Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биносида судланувчи Г. Ҳ. га тегишли бўлган жиноят иши кўриб чиқилди. Г. Ҳ. 1977 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Икки боланинг онаси. Қарши педагогика коллежида ўқитувчилик қилган.
У фирибгарлик қилиш мақсадида таниши “Inginering-Stroy” МЧЖ директори Т. Л. ва жамият иш юритувчиси М. Г. га жамиятга чет эл инвесторларини жалб қилиш учун Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Темур Малик кўчасидаги Бўз-2 мавзесидан ер майдонини олиб беришни ваъда қилади.
Бунинг учун ўзининг юқори лавозимда ишловчи мансабдор танишларига 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора бериш кераклигини уқтиради.
2018 йилда 31 октябрь куни соат 21:00 ларда “Чилонзор” метро бекати ёнидаги “Корзинка” супермаркети автотураргоҳида Т. Л. ва М. Г. билан кўришади. Т. Л. га у олиб келган, пора предмети ҳисобланган, миқдори 247 106 100 сўм қийматга эга бўлган 30 минг АҚШ долларини санатиб, пулнинг тўлиқлигига ишонч ҳосил қилгач, уни олишга улгурмай, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан қўлга олинади.
Ишни кўриб чиқиш давомида Г. Халимованинг эълон қилинган айбловга қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаган ва судланмаганлиги, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, ёлғиз ўзи фарзандларини тарбиялаб келаётгани, ижобий тавсифномаларга эга эканлиги, иш бўйича моддий зарар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Суд тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келиб, Г. Ҳ. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасини қўллашни лозим топди. Шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Г. Ҳ. га берилган кафолат хати инобатга олинган холда, танланган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у суд залида қамоқдан озод қилинди.
ЎзА
Фикр қолдириш