ТОВЛАМАЧИЛИК ВА ФИРИБГАРЛИК БИР ТОИФАДАГИ ИККИ ЖИНОЯТДИР
Маълумки, Жиноят кодексининг 164-169-моддаларини ўз ичига олган Х боби «Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш» деб номланади. Асосан, ҳалол меҳнатга бўй тоб бермайдиган, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган кимсалар ана шундай жиноятларга қўл уришади. Афсуски, кейинги пайтларда айни тоифадаги қилмишлар тез-тез кўзга ташланиб қолмоқда.
Товламачи эр-хотин
Учкўприк туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилган Самариддин Жумаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) шаръий никоҳидаги рафиқаси Хумора Адҳамжонова билан бирга иккинчи маротаба жиноят кўчасига кирди.
Гап шундаки, Хумора анчадан буён шу туманда яшовчи Муҳаббат Асадуллаева билан таниш эди. Аммо жорий йилнинг ўрталарида у Муҳаббатнинг Самариддин билан телефонда гаплашиб, пинҳона учрашиб юрганидан хабар топади. Бинобарин, Х. Адҳамжонова М. Асадуллаеванинг танобини тортиб қўйиш ҳақида ўйлайди ва 2020 йилнинг 7 июль куни бу муддаосига эришади ҳам.
Аввалдан тузилган жиноий режага кўра, ўша куни соат 17.30 ларда С. Жумаев ўзининг «Нексия» русумли автомашинасида М. Асадуллаева билан бирга Учкўприк тумани, Тўқсонқовун қишлоғи томон кетаётган эди. Шунда Хумора автомашина йўлини тўсиб чиқиб, гўёки ўзини рашк қилаётгандек кўрсатади.
— Ҳа, бу йигит мендан беш юз доллар олиб, сенга сарфлаб юрган экан-да, — дея у шахсий «Samsung Galaxy G-2» русумли телефон аппарати билан иккаласини видеотасвирга туширади. Лекин Самариддин унга лом-мим демай, ўзини хотинининг олдида тили қисилгандек кўрсатиб ўтираверади. Шу боис, «рашкчи хотин» Муҳаббатга шарт қўяди:
— Агар беш юз доллар бермасанг, шу видеони хўжайининг ва яқин қариндошларингга кўрсатиб, шармандангни чиқараман.
Қисқаси, у товламачилик йўли билан эртаси куни соат 12.00 ларда М. Асадуллаевадан 4 073 892 сўмга тенг бўлган 400 АҚШ долларини қўлга киритади. Сўнгра 200 АҚШ долларини Самариддинга бериб, қолганини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Бироқ эр-хотин товламачилар бу билан қаноатланишмайди, яна янги жиноий режа тузишади. Шу жиноий режага кўра, 2020 йилнинг 9 июль куни Х. Адҳамжонова яна Муҳаббатга қўнғироқ қилади.
— Яна беш юз доллар берасиз. Йўқса, кечаги видеони эрингизга кўрсатаман. Ана унда оилангиз бузилди, деяверинг, — деб қўрқитади.
Бу воқеалар жараёнида Муҳаббат Асадуллаева Хумора С. Жумаевни қизғонаётган эмас, балки эр-хотин бирга товламачилик қилаётганини сезиб қолади. Бинобарин, у шу куниёқ Учкўприк тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Самариддин ва Хуморага қонуний чора кўришни сўрайди. Пировардида ушбу ҳолат юзасидан дарҳол махсус тадбир ўтказилади. Оқибатда судланувчи Х. Адҳамжонова Учкўприк тумани Қақир қишлоғи ҳудудида М. Асадуллаевадан кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланади.
Фирибгар ўқитувчи
Риштон туманида яшовчи Шукуржон Искандаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) шу ҳудуддаги 43-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишласа-да, муқаддам икки маротаба фирибгарликка қўл урганди.
Бинобарин, иккинчи жинояти учун тайинланган ахлоқ тузатиш иши жазосини ўтаётганди. Шунга қарамай, у учинчи маротаба ҳам фирибгарлик жиноятини содир этди.
Аниқроғи, 2019 йилнинг июль ойида Риштон тумани «Марказ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Деҳқон бозори»да Заррагул Қурбонова билан учрашиб қолади. Қарасаки, аёл соддагина кўринади. Шу боис у «эски ҳунари»ни ишга солиб, уни аврашга тушади.
— Бозордагидан анча арзон нархда пахта ёғи олиб келиб бераман. Сотиб кўп фойда қилишингиз мумкин, — дейди у оғзини тўлдириб.
Кейин эса, аёлнинг ишончини қозониш учун 2020 йил май ойига қадар бозор нархидан салгина арзон нархда пахта ёғи келтириб бериб туради. Натижада З. Қурбонова кўпроқ миқдорда ўсимлик ёғи сотиб олиш мақсадида 1 000 АҚШ доллари ва 46 100 000 сўмни унинг қўлига тутқазади. Анчадан буён шуни кутиб юрган Шукуржон эса, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Бундан ташқари Ш. Искандаров 2019 йил 7 октябрь куни яна Заррагулни чув туширади.
— Илтимос, менинг номимга «Артел» телевизор ва «Артел» кир ювиш машинаси олиб берсангиз. Пулини ой охиригача тўлаб қўяман, — дея уни алдайди.
Шунга биноан, З. Қурбонова Марказ маҳалласида жойлашган «Райҳона Мадинабону сервис» хусусий корхонасидан 1 450 000 сўмлик «Артел 32» русумли телевизор ва нархи 1 120 000 сўмлик «Артел ТЕ60» кир ювиш машинасини шартнома асосида олиб беради. Шартнома шартига мувофиқ, мижоз 6 ой муддатда устамаси билан қўшиб ҳисоблаганда 3 032 640 сўмлик тўловни амалга ошириши керак эди. Бироқ устаси фаранг фирибгар ўша жиҳозларни номаълум шахсга сотиб, пулини ўзининг кайфу сафосига сарфлайди.
Лекин фирибгар муаллимнинг ҳакалак отган нафси шунда ҳам тўймайди.
Натижада, орадан бир ой вақт ўтгач, яна «ишга» киришади. Гап шундаки, ўшанда Ш. Искандаров Заррагул Қурбонованинг кондиционер сотиб олиш ниятида юрганидан хабар топади.
— Хоҳласангиз, мен сизга уч миллион сўмлик «Артел 12″ни танишларимдан арзон нархда олиб бераман, — дейди у.
Соддадил аёл унинг ёлғон гапларига ишонади ва яна 2 200 000 сўмни унинг қўлига тутқазади.
Буни қарангки, Ш. Искандаров 2019 йил ноябрь ойининг охирларида З. Қурбоновани тўртинчи маротаба лақиллатади. Яъни «Ҳудудгаз Фарғона» масъулияти чекланган жамияти Риштон тумани филиалида ишловчи танишлари орқали унга уч дона пропан газ баллонини олиб беришини айтади. Бунинг эвазига аёлнинг 350 000 сўмини санаб олади. Лекин унинг қуюқ ваъдаси сароблигича қолиб кетади. Негаки, фирибгар аллақачон пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборганди.
Бундан ташқари Шукуржон Искандаров 2020 йил май ойида Риштон тумани Юқори Бешкапа маҳалласида жойлашган «Ниҳол файз» оилавий корхонаси савдо дўконида Элбек Муҳаммаджоновнинг ишончига кириб, ҳар бирининг нархи 39 500 сўмдан бўлган 100 дона, жами қиймати 4 350 000 сўмлик ўсимлик ёғини қарзга олиб кетади. Кейин эса, маҳсулотнинг ҳар бирини Заррагулга 30 000 сўмдан сотиб, ҳар галгидек пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлайди.
* * *
Албатта, «Жиноятга жазо муқаррар» деганларидек, охир-оқибат «қаҳрамон»ларимизга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Уларнинг кирдикорлари жиноят ишлари бўйича Риштон тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, айбдорларга қонуний жазолар тайинланди. Жазо тайинлашда Самариддин Жумаев ва Шукуржон Искандаровларга аввалги жинояти учун тайинланган жазоларнинг ўталмаган қисми ҳам инобатга олинди.
Хулоса ва мулоҳаза ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳаётда бировнинг ҳаққи ҳеч қачон иккинчи бир шахсга буюрмайди. Шундай экан, бу ҳаётий ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Умиджон МЕҲМОНАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Риштон тумани судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш