ТИЛАНЧИ АЁЛ УЙДИРМАЛАРИ БИЛАН ЧУВ ТУШИРДИ

06 апрель 2019

Фарғонада бир аёлни алдаб, уйидаги илму амаллар сеҳрини йўқотиб бериш эвазига моддий бойликларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган аёл ушланди. 

Шаҳрисабзлик Интизор Муҳиддинова тиланчилик билан шуғулланишни ўзига одат қилган бўлиб, баъзида соддадил одамларни “чув” ҳам туширган. У икки марта фирибгарлик ва ўғрилик моддаси билан судланиб, суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланган бўлса-да, бундан хулоса чиқармади. Интизор Фарғона вилоятига ўғли билан келиб, садақа йиғиш билан шуғулланди.
 
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, у хавфли рецидивист бўлгани ҳолда яна жиноятга қўл урди. Жорий йилнинг 12 февраль куни Фарғона туманидаги Пастки арча маҳалла фуқаролар йиғинидаги уйга садақа сўраб киради. Бу уйда яшовчи аёл билан гаплашиб, унинг соддалигини дарров пайқайди. И. Муҳиддинова дарров вазиятдан фойдаланиб, хонадон эгасини аврашга тушади. Унга икки нафар аёллар душманлик қилаётганлигини, уйига жасад кўмилганлигини, шунинг учун уйида барака йўқлигини айтиб, дам солиш орқали ушбу душманларнинг илму-амаллари, сеҳрини йўқотиб беришини айтади. Албатта бу гапларга уй эгаси чиппа – чин ишонади. Интизорнинг асосий мақсади эса уйдаги қимматбаҳо нарсаларни эгаллаш эди. У содда аёлни турли уйдирмалар билан қўрқитиб, бир дона баҳоси 300 минг сўмлик телефон аппаратини, бир жуфт баҳоси 400 минг сўмлик ва яна бир дона баҳоси 200 минг сўмлик тилла сирғасини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қидирув жараёнида бу аёл қўлга олинди.
 
Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди томонидан И. Муҳиддинованинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга тегишли жазо тайинланди.
 
 
ЎзА

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: