УМУМИЙ МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ ВА ТАСАРРУФ ЭТИЛИШИ
Бош Қомусимиз бўлган Конституциямизда жамиятнинг асосий бўғини оила бўлиб, у давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган.
Таъкидлаш керакки, жамиятда фуқаролар ўртасида оила, никоҳ ва мол-мулк билан боғлиқ турли хил низолар учраб туради. Аксарият ҳолларда никоҳдан ажратилгандан кейин тарафлар мулкий ҳуқуқий мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги бунга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ ФҲДЁ органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Амалиётда эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ қуйидаги талаблар учрайди:
– эр-хотиннинг биргаликдаги мулки деб топиш тўғрисида;
– никоҳга қадар олинган мулк деб топиш тўғрисида ва уни талаб қилиб олиш тўғрисида;
– ўртадаги умумий мулкни бўлиш тўғрисида;
– умумий мулкдаги улушни аниқлаш тўғрисида;
– эр (хотин) нинг умумий мулкдаги улушини ажратиш тўғрисидаги.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида» 2011 йил 20 июлдаги қарорининг 20-бандида никоҳ ФҲДЁ органларида қайд этилмасдан бир оила бўлиб яшайдиган шахсларнинг мулкий низолари фуқаролик қонунчилиги нормалари бўйича ҳал этилиши тўғрисида раҳбарий тушунтиришлар берилган.
Мулк ҳуқуқи меҳнат фаолияти, мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар бўйича вужудга келади.
Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр ва хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунларда белгиланади. Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалигининг мол-мулкини бўлиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 223 ва 225-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида амалга оширилади.
Мазкур Кодекснинг 24-моддасига кўра, эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.
Эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкни тасарруф этиши билан боғлиқ битим тузилганда бу ҳаракат бошқасининг розилигига кўра амалга оширилаётганлигини англатади.
Эр-хотиндан бирининг умумий мол-мулкни тасарруф этиш юзасидан амалга оширган битими бошқасининг бунга розилиги бўлмаганлиги сабаблигина билдирган талабига биноан ва фақат битимни амалга оширган иккинчи томон амалга оширилган битим юзасидан эр (хотин) рози эмаслигини олдиндан билгани ёки билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳолларда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Эр (хотин) ўзининг номига расмийлаштирган умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битим тузиши учун хотин (эр)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини олиши лозим. Кўрсатилган битимни тузишга нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинмаган эр ёки хотин мазкур битим амалга оширилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб бир йил давомида бу битимни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақлидир.
Эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.
Қимматбаҳо буюмлар ва зеб-у зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, пойафзал ва бошқа шу кабилар), гарчи никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий маблағи ҳисобига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ва хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин.
Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.
Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида» 2011 йил 20 июлдаги қарорининг 22-бандида агар оилавий муносабатлар ва умумий хўжалик юритилиши амалда тугагандан сўнг эр-хотин биргаликда мулк орттиришмаган бўлса, суд Оила кодекси 27-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ҳар бир эр ёки хотин томонидан улар алоҳида яшаган даврда топилган мол-мулкни улардан ҳар бирининг мулки деб топиши ва фақат эр-хотин томонидан умумий хўжалик юритилиши тўхтатилган вақтга қадар топилган мол-мулкни бўлиш мумкинлиги белгиланган.
Масалан, даъвогар Я. З. 2017 йилда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарлар – Ш. О., А. З. ва туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан 2003 йил 5 июнда туман ФҲДЁ бўлимида Ш. О. ва А. З. ўртасида қайд этилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни ва “Алишер Навоий” МФЙ, Дўстлик кўчаси, 15-уй, 3-хонадон ва 2007 йилда ишлаб чиқарилган «Нексия» русумли автомашинадан ўзи ва фарзандларининг улушини олиб беришни сўраган.
Ўз навбатида, жавобгарлар Ш. О. ва А. З. даъвогар Я. З. га нисбатан Дўстлик кўчаси, 15-уй, 3-хонадон ва 2007 йилда ишлаб чиқарилган «Нексия» русумли автомашинани ўзларини мулки деб топиш ҳақида қарши даъво билан мурожаат қилганлар.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар Я. З. нинг жавобгарлар Ш. О., А. З. ва туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, мол-мулкдан ўзи ва фарзандларининг улушини олиб бериш ҳақидаги даъвоси қисман қаноатлантирилган. Ш. О. ва А. З. ўртасида 2003 йил 5 июнь куни туман ФҲДЁ бўлимида қайд этилган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган.
Даъвогар Я. З. нинг жавобгар Ш. О. га нисбатан Дўстлик кўчаси, 15-уй, 3-хонадон ва 2007 йилда ишлаб чиқарилган «Нексия» русумли автомашинадан ўзи ва фарзандларининг улушини ажратишга оид даъво талаби рад қилинган. Жавобгарлар Ш. О. ва А. З. нинг даъвогар Я. З. га нисбатан мол-мулкларни ўзининг мулки деб топиш ҳақидаги қарши даъвоси қаноатлантирилган. Дўстлик кўчаси, 15-уй, 3-хонадон ва 2007 йилда ишлаб чиқарилган «Нексия» русумли автомашина Ш. О. ва А. З. ларнинг биргаликдаги мулки деб топилган.
Иш ҳужжатларига қараганда, даъвогар Я. З. жавобгар Ш. О. билан 1999 йил 2 августда Зангиота туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтган, биргаликдаги турмушидан 2 нафар фарзанди бўлган. Оилавий келишмовчиликлар сабабли 2000 йил сентябрь ойидан буён бирга умумий рўзғор юритиб яшамаган. 2001 йил 23 июлда фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан Ш. О. нинг Я. З. га нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган. Улар 1999 йил 2 августда Зангиота туман ФҲДЁ бўлимида қайд қилинган никоҳдан ажратилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2001 йил 17 сентябрдаги ажримига асосан, 2001 йил 23 июлда никоҳдан ажратиш ҳақидаги сиртдан чиқарилган қарори бекор қилинган. Ш. О. ва Я. З. ўртасидаги қонуний никоҳ бекор қилинмаган деб ҳисобланиши белгиланган.
Ш. О. га фарзанди 1 ёшга тўлгандан кейин судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Шундан сўнг Ш. О. 2003 йил 5 июнда А. З. билан туман ФҲДЁ бўлимида янги никоҳдан ўтган бўлиб, бу ҳақда далолатнома ёзуви қайд этилган.
Уларнинг биргаликдаги никоҳидан уч нафар фарзандлари бор. Улар ҳозирги кунга қадар “Алишер Навоий” МФЙ, Дўстлик кўчаси, 15-уй, 3-хонадонда истиқомат қилади.
Ш. О. ва А. З. биргаликдаги никоҳлари давомида 2014 йилда Дўстлик кўчаси, 15-уй, 3-хонадонни ва 2016 йилда «Нексия» русумли 2007 йилда ишлаб чиқарилган автомашинани сотиб олишган. Мулкка бўлган ҳуқуқлар 2014 йилда Ш. О. номига давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ишдаги “Кончилар” МФЙнинг маълумотномасида А. З. 2002-2010 йилларда Ш. О. билан маҳалладаги Ҳамза кўчаси, 12 уйда яшаганлиги, Я. З. эса, Ш. О. билан 2001 йилга қадар бирга яшаганлиги, шундан кейин Когон туманига кетиб, Ш. О. билан бирга яшамаганлиги белгиланган.
Ишдаги ҳужжатлар ва тарафларнинг суддаги кўргазмаларидан кўринишича, Ш. О. ва Я. З. 2000 йил сентябрь ойида умумий хўжалик юритишни ва эр-хотинлик муносабатларини тўхтатган. Шу сабабли, суд даъвогарнинг мол-мулклардан ўзи ва фарзандларининг улушини ажратиш ҳақидаги талабини қонуний деб баҳоламаган. Жавобгарлар Ш. О. ва А. З. мол-мулкларини ўзларининг мулки деб топиш ҳақида қарши даъво билан мурожаат қилишган.
Юқоридаги кўчмас мулклар Ш. О. ва З. Я. нинг биргаликдаги эмас, Ш. О. ва А. З. нинг биргаликдаги никоҳи давомида олинган бўлиб, уларнинг мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида эътиборга олинмайди.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар никоҳда турган даврда бўлинган тақдирда, эр ва хотин мол-мулкининг бўлинмай қолган қисми, шунингдек эр ва хотин томонидан улар никоҳда турган даврда орттирилган мол-мулк кейинчалик уларнинг биргаликдаги умумий мулкини ташкил қилади.
Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади.
Никоҳни ФҲДЁ органларида қайд этмасдан бир оила бўлиб яшайдиган шахсларнинг мулкий низолари фуқаролик қонунчилиги нормалари бўйича ҳал этилади.
Фахриддин ҚАРШИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Самарқанд вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш