12 апрель 2019
Фарғонада адашиб диний экстремистик оқимга кириб қолган, бир неча йиллар давомида чет элларда юриб, чин дилдан пушаймон бўлиб юртимизга қайтган шахсга суд томонидан жазо тайинланди.
Кечиримлилик, бағрикенглик халқимизга хос қадим қадриятлардан саналади. Муқаддас динимизда ҳам банда билиб-билмай хато йўлга кирса, сўнг хатосини тан олиб, тавба қилса барча қилмиш гуноҳ ишлари кечирилиши, зиммасидан соқит бўлиши таъкидланган. Ўтган даврда ҳукуматимиз олиб борган инсонпарварлик сиёсати туфайли кўпгина адашиб диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолган фуқаролар ҳаётга қайтди. Бешариқлик Илёс Ҳакимов ҳам ана шулардан бири. Ғаламис кимсаларнинг алдовига учиб, энг гуллаган ёшлик дамларини хазон қилди.
У 2010-2013 йилларда Бешариқ туманида Муйдин Махсудов томонидан ташкил қилинган “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқим жамоатида иштирок этиб, уларнинг ғояларини қўллаб- қувватлаган. Интернет ижтимоий тармоғида ҳар хил диний мазмундаги жиҳод қилиш, шаҳид бўлиш ва жаннатга тушишга даъват этувчи маърузаларни эшитиб юриб, диний ақидапарастликка берилган. Уни шу тумандан бўлган “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқими аъзоси, Сурия давлатидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун одам ёллаш билан шуғулланувчи Хайрулло Исоқов интернет орқали Сурия давлатига бориш ва жиҳод қилишга кўндирган. Илёс уларнинг алдовларига учди, онги заҳарланиб, жиноят йўлига кирди. Диний оқимнинг бузғунчи ғояларини қўллаб-қувватлаб, жиҳод қилиш учун Сурия давлатига боришни режалаштирди.
У 2014 йил февраль ойида Россия Федерацияси орқали Украина давлатига оила аъзолари билан борган. У ерда Х. Исоқовнинг таниши “Фаррух” исмли шахс кутиб олиб, уни уй жой билан таъминлаган. Йўл ҳаражатлари учун Х. Исоқов 1 500 АҚШ доллари юборганидан кейин у турмуш ўртоғи Ш. Маҳмудова ва бир ёшли фарзанди билан Туркиянинг Истамбул шаҳрига борган. Уларни Х. Исоқов кутиб олиб, олдиндан тайёрланган квартирага жойлаштирган.
2014 йилнинг март ойида Х. Исоқов билан Истамбул шаҳридан Сурия давлатига автобус орқали кетаётганида махсус хизмат ходимлари томонидан қўлга олинган. Муҳожирлар сақланадиган муассасага вақтинча сақловга олинган. У шу ерда Сурияга борганлар билан гаплашиб, вазиятни билгач, адашганини тушуниб етади.
Илёс Ҳакимов ўтган даврда бошидан жуда кўп оғир кунларни ўтказди. Уйга қайтишдан қўрқиб, Туркия, Украина давлатларида сарсон-саргардон кезди. Ўзбекистонда ўзига ўхшаб адашиб қолганларни кечирилаётганини эшитиб, қайтиш чораларини излайди. 2019 йил январь ойи бошида интернет тармоғи орқали Ўзбекистон Республикаси ДХХ расмий сайтига кечирим сўраб мурожаат қилди ҳамда юртимизга қайтиб келди.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани суди томонидан Илёс Ҳакимовнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Унга жазо тайинлашда қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этмаганлиги, кечирим сўраб мурожаат қилганлиги каби ҳолатлар инобатга олинди. Унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
– Чет элларда юрган йилларимда жуда кўп саволлар мени қийнарди, – дейди Илёс Ҳакимов. – Нега шу йўлга кирдим? Бугун тушуниб етдим барчасини. Улар динни рўкач қилиб, ўз манфаатлари йўлида биздан фойдаланмоқчи бўлди. Суриядаги даҳшатли урушни бошидан кечирганлар билан гаплашиб, бу ниятимдан қайтдим. Президентимизга раҳмат. Мен каби адашганларни кечириб, ҳаётга, оиласи бағрига қайтармоқда.
Албатта бу каби адашганларнинг сўзларини эшитаркансиз, уларнинг аксарияти ислом дини борасида етарли билимга эга бўлмаганлиги натижасида диний экстремистик оқимга кириб қолганлиги аён бўлади.
Шунинг учун бугун мамлакатимизда ислом маърифатини ўрганиш борасида катта ишларга олиб борилмоқда. Диний экстремистик оқим аъзоси сифатида ҳисобга олинган шахслар махсус рўйхатдан чиқарилиб, соғлом ва тўғри ҳаёт сари йўлланаётгани ҳам катта имконият бўлди.
ЎзА
Фикр қолдириш