаммал билиши, шу билан бирга уларни тўғри қўллаш бўйича амалий кўникма, тажриба орттириб бориш замон тақозоси. 

Бундан ташқари судьянинг масъулияти унинг маънавий дунёқарашига ҳам боғлиқ. Шу маънода судья ўз маънавиятини бойитиш, руҳан покланиш, қалбан улғайиш ҳамда виждон ва иродани тоблаш, иймон-эътиқодни бутлаш, бир сўз билан айтганда, комилликка эришиш борасида ўз устида доимий ишлаши талаб этилади. 

Бу борада судьялар, фикримизча, эгаллаб турган вазифасининг ўткинчилигини унутмаган ҳолда, нафақат қонун, балки ўз виждони олдида ҳам ҳисоб бериб боришни унутмаслиги керак. 

 

Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: