СУД РАИСЛАРИНИНГ АХБОРОТИ ТИНГЛАНДИ

17 апрель 2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 1-бандида белгиланганидек, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида Бухоро вилоят судлари раислари томонидан брифинг ўтказилди.

Брифингда хотин-қизлар қўмитаси раислари, ёшлар иттифоқи етакчилари, “Нуроний” жамғармаси, ўзини-ўзи бошқариш органлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
 
Брифингда Бухоро вилоятининг жиноят, фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлари раислари суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, судлар томонидан 2019 йилнинг 1-чорагида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шунингдек иш тоифалари таҳлили юзасидан ахборот беришди.
 
brifing-buhoro2.png
 
– Жорий йилда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди, – деди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Қадрберган Яхшимуратов. – Ўтган давр мобайнида  жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жами 501 нафар шахсга нисбатан 402 та жиноят иши кўриб тамомланган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 96 тага, судланувчи шахслар сони эса 155 тага камайган.  274 та иш бўйича 366 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланиб, ҳукм чиқарилган. 122 нафар шахсга нисбатан 115 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилган. 5 нафар шахсга нисбатан 5 та ишда жазо тайинламасдан ҳукм чиқарилган ва 3 нафар шахсга нисбатан шартли ҳукм қилинган. 
 
Судлар томонидан кўрилган ишларда қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, одам савдоси, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик, пора бериш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш камайган. 
 
Бироқ ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, ҳақорат қилиш, гиёҳванлик воситаларини ўтказиш, безорилик жиноятлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошганлиги кузатилди.
 
brifing-buhoro3.png
 
2019 йилнинг биринчи чорагида кўрилган 402 та жиноят ишининг 164 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган. Кўриб тамомланган ишларнинг 314 таси бўйича хусусий ажримлар чиқарилган. 
 
– Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг 3 ойи давомида жами 2 минг 569 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб ҳал қилинган, – деди Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси Азамат Икромов. – Ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланганда фуқаролик судларига мурожаат қилиш 1117 тага камайган.  Кўрилган ишларнинг 2251 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган. 160 таси ҳаракатдан тугатилган. 158 та иш кўрмасдан қолдирилган.  Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича  669 та иш кўрилган. Уларнинг 258 таси бўйича тарафларни яраштириш ёки даъво талаби асоссиз бўлганлиги сабабли рад қилиш орқали оилаларни сақлаб қолишга эришилган.
 
brifing-buhoro4.png
 
Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга процессда қатнашиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига қулайликлар яратиш мақсадида ҳисобот даврида 960 та иш сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.
 
– Иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанция судида 1321 та, апелляция инстанцияси судида 76 та, кассация инстанциясида 53 та ишлар кўрилган, – деди суд раиси Мақсудбек Саидов.–Иш тоифасига кўра фуқаролик муносабати бўйича 466 та, маъмурий муносабатлар бўйича 797 та, банкротликка оид муносабатлар бўйича 54 та, корпоратив муносабатлар бўйича 4 та иш мазмунан кўрилган. Масофадан туриб видеоконференцалоқа режимида 227 та иш кўрилган. Натижада, 362 нафар фуқаро ўз турар-жой ҳудудидан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида бошқа вилоятларда ўтказилган суд процессларида қатнашган.
 
– Бухоро вилоят маъмурий суди ва туман (шаҳар) маъмурий судларининг иш юритувига жорий йилнинг биринчи чорагида 6981 нафар шахсга нисбатан 5481 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи инстанцияда кўриш учун келиб тушган, – деди вилоят маъмурий суди раиси Сухандиёр Рўзиев. – Шундан 5697 нафар шахсга нисбатан 4726 та маъмурий ишлар судларда кўриб тамомланган. Суд қарорлари ижроси бўйича 3 ой мобайнида 4,5 млрд. сўм жарима жазоси тайинланган. Шундан 3,1 млрд. сўми ихтиёрий тўланган. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қўлланилган чораларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишларни сайёр суд мажлисларида кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кўриб тамомланган ишларнинг 2480 таси ёки 52,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.
 
Брифингда Бухоро вилояти судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилганлиги таъкидланди.
 
 
Наргиза Қувончева,
журналист 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: