ФАРҒОНАДА ТУЗИЛГАН ЗЎРАВОНЛАР “МАФИЯ”СИ ҚЎЛГА ОЛИНДИ

24 январь 2019

Фарғона шаҳрида безорилик жиноятларини содир этиб, жамиятда зўравонлик билан устун мавқега эга бўлиш мақсадида бир неча эпизодда жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш, ҳуқуқ-тартиботни ва фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
 
Бироқ, амалга оширилаётган ишларга қарамай, жамиятимизда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат тартибини менсимасдан зўравонлик, безорилик ва куч ишлатиш йўли билан “обрў”га эга бўлиш ниятида юрган шахслар ҳам учраб тургани ачинарлидир. Шу мақсадда бир гуруҳ шахслар ўзаро тил бириктириб, бир нечта ҳолатда безорилик жиноятларини содир этиши аҳоли ўртасида турли ваҳималарга сабаб бўлиши мумкин ва аҳолининг осойишта ҳаётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.
 
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Тошлоқ туман суди томонидан ана шундай “обрў”га эга бўлиш мақсадида Фарғона шаҳар ҳудудида аҳоли ўртасида турли ваҳима ва эътирозларга сабаб бўлган бир нечта безорилик жиноятларини содир этган бир гуруҳ шахсларга оид жиноят иши кўриб чиқилди.
 
Жиноят иши тафсилотларига кўра, ўзининг куч-қудратига ҳаддан ташқари ишонган Ином Исмаилов, Бекзод Мираҳмедов, Бунёд Мираҳмедов ва муқаддам безорилик жиноятини содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан жазо ўтаётган Ҳайитбой Аширалиевлар 2018 йил 9 апрель куни Бобур Исмаиловни Фарғона тумани ҳудудида жойлашган адирликка олиб бориб, ҳеч бир сабабсиз уни уриб-дўппослаб, ўртача оғир шикаст етказганлар. Бу ҳам етмагандек, уларни ажратмоқчи бўлган фуқаро З. Исроилов бошқарувидаги “Lacetti” русумли автомашина ойнасини ўзлари билан олиб борган темир занжир билан уриб синдириб, шикаст етказишган. 
 
Бундан ташқари, И. Исмаилов, Ҳ. Аширалиев бу сафар ўзларига спортнинг якка кураш тури билан шуғулланган Давронбек Мамажановни шерик қилиб, 2018 йил 24 апрель куни Фарғона шаҳар Обиҳаёт кўчасида жойлашган Т. Ғофуровга тегишли “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш” устахонасига келган. Шу жойда И. Исмаилов, Ҳ. Аширалиев, Д. Мамажанов устахонага келган фуқароларга ўз кучини кўрсатиб қўйиш учун ҳеч бир сабабсиз, автомашинасини таъмирлатиш учун келган фуқаро С. Янгибоевни уриб-дўппослаганлар. Шу устахонада ишловчи Д. Абдуллаев И. Исмаилов, Ҳ. Аширалиев ва Д. Мамажановларнинг ушбу безорилик ҳаракатини олдини олиш чорасини кўрмоқчи бўлганида уни ҳам дўппослашган. 
 
Бундан ташқари, И. Исмаилов, Бунёд Мираҳмедов, Бекзоджон Мираҳмедов, Ҳ. Аширалиев, Д. Мамажанов 2018 йил 24 апрель куни кеч соат соат 21:00 ларда Фарғона шаҳридаги “Назирали ота” чойхонаси ёнига келган. Шу ерда А. Отажонов уларга фуқаро Т. Ғофуровга қарашли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасида илгари бўлган жанжал бўйича келиштириб қўйиш ва келгуси жанжалларини олдини олиш юзасидан гапираётган пайтда уни ҳам ҳеч бир сабабсиз уриб дўппослайди.
 
Бундан ташқари, И. Исмаилов бу сафар Бунёд Мираҳмедов билан бирга пичоқ ва бошқа темир жисмлар билан қуролланиб, 2018 йил 24 июнь куни кеч соат 22 -00 ларда Фарғона шаҳар Юртпарвар кўчасидаги 10-уй олдидан юриб бораётган Н. Боймуротовдан автомашинага чиқишини талаб қилишган. Шу вақтда улар олдига келган фуқаро Ғ. Мухторовни ҳеч бир сабабсиз уриб, унга ҳам тан жароҳати етказилган.
 
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Тошлоқ тумани судининг ҳукми билан Ином Исмаилов, Бекзод Мираҳмедов, Бунёд Мираҳмедов, Ҳайитбой Аширалиев, Давронбек Мамажоновлар юқоридаги жиноятларни содир этишда айбли деб топилиб, уларга нисбатан турли муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
 
 
ЎзА

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: