11 апрель 2019
Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Коммунал хизматлар, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ундирилишида ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, суд буйруғи бериш тўғрисида талабларни фуқаролик ишлари бўйича судларга E-SUD Миллий электрон судлов тизими орқали юбориш ва уларни кўриб чиқишни тартибга солиш” юзасидан 2019 йил 1 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Давлат Солиқ қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “ЎзТрансгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго”АЖ томонидан имзоланган Қўшма топшириқ ижросига бағишланган видеоконференц алоқа тизими орқали йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров суд ҳужжатларининг ижроси қонуний муддатларда тўлиқ таъминланиши судларнинг обрў-эътиборини ошириш, фуқароларнинг судга ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишда ўта муҳим ўрин тутиши, шу боис ҳар бир судья ўзи қабул қилган қарорнинг ижросини таъминлашга алоҳида масъулият билан ёндошиши зарурлигини таъкидлади.
Мамлакатимизда суд қарорлари ижросини қонуний муддатларда таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишга долзарб вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилди. Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан Қўшма кўрсатма имзоланиб, ижро қилиш учун жойларга юборилди.
Шунингдек, Олий суд Раёсатининг 2018 йил 20 июлдаги РС-40-18-сонли қарорида суд қарорлари ижросини қатъий таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Мазкур Қўшма кўрсатманинг ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида вилоят ва туманлар миқиёсида ишчи гуруҳлари ташкил қилиниб, фаолияти йўлга қўйилди.
Йиғилишда бу борада кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай суд қарорларининг ижроси талаб даражасида эмаслиги қайд этиб ўтилди. Буни қуйидаги рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2018 йил 13 июль кунидан 2019 йил 5 апрелга қадар республика судлари томонидан жами 611 808 141 474 сўмлик 970 562 та ижро ҳужжатлари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроларига ижро қилиш учун юборилган. Шундан бугунги кунда, яъни 2018 йилнинг 13 июль кунидан 2019 йил 5 апрель кунига қадар 294 676 264 638 сўмлик (48,2 фоиз) 577 534 та ижро ҳужжатлари амалда ижро қилинган, 132 431 643 369 сўмлик (21,6 фоиз) 96 221 та ижро ҳужжатлари эса ижро қонунининг бошқа моддаларига асосан тугатилган. Бугунги кунда 184 700 233 467 сўмлик (30,2 фоиз) 296 807 та ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланмаган.
Йиғилишда бундай ҳолат билан асло муроса қилиб бўлмаслиги, суд ҳужжатларининг ижросини қонуний муддатларда тўлиқ таъминлаш фуқароларнинг судларга бўлган ишончини оширадиган муҳим омил эканини инобатга олиб, ҳар бир суд ҳужжати ижросини таъминлашга эришиш учун барча чора-тадбирларни кўриш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда судлар томонидан мажбурий ижро бюросига ижро ҳужжатларини электрон тарзда юбориш амалиётини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш