СУД ХОДИМИГА ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛГАН ШАХС УСТИДАН ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

08 апрель 2019

Мамлакатимизда порахўрликнинг ҳар қандай кўринишига қарши кескин кураш олиб борилаяпти. Давлат идораларида бу иллатга қарши профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда судья ва суд ходимларини коррупцияга нисбатан муроасасиз муносабатини шакллантириш мақсадида давра суҳбатлари ўтказиб борилаётир. 
 
Олий суд Раёсати қарорида ҳам Қонун устуворлигини таъминлашга, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлган, фуқаролар орасида суд ҳокимиятига бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга ўзининг шахсий  ҳиссасини қўшган, жумладан пора таклиф қилган шахслар тўғрисида хабар берган судья ва суд ходимлари шахси сир сақланган ҳолда рағбатлантирилиши белгилаб қўйилган. 
 
Яқинда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ходими Наримон Боқиевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) пора таклиф этган шахснинг жиноятини фош этди.
 
Н.Боқиев 14 йиллик стажга эга, айни пайтда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди архив мудири  лавозимида ишлайди. Ҳалол,  ўз касбига садоқатли ходим. 
 
Шу йилнинг 2 апрель куни ўзини Ихтиёр Валиев деб таништирган  кимса валюта жинояти бўйича судланган таниши А.А.нинг судда иши кўрилаётганини билиб,  Н.Боқиевдан судья орқали жазони енгиллаштириб беришни, бунинг учун “хизмат” қилишлигини уқтиради.
 
 Суд ходими  дарҳол  бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди раисига мурожаат қилади. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида 3 апрель куни судланувчининг таниши И.Валиев суд ходимига  400 АҚШ доллари бераётган пайтида қўлга олинади.  Айни пайтда И.Валиевга Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 
Суд ҳокимияти дахлсизлиги, унинг обрўси нафақат ушбу тизимда меҳнат қилаётганлар учун, балки барчамизга тааллуқлидир. Инчунун, адолат устувор бўлган жамиятда тинчлик-осойишталик, фаровонлик ҳукм суради. Шуни унутмайлик…
 
                                                     
Олий суд Матбуот хизмати

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: