ТАХМИНИЙ АЙБЛОВ СУДДА ҚАЙТА МАЛАКАЛАНДИ, АЙБДОРГА АДОЛАТЛИ ЖАЗО БЕРИЛДИ
Аввало шуни айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарорида қонуннинг ушбу нормаси юзасидан судларга раҳбарий тушунтириш берилган. Бу нормага кундалик ҳаётимизда қандай амал қилинаётганига суд амалиётидан мисол келтирамиз.
Судланувчи Тиркаш Тожиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг «Газ-53» русумли юк автомашинасида ўтган йилнинг октябрь ойида қовун-тарвуз сотиб олиш мақсадида, Жиззах вилоятининг Арнасой туманига боради. Туман марказидан беш-олти километр олисликдаги даладан қовун-тарвуз олаётиб, бетон ариқ бўйида ёввойи ҳолатда ўсиб турган, бўйи икки метрча келадиган наша ўсимлигига кўзи тушади. Текшириб кўрганда, ўсимликнинг ҳақиқатан ҳам, наша эканлигига ишонч ҳосил қилади.
Орадан тўрт-беш кун ўтиб, Т. Тожиддинов яна Жиззах вилоятига борадиган бўлади. Бу гал у юк автомашинасига эҳтиёт қисмлар олиб келмоқчи эди.
Жиззах вилоятига боргач, киракаш автомашина эгасидан ўша ўзи билган далага олиб боришни сўрайди.
У манзилга етгач, бетон ариқ ёқасида ёввойи ҳолатда ўсиб турган гиёҳвандлик ўсимлигидан, тахминан, ўнтасини барглари билан қўшиб юлиб олади-да, елим халтага солиб, эгнидаги кийимининг ичига жойлайди. Жиззах шаҳридан автомашинасига эҳтиёт қисмлар олгач, Хатирчига қайтиб келади.
Воқеанинг давоми шундай кечади: ўша пайтда Тиркаш оиласи билан ота-онасининг уйида яшарди. Уйдагилар сезиб қолмаслиги учун у наша солинган целофан пакетни қишлоғидаги зовур бўйига олиб боради ва кўмиб қўяди.
Кейинчалик беш-олти марта кўмилган жойидан нашани олади ва чекиб кўради.
— Фильтрли сигаретни махоркасини бўшатиб, ўрнига наша баргларини майдалаб, жойладим, — деди у суддаги кўрсатмасида. — Айниқса, бир-икки пиёла ароқ ичганимдан сўнг уни чекардим. Нашани яшириб қўйганим ва чекишимдан турмуш ўртоғим ҳам, бошқалар ҳам хабарсиз эди.
Шу йилнинг февраль ойида Т. Тожиддинов оиласи билан янги уй-жойга кўчиб чиқади. Шундан сўнг у ота-онасининг уйига яқин бўлган зовур бўйида кўмиб қўйган «омонат»ини ҳам янги уйига олиб келади. Сумкага солиб, девордаги михга илиб қўяди.
Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан шу йилнинг 10 май куни «Қорадори — 2020» тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди. Ноқонуний иш очилмасдан қолмас экан. Т. Тожиддиновнинг қилмишлари ҳам тадбир чоғида фош бўлди.
Навоий вилоят ИИБ ЭКБнинг шу йил 11 майдаги хулосасида Т. Тожиддиновнинг яшаш хонадонидан олинган яшил-қўнғир рангли, қўл билан ушлаб кўрилганда қуруқ ҳолдаги, ўзига хос ўткир ҳидли, ўсимликсимон модда «марихуана» бўлиб, қуруқ ҳолдаги соф вазни 287,36 грамм экани қайд этилган.
Судланувчи Т. Тожиддиновнинг айби:
– яшаш уйида тинтув ўтказиш ҳақидаги қарор ва баённома;
– Арнасой туманида ўтказилган айбланувчининг кўрсатмаларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ҳақидаги баённома;
– воқеа жойи акс эттирилган фотожадваллар;
– гиёҳвандлик воситаси кўмиб қўйилган ва деворга илиб қўйилган жойда туширилган фотосуратлар;
– шу билан бирга, гувоҳлар М. Тожиддинова, С. Баҳромов, Ғ. Умрқулов, С. Мелижонов, Т. Худойназаров ва Н. Шодиеванинг сўроқ баённомалари ва суддаги кўрсатмалари;
– жиноят ишида мавжуд бошқа ишончга сазовор холис далиллар билан ўз тасдиғини топди.
Суд дастлабки тергов органи судланувчи Т. Тожиддиновнинг 287,36 грамм кўп миқдордаги «марихуана» гиёҳвандлик воситасини сотишга суиқасд қилганликдаги ҳаракатларини Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан малакалаб, хатоликка йўл қўйган, деган тўхтамга келди.
Бунинг сабабларини изоҳлайдиган бўлсак, тергов органи судланувчидан олинган ушбу миқдордаги гиёҳвандлик воситаси истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилганлигидан келиб чиққан.
Т. Тожиддиновнинг ушбу воситани ўтказишга суиқасд қилганликда айби исботланган.
Бироқ унинг гиёҳвандлик воситасини айнан ҳақ эвазига сотишга суиқасд қилганлиги ҳақидаги хулосага асос бўладиган бирон-бир далилни келтирмасдан, судланувчига тахминий айб эълон қилинган.
Бу фикримизга Олий суд Пленумининг 2017 йил 28 апрелдаги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори тўла асос бўлади.
Негаки, ушбу қарорнинг 21-бандида Жиноят кодексининг 273-моддаси 1-қисмида назарда тутилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда, уларни турлича усулда ҳақ эвазига ёки текинга, яъни сотиш, ҳадя этиш, алмаштириш, қарз эвазига ёки қарз сифатида бошқа шахсларга бериш тушунилиши қайд этилган.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сотиш усулида кўп миқдорда ўтказиш, уларни ўтказишнинг энг ижтимоий хавфли кўриниши ҳисобланиши туфайли мазкур қилмиш Жиноят кодекси 273-моддасининг 5-қисми билан квалификация қилиниши лозим. Ушбу қарорнинг мазкур бандида гиёҳвандлик моддаларини кўп миқдорда бошқа барча усулларда ўтказиш Жиноят кодексининг 273-моддаси бошқа тегишли қисми билан жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлиши таъкидланган.
Шу ўринда Навоий вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси суд-кимё бўлимининг шу йил 19 майдаги хулосасига эътибор қаратайлик. Мазкур хулосада судланувчи Т. Тожиддиновнинг қон таркибида опий алколоидига тегишли гиёҳвандлик воситалари мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Бундан ташқари Навоий вилоят судга оид наркологик экспертизасининг шу йил 14 майдаги хулосасида Т. Тожиддинов гиёҳвандлик касаллигидан мажбурий тиббий даволанишга муҳтож эмаслиги таъкидланган.
Судда аниқланган ҳолатлар шуни кўрсатдики, гиёҳвандлик воситалари фақат истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилгани, экспертизанинг эса, айбдор гиёҳванд эмаслиги тўғрисида берган хулосасининг ўзи Т. Тожиддиновни гиёҳвандлик воситаларини айнан ҳақ эвазига ўтказишга суиқасд қилганликда айблаш учун етарли далил ҳисобланмайди.
Чунки судланувчи гиёҳвандлик воситасини айнан сотиш ҳақида бирон-бир шахс билан келишмаган. Ёки унинг шунга қаратилган ҳаракатлари ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда тўхтатилган.
Қолаверса, Т. Тожиддиновнинг гиёҳвандлик воситасини айнан сотиш йўли билан ўтказиш мақсади бўлгани аниқланмаган. Бундай далилни бугунги кунда тўплаш ва мавжуд шубҳани бартараф этиш имкониятлари тугаган.
Судланувчи Т. Тожиддиновни гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш йўли билан ўтказиш мақсадининг бўлганлиги тасдиқланмагани боис суд унинг ҳаракатларини гиёҳвандлик воситасини кўп миқдорда бошқа барча усулларда ўтказиш учун сақлаш деб баҳолашни лозим топди.
Шунга кўра, юқоридаги асослар ва Олий суд Пленуми тушунтиришларидан келиб чиқиб, суд судланувчи Т. Тожиддиновнинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисмидан 273-моддаси 2-қисмига қайта малакалади.
Хуллас, судланувчи Т. Тожиддинов суд томонидан қайта малакаланган модда билан айбли деб топилиб, уч йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Энди бир тасаввур қилинг: агар Т. Тожиддиновга дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айб — Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жазо тайинланганида, у саккиз йилдан — ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган бўларди.
Гувоҳи бўлганингиздек, суд ишни мазмунан кўришда одил судлов мезонига қатъий амал қилди. Мавжуд қонунлар меъёрларига таяниб, асосли тўхтамга келди, судланувчи Т. Тожиддиновга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўйилган тахминий айб судда қайта малакаланди ва айбдорга адолатли жазо тайинланди.
Вилоят суди апелляция инстанциясининг шу йил 11 сентябрдаги ажрими билан биринчи босқич судининг ушбу ҳукми ўз кучида, ўзгаришсиз қолдирилди.
Суюн БЎТАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Хатирчи тумани судининг раиси
Фикр қолдириш