УМРИНИ ХАЗОН ҚИЛГАН ЙИГИТ

Мамлакат тараққиёти ҳақида гап кетса, ҳар ким дунёқарашидан келиб чиқиб, бу борадаги талайгина омилларни санайди. Шу аснода, ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига эътибор жадал ривожланиш, улкан ютуқлар ва халқ фаровонлигининг асоси эканини ҳеч ким инкор этмайди.

Ёшлик ҳақида бежиз сўз очмадик. Судда навбатдаги жиноят ишида иштирок этган судланувчи навқирон ёшда эди.

Афсуски, у муқаддам беш ма­ротаба ўғирлик қи­либ, ўн йил­дан­ ортиқ умрини панжара ортида ўтказган. Қо­нун тили билан айтганда, хавфли жиноятчи биринчи ўғирлигини 16 ёшида содир этган.

Бу маълумотлар киши эътиборини тортиши та­йин. Хаёлга қатор-қатор саволлар қуйилиб келади. Ўйлаб кўрайлик, ўтмиши буюк халқнинг не-не улуғ фарзандлари ҳали бо­ла ёшидаёқ довруғи тил­га тушиб, дилларда достон бўлмаган!

Атоқли шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг 12 ёшида ёз­ган байтига устоз шоир Лутфий юксак ва муносиб баҳо берган. Бу ҳам бобокалон шоиримизнинг обрў-эътибори болалик давриданоқ баланд бўлганини кўрсатади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур тахтга ўтирган давр­ни эсланг: ушбу улуғ бобомиз ҳам 12 ёшида давлат ишларини бошқаришга киришган.

Бу каби ибратли мисоллар бизга фарзанд тарбисига ниҳоятда масъулятли бўлишимиз шартлигини эслатиб туради.

Дарвоқе, суднинг қора курсисида боши эгик ўтир­ган йигитни илгари беш марта жиноятга қўл урган, дедик. Қарангки, у ҳар сафар судда қилмишидан пушаймонлигини билдирган.

У ўн йилдан ортиқ умрини панжара ортида ўт­казган. Шуни инобатга ол­­сак, ўз қилмишидан тегишли хулоса чиқаришга етарлича вақти бўлгани ойдинлашади.

Бу сафар ҳам у айбига иқрор бўлди. Пушаймонлик ичра ўз жинояти тафсилотларини айтиб берди.

Гап шундаки, унинг жиноят содир этишига ўзига нисбатан 1 йил муддатга ўрнатилган маъмурий назорат қоидаларига амал қилмай қўйгани йўл очган.

У ИИБ ходимларини огоҳлантирмасдан яшаш манзилини ташлаб чиқиб кетган ва яна бир қатор қоидаларни бузган. Бунинг учун маъмурий суд томонидан жарима жазосига ҳам тортилган.

Шу ўринда муҳим гапни айтмасак бўлмайди. Маълумки, инсон бирор касалликка чалинса, тузалиб кетганидан сўнг ҳам хасталик қайталанмаслиги, бош­­қаларга таъсир кўр­сатмаслиги учун бир муддат шифокорлар назоратида бў­лади.

Айтмоқчимизки, муқаддам жиноятга қўл урган шахс ҳам хавфли қилмишини такрорламаслиги учун тегишли муддат давомида назорат остида бўлиши керак. Чунки, аввало, у бошқаларнинг дахл­сизлигига путур етказмаслиги, қолаверса, жамиятда ўз ўрнини топиши лозим.

Ўғирликни ўзига ор бил­­маган йигитча ҳам назоратда эди. Аммо буни унутгани боис, бекорчиликдан Миробод тумани Матбуотчилар кўчасида жойлашган «Пойтахт» савдо мажмуаси олдида нима қиларини билмай туради. Қарасаки, савдо мажмуаси автотураргоҳига «COBALT» русумли транспорт воситаси кириб келаяпти.

Ҳайдовчи бўш жой топа олмаяпти. Шунда йигитча дарров «мақсад»га ўтади. Ҳайдовчининг олдига тезда бориб, ўзини автотураргоҳнинг ишчиси деб та­ништиради. Бунга ишонган ҳайдовчи унга бўш жой топиб машинани кўйиши учун калитни беради ва ўзи савдо марказига йўл олади.

Нияти бузуқ йигит эса, машинани олиб қочишни ўйлайди. Рулга ўтириб, дуч келган тарафга ҳайдайди. Қаерга боришини билмай юрганидан бўлса керак, йўлда бошқа бир автомашина билан тўқнашув содир этади.

Бузоқнинг югургани со­монхонагача, дейдилар. Йигит ўз қинғир ниятига ета олмади. Лекин бошқа бир шахсга зарар етказишга улгурди.

Суд томонидан унга тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундай воқеаларни эшитган киши борки, ёш йигит ўз умрини ўзи хазон қилибди, дейди.

Шу маънода, ёшларнинг бекор юришига йўл қўйиб бўлмаслигини доимо ёдимизда сақлашимиз лозим. Улар ҳар томонлама камол топиши учун давлат ва жамият томонидан яратилаётган қу­лай имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳам ўр­га­ти­шимиз керак.

Тўғри, кейинги йилларда ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар камайди. Бунда давлатимиз раҳбари 2018 йил 27 июнда имзолаган «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармоннинг аҳамияти катта бўл­моқда.

Мазкур Фармон билан ташкил этилган «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси орқали ёшларнинг бизнес-ташаббуслари, ғоялари ва лойи­ҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулк ли­зинг­га берилмоқда. Натижада минглаб ёшларимиз бугун юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ўз хиссасини қўшиб келмоқда.

Бир жиноят иши мисолида ёшлар тарбияси замон ва макон танламайдиган долзарб вазифа эканини ёдга олдик. Мазкур жиноят ишининг «қаҳра­мон»­и ҳам биринчи марта ўғирлик содир этганида 16 ёшда бўлгани бизга ниҳоятда муҳим хулосаларни беради.

Айни шу ёш ўтиш даври бўлиб, бу пайтдаги ҳар бир хатти-ҳаракат ота-оналар томонидан қаттиқ назоратда бўлиши талаб этилади.

Фарзанд ушбу ёшда жиноятга қўл урмаслиги учун барча чора-тадбирлар белгиланиши лозим. Акс ҳолда, жиноят кў­часининг касофати нав­қирон инсонларни бутун умри давомида ўз домига тортиб кетиши мумкин.

Ҳар биримиз ўсиб келаётган авлод эл-юртнинг муносиб эгалари бўли­шини истаймиз. Бунинг учун уларга барча шарт-шаритларни яратиб беришга интиламиз.

Шундай экан, ёшлар онг-шуурида Ватан тақдирига дахлдорлик, халқ олдида масъулллик туйғуларини ҳам мустаҳкамлаб боришни унутмайлик. То­ки фарзандларимиз мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар ва садоқатли инсонлар бўлиб воя­га етсинлар.

Сурайёхон ХОЖАМҚУЛОВА,

жиноят ишлари бўйича

Миробод тумани судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: