УЧ ЙИЛЛИК ФИРИБГАРЛИК ОҚИБАТИДА 279 НАФАР КИШИ 12 МИЛЛИАРД СЎМГА ЧУВ ТУШДИ
Маълумки, сўнгги йилларда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига оид жиноий хатти-ҳаракатлар, аниқроғи, фирибгарлик ҳолатлари тез-тез кўзга ташланиб қолмоқда. Яъни ушбу агентликлар хорижга ишга юбориш ва катта маошли ишга жойлаштириш ниқоби остида фуқароларни миллиардлаб сўмга чув туширмоқда. Тўғри, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.
Сирғали туманида яшаган Маҳмуд Очиловнинг ҳамтовоғи Иброҳимжон Жонузоқов ва унинг отаси Неъматжон Жонузоқов (Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти терговчисининг 2020 йил 20 мартдаги қарорига мувофиқ, жиноят ишининг ота-болага оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилган. Айни пайтда уларга нисбатан қидирув эълон қилинган) билан бирга содир этган фирибгарлиги ҳам шулар жумласидандир.
Гап шундаки, «қаҳрамон»ларимиз олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2016 йил 20 май куни Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси, 107 Б-уй манзилида «ELITE STUDY GROUP» нодавлат таълим муассасасини, Тошкент шаҳар, Шароф Рашидов кўчаси, 16-уй манзилида «World work хусусий бандлик агентлиги» масъулияти чекланган жамиятини, 2017 йил 6 март куни «GLOBAL WORK RESOURCES» масъулияти чекланган жамиятини, 2018 йил 25 январь куни эса, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 56-уй манзилида «PROFELITE IMP хусусий бандлик агентлиги» масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилишади.
Қолаверса, юртимизнинг турли ҳудудларида ана шу жамиятларнинг ваколатхоналарини очиб, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали реклама ва эълонлар беришади. Шундан сўнг кўпгина ҳамюртларимиз пойтахтдаги бош офислар ва вилоятлардаги ваколатхоналарга мурожаат қила бошлайди. Натижада «бандликка кўмаклашувчи»лар фуқароларга Корея Республикаси, Польша ва бошқа давлатларга ишга юборишни айтиб, қуюқ ваъдалар беришади.
— Сизни Кореяга ишга жўнатишимиз мумкин. Ойлик маоши ҳам анча юқори. Фақат бошланғич бадал ва ҳужжатларни расмийлаштириш харажатларини олдиндан тўлашингиз керак, — дейишади улар дастлаб мурожаат қилган андижонлик Мансуржон Умаровга.
Бинобарин, М. Умаров тез орада 3 000 АҚШ доллари ва 20 000 000 сўм миқдоридаги маблағни уларнинг қўлига тутқазади. Шу тариқа хорижда ишлашни орзу қилганлар сафи кенгайиб бораверади.
Буни қарангки, уччала «ҳожатбарор» ҳар бир мурожаатчининг ишончига кириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштириш ва хизмат кўрсатиш юзасидан хорижий давлат корхоналари билан тузилган сохта шартномаларни кўрсатишади. Амалда эса, бирор-бир фуқарони ишга жўнатмай, турли важ-карсонлар билан вақтни чўзиб юраверишади. Фирибгарларнинг асл мақсадидан бехабар фуқаролар мурожаат қилишдан тўхтамайди. Фирибгарлар сохта ваъдалари янада ишонарли чиқиши учун 2019 йил 12 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан берилган 0053-сонли лицензияни, шунингдек, 2019 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган Англашув меморандумини кўрсатишади. Ҳатто ўз қилмишларини фақатгина Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигигагина тааллуқли бўлган «Е9» визаси билан ҳам хаспўшлашади.
Яъни ана шу виза асосида хорижга ишга юборишни айтиб, жабрланувчиларни лақиллатишади.
Мана шу тариқа жиноятчилар 2016 йил апрель ойидан 2019 йилнинг сентябрига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 279 нафар фуқарони 805 058 АҚШ доллари (ҳукм эълон қилинган пайтда 1 АҚШ доллари 10 274 сўмга тенг бўлган), 3 миллиард 823 миллион 355 минг сўм ва 18 900 000 Корея вони (164 076 533 сўм), жами 12 миллиард 258 миллион 597 минг сўмга чув туширишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, навоийлик Жасурбек Ғаффоров бу фирибгарликдан энг кўп жабр кўрган фуқаролардан биридир. Тергов ва суд жараёнида маълум бўлишича, 2019 йил март ойи бошларида Жасурбек таниши В. Головочёв орқали «PROFELITE IMP XUSUSIY BANDLIK AGENTLIGI» масъулияти чекланган жамияти ҳақида эшитиб, пойтахтга келади.
— Хоҳласангиз, уч ой ичида Жанубий Кореяга ишга юборамиз, — дея фирибгарлар унинг ҳам қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради.
Ж. Ғоффоров эса, уларнинг алдовига лаққа ишонади. Шу боис, ўзи ва жияни Шерзод Ражабов номидан 100 000 000 сўмни фирибгарларга беради. Бироқ бояқиш йигитнинг Кореяда ишлаш орзуси ушалмай қолаверади. Ҳудудлар миқёсида таққослаганда эса, энг кўп жабрланувчи, яъни 71 киши Андижон вилоятидан эканлиги маълум бўлди. Аниқланишича, андижонлик жабрланувчилар 242 225 АҚШ доллари ва 574 миллион 400 минг сўмни фирибгарларга беришган экан. Лекин барча ҳудудлардаги жабрланувчиларнинг Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий ички ишлар органларига қилган мурожаати туфайли уччала фирибгарнинг қилмишлари фош этилди. Оқибатда уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, жиноят ишининг ота-бола Жонузоқовларга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилгани ва уларга нисбатан қидирув эълон қилингани боис, Маҳмуд Очиловнинг қилмишлари жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида кўриб чиқилди. Пировардида суднинг 2020 йил 14 сентябрдаги ҳукмига биноан, у Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан айбдор деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 8 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, суд ҳукмида жабрланувчиларга етказилган зарарни М. Очиловдан ундириш ҳам белгиланди. Бундан ташқари тергов жараёнида Тошкент шаҳар ИИББ депозит ҳисоб рақамига ўтказилган «PROFELITE IMP XUSUSIY BANDLIK AGENTLIGI» масъулияти чекланган жамиятининг 422 568 500 сўм маблағи, айбдор Жонузоқовларнинг яқини Х. Жонузоқова томонидан топширилган 9 400 000 сўм ҳамда Маҳмуд Очиловга тегишли, 90 миллион сўмга баҳоланган «Ласетти» автомашинасини сотишдан тушган маблағлар жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга қаратилди.
Албатта, кундалик ҳаётимизда бундай салбий ва аянчли ҳолатлар ҳали-ҳануз, оз бўлса-да, учраб турибди. Бинобарин, хорижда ишлаш истагида юрган ҳамюртларимизни фирибгарларнинг қилмишларидан огоҳлантириб қоламиз. Қолаверса, айни масалада ваколатли давлат идораларига мурожаат қилишларини малаҳат берамиз. Зеро, алданиб қолгач, қилинган пушаймондан фойда йўқ.
Бахтиёр АЛИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирғали тумани судининг раиси,
Ғофур АМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирғали тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш