20 май 2019
Фарғонада олдин ҳам фирибгарлик билан айбланган аёл яна жиноятга қўл урди.
“Гуруч курмаксиз” бўлмаганидек, орамизда фирибгар, ёлғонни ростга айлантирадиган устаси фаранглар ҳам учраб туради. Лекин… шу фирибгар аёл бўлса-чи? Азалдан улуғлаб келинган, жамият ва мамлакат келажаги учун масъул ҳисобланган Она бўлса-чи? Фарзандлари тарбиясига жавобгар, уларга ўрнак-ибрат бўлиши лозим бўлган зот бўлса-чи?
А. Мирзаева Наманган вилояти Чортоқ туманида яшайди. У аввал ҳам бир неча бор фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш жиноятини содир этган.
Тайинланган жазолар, кўрилган чоралардан у ўзига тегишли хулоса чиқариб олмади. “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, А. Мирзаева содда, ишонувчан одамларни алдаб, осонлик билан бойлик орттириш мақсадида яна жиноятга қўл урди.
А. Мирзаева 2017 йил 18 декабрь куни соат 11:00 ларда Фурқат тумани марказига келиб, фуқаро Ш. Турсунова (Жўраева) нинг ишончига кириб, унга 2 дона тилла занжирларни кўрсатиб, ушбу тилла тақинчоқлар эвазига пул бериб туришини, 10-15 кун ичида пулларини қайтариб олиб келиб беришини ва тилла тақинчоқларини қайтариб олишини айтиб, авраб-алдайди.
Ш. Турсунованинг ишончига кириб, унинг 100 АҚШ доллари ва 1 650 000 сўм пул маблағларини олиб, Ш. Турсуновага ўзи берган тилла занжирларни ўраб беришини айтиб, ушбу тилла занжирларни қайтариб олади. Шу аснода Ш. Турсунованинг чалғиганидан фойдаланиб, бу тилла занжирлар ўрнига ўзи томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган, салфеткага ўраб скотчланган, сариқ металлдан ясалган 2 дона браслет ва сариқ металлдан ясалган 1 дона занжирни Ш. Турсуновага беради.
Арзимаган нархдаги “зарларини” гаров сифатида топшираркан, қайтиб келгунига қадар очмасликни тайинлайди. Шундай қилиб, жабрланувчи Ш. Турсунованинг пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан ғойиб бўлади.
“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деб бежиз айтилмаган. Фирибгар аёлнинг ҳийла-найранглари узоққа бормади. У ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) билан айбланган А. Мирзаевага оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Гарчи уч нафар фарзанднинг онаси бўлса-да, суд А. Мирзаевага нисбатан, тегишли моддаларга асосан, жазо тайинлади.
Ҳа, жазо тайинланди, етказилган зарар қопланди, ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят иши якунланди. Лекин гап бунда эмас.
А. Мирзаева ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, тавба қилдими? Бу қинғир йўлдан бошқа юрмасликни кўзлаб, ўзига яраша хулоса чиқардими?
Гап ана шунда!
ЎзА
Фикр қолдириш