ХИЁНАТ

Бу иллат турли кўринишда, жумладан, ўзгалар ҳақини ўзлаштиришда ҳам намоён бўлиши мумкин. Бунинг совуқ турқини ғиждувонликлар ҳам кўришди.

1972 йил ушбу туманда туғилган Ғайрат Қутлиев туман Орттирилган иммунитет тан­қислиги синдроми (ОИТС) лабораторияси мудири лавозимида, бор-йўғи, бир йил-у 10 ой фаолият кўрсатди, айни пайтда ўриндошлик асосида туман Тиббиёт бирлашмасига қа­рашли хўжалик ҳисобидаги лабораторияни ҳам бошқарди.

Биласиз, юртимизда бўлажак оналар, туғилажак болажонлар соғлиғи, бардамлиги ҳамиша эътиборда ва шу боис ҳомиладор аёллар фарзанд кўриш олдидан ОИТС муассасасига қон топшириш асносида лаборатория текширувидан ҳам ўтишади. Бу қои­дага кўра, пуллик хизмат тарзида амалга оширилади.

Иш бор жойда унинг оғири ҳам, енгили ҳам бор. Ютуқнинг калити эса, ҳалоллик, поклик, фидойилик, муросаю мадорага бориб тақалади. Бунда ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик, баҳамжиҳатликка не етсин. Бу алфоздаги меҳнат — жоннинг роҳати. Аммо ҳамиша ҳам шундай бў­лавермас экан. Хуллас, лаборатория ходимаси О. Ашурова билан мудир Ғ. Қутлиев ҳамда бош ҳамшира Ҳ. Ҳайдарова ўртасидан «ола мушук» ўтди, ўзаро келишмовчилик юз берди. Бунинг оқибати О. Ашурованинг ишдан кетиши билан тугади. У ишдан-ку кетди, аммо жим турмади. Ла­­боратория мудири ва бош ҳамширанинг куракда турмас «ўйин»лари хусусида юқо­ри идорага ариза битди. Арз беиз кетмади. Лаборатория мутасаддисининг 2019 йил март ойидан декабрь ойигача бўлган молиявий фаолияти аризага мувофиқ «ғалвир»га солинди, обдан тафтиш этилди. Таассуф, унинг якун­лари хунук тугади. Мудир қонун сўровига рўпара келди. Устидан жиноий иш қўзғатилди.

Хўш, ушбу лаборатория­да қандай қинғирликлар содир этилганди ўзи?

…Зикр қилинганидек, Ғ. Қутлиев уш­бу муассаса раҳбари вазифасида атиги 1 йил-у 10 ой фаолият юритди. Ҳа, оз иш­ла­ди. Аммо баён этилган муддатнинг сўнг­ги 9 ойи мобайнида у бош­қарган лабораторияга Ғиждувон туманига қарашли қишлоқ тиббиёт муассасаларидан келиб тушган 2 273 та, қўш­ни Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасидан келтирилган 2 962 та қон намуналари пуллик хизмат асносида тегишли тар­тибда текширилиб, таҳлил этилди. Би­роқ ажабланарли томони шун­­даки, кўрсатилган хизматлар эвазига бўлажак оналар томонидан лабораторияга тўланган маблағнинг каттагина қисми ғазнагача етиб бормади. Қандай қи­либ, дейсизми? Бу ёғи анча жўн. Ҳар икки тумандаги жами 5 235 на­фар фуқародан таҳлил ва текширув учун қон олингани ҳа­қидаги битиклар тегишли журналга қайд қилинди. Аммо бу ҳо­лат лабораторияда юритилган бош­­қа бир расмий ҳужжат — пул тушумларини қайд қилиш журналида бирон-бир тарзда аксини топмади. Бари аён. Лабораториядаги тегишли ҳужжатга қайд қи­лин­маган пуллар, ўз навбатида, бирлашма ғазнасига ҳам топширилмайди.

Уқтирилганидек, улар ўзга шахс томонидан ўз­лаштирилади.

Пировардида ўтказилган тафтиш ва тергов тадбирлари маблағ қай алфозда талон-торож этилганини рў­йи-рост кўрсатди. Маълум бў­ли­ши­ча, ҳомиладор аёллар томонидан тўланган пулларни белгиланган тартиб-қоидалар асосида бирлашма ғазнасига элтиб топшириш вазифаси лаборатрияда ҳамшира бўлиб ишловчи М. Ёвқочеванинг зиммасига юклатилган. Лекин у бу вазифани деярли бажарма­ган. Аниқроғи, ҳамшира гарданидаги юмушни лаборатория мутасаддиси истаган тарзда «қойиллатиб» адо эта олмагани учун ҳам бажарма­ган. Пул муомаласи билан боғлиқ юмушлар Ғ. Қутлиевнинг хоҳишига кўра, бош ҳамшира Ҳ. Ҳайдарованинг зиммасига юклатилган.

…Ўзбек атамачилигида муносиблик ва мутаносиблик аталмиш иборалар бор ва у бир-бирига ўхшаб кета­диган, мувофиқ келадиган ёки узвий давомийликни англатадиган ҳо­латларни ифодалайди. Буни назарда тутсак, маз­кур лабораториянинг иккита расмий ҳужжати «Қон намуналарини рўйхатга олиш» ҳамда «Қон текшируви учун тўланган нақд пулларни рўй­хатга олиш» китобларидан жой олган ёзувлар, қайд этилган номлар, ҳатто саналар ҳам шу алфозда бир-бирига тамомила мос ва ҳамоҳанг келмоғи даркор. Яъни қон намунасини топширган ва номи шу ҳақдаги махсус журналга қайд қилинган шахснинг исм-шарифи айни вақтнинг ўзида уни текшириш учун пул тў­лаш китобига ҳам ёзиб қўйилиши шарт. Ўтказилган назорат-тафтиш тадбирлари чоғи масаланинг бу жиҳатига ало­­ҳида эътибор қаратилди. Ҳар иккала китобдаги ёзувларнинг ўза­ро мувофиқлиги ва мутаносиблиги синчиклаб ўрганилди. Чувалган калаванинг учи айни шу жараёнда топилди. Исм-шари­фи қон топширувчи сифатида рўй­хатга олинган ғиждувонлик 2 273 нафар, шофирконлик 2 962 нафар бўлғуси онанинг номи ушбу тадбир учун пул тўлаганлар рўй­хатидан ҳарчанд изланса-да, топилмади. Лаборатория мутасаддилари ноилож қолишди.

Шунинг важидан мижозлар тарафидан пул тўланганлик ҳолатини инкор этишмади, уларнинг но­ми шу юзадан юритилган жур­налга атайлаб қайд этилмаганини очиқ тан олишди. Аслида, тўланган ва хатга тушмаган пуллар охир-оқибатда бир ки­ши — лаборатория мудири томонидан ўзлаштирилгани ана шу аснода аён бўл­ди. Тафтиш жараёнида қон таҳлили учун мижозлар тарафидан тўланган, ам­мо тегишли тартибда қайд қилинмаган ва ғазнагача етиб бормаган пулларнинг миқдори аниқ-тиниқ ҳи­соблаб чиқилди. Маълум бўлишича, ўиждувон тумани қишлоқ врачлик пункт­лари ва оилавий поликлиникалардан олиб келинган 2 273 та қон намунаси учун тўланган 37,2 миллион, Шофиркон тумани тиббиёт муассасаларидан келтирилган 2 962 та қон таҳлили учун нақд санаб олинган 49,1 миллион, жами 87,3 миллион сўм миқдоридаги пул мудирнинг «чап чўнтаги»ни безаган. У атиги иккита тумандан бор-йў­ғи 9 ойнинг нари-берисида келиб тушган ана шунча миқдор пулни ўз­лаштиришдан асло тап торт­мади.

Ҳар қандай жиноий қилмиш тўсатдан ёки ўз-ўзидан йўлга кўндаланг чиқмайди. Нияти бузуқларнинг аксарияти бун­­­дай қинғирликка ҳадисини олмай ту­­риб ундашмайди. Бу ҳолат Ғ. Қутлиев­нинг фаолиятида ҳам кузатилди. У ке­йинги давомли қилмишлари учун ду­­рустгина пиллапоя бўлган машъум қил­мишни хамир учидан патир қабилида 2019 йилнинг май ойида ўзгалар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда амалга оширди. Оқибатда М. Бақоева ва Г. Қуловаларнинг қон таҳлили сохталаштирилди. Лаборатория текширувлари улар қонида юқумли «Гепа­тит-Б» макруҳи (вирус) мавжудлигини кўрсатди. Би­­роқ бу ҳолат ўзгача тал­қин этилди. Му­дир ҳар иккала мижознинг қо­нида аниқланган хас­та­ликни шифо-муолажа чоралари баробарида эмас, балки оддийгина қоғоз қоралаш йўли билан йўқ­қа чиқарди. М. Бақоева ва Г. Қуловаларнинг қо­ни хавф­ли макруҳдан холи эканлиги ҳа­қида маълумотнома битди. Ушбу қилмиш оқибатида ана шу юқумли касаллик чор-атрофга тарқаб, ўзгалар ҳаёти ва соғ­лиғига рахна солишини ҳат­то хаёлига ҳам келтирмади. Оқи­батда бошқаларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий путур етди.

Таассуфки, Ғ. Қутлиев бурч ва мажбуриятларини сидқидилдан адо этиш йўлидан бормади. Эл ҳам, қонун ҳам сийлаганни сийлайди. Устомон мудир ўз қилмишларининг ажрини тортди. Қо­­нун ол­дида ўз қилмишларининг ҳисобини берди. Унинг қилмиши тергов органи томонидан Жиноят кодекснинг 167-моддаси 2-қисми «а», «б», «г» банд­лари, 209-мод­да­си 2-қисми «а» банди бў­йича ма­ла­каланди.

Хайрият, қилмишлари устидан ўтка­зил­­ган суд-тергов амаллари унинг сў­қир кўзини мошдай очди. Хатти-ҳаракатлари кў­­лами, асорати ва оқибатини яққол анг­лаб етди. Қонун ва қилмишидан азият­ чек­канлардан кечирим сўради, айбига тўла иқрорлик ва пушаймонлик билдирди. Ўз­ганинг ҳаққи бировга буюрмаган. Айбланувчи ушбу ҳаётий ҳақиқатни ҳам аниқ-равшан идрок этди ва тиббиёт бирлашмасига ўзи томонидан етказилган жа­ми 87,3 миллион сўм зарарни қоплади.

Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида қо­нунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги сингари тамо­йилларга суяниш зарурлиги алоҳида уқ­дирилган. Суд ана шу қоидага риоя этар экан, айбланувчи қилмишига тўла иқ­рорлик билдиргани, етказилган зарарни тўла қоп­лагани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни эътибордан четга сурмади. Иш­ни кў­риб чиқиш жа­раёнида оғирроқ жазони тақозо этувчи ҳолатлар аниқланмади. Бунинг устига судда фуқаровий даъвогар сифатида қатнашган Б. Қиёмов етказилган зарар бартараф қилингани боис, айбланувчига нисбатан даъво ва­жи қолмаганини билдирди. Суд ушбу ва­зият­да юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 37-бандини ҳам назарда тутди. Унда айбланувчига нисбатан енгилроқ жазо қўл­лаш имко­ния­ти юзага келганида, Жиноят кодексининг шу важга дахлдор 57-моддасини қўллаш лозимлиги баён этилган. Айни пайтда суд муҳокамасига сабаб бўлган жиноий ҳодиса шахснинг касбий фаолия­ти ва лавозими билан боғлиқ вазиятда содир этилгани ҳам назарда тутилди. Бундай ҳолатларда айбланувчини муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳақидаги масала ҳам муҳокамага киритилмоғи зарур.

Суд ана шулар ҳамда Жиноят кодексининг юқорида зикр қи­линган икки модда­си талабларига мувофиқ, айбланувчи Ғ. Қутлиевга нисбатан бир мунча енгил жазо чорасини қўллашни мақ­­­садга муво­фиқ, деб ҳи­соб­лади. У 2 йил муддатга ах­лоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қи­линди. Масаланинг ижтимоий хавф­лилик даражаси судланувчига нисбатан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ таъсир чорасини қўллашни ҳам тақозо этади. Суд ушбу муддатни 1 йил қи­либ белгилади.

Ўзини билган одам қинғир ишларга ҳеч қачон қўл урмайди. Номуносиб хулқ ва унга хос ҳа­ракат кишини, шубҳасиз, кўн­гилсиз воқеалар гирдобига элтади. Шундай экан, ножўя қилмишга қўл уриб, сўнгида пушаймон бўлгандан кў­ра, бу сингари хатарли йўл­лар, қинғирликларни четлаб юриш минг карра афзал эмасми? Ана шу янглиғ қалтис амаллардан ўзини асраган инсон албатта, ша­рафга етишади. Башарти, у бошқа­лар­ни ҳам эзгуликка, жирканч амаллардан тийилишга чорласа, бу чорлов эзгу амалларга етакласа — абадий шарафга муяссар бўлади. Инсон эканмиз, ушбу ҳикматли чорлов ва эзгу амаллар оғушида яшамоғимиз даркор.

Бобир  Умаров,

жиноят ишлари бўйича

Ғиждувон тумани судининг раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: