ХОТИНИНИ УРИБ ЎЛДИРГАН ФЕРМЕР 17 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

04 апрель 2019

Андижон вилояти Пахтаобод тумани Навниҳол маҳалласида яшовчи, “Кароматой ипакчи” фермер хўжалиги бошлиғи, 45 ёшли И. Т. кўплар ҳавас қилса арзийдиган оиланинг бошлиғи, икки фарзанднинг отаси. Юриши-туриши, меҳнати билан маҳалла аҳли ўртасида ўзига яраша ҳурмат-эътибор топган.

Бироқ… ичкилик деб аталмиш иллат бир неча дақиқа ичида уни ҳамма нарсадан маҳрум этиб, ҳаётини барбод қилди.
 
Ўша машъум кунда у кўчадан уйига бироз маст ҳолда келди, хотини М. Т. тайёрлаб қўйган ошни егиси келмай, яна ароқ ичди. Табиийки ичкилик ичган одам хотинига ёқмайди. Ўртада жанжал чиқади. Уйдаги кўплаб ишлар қолиб кетаётгани, спиртли ичимлик ичиш одатини ташлаши кераклигини айтиб, мастликдаги талабларини бажаришдан бош тортган И. Т. хотинининг бошига, танасининг турли жойларига қўлига тушган буюмлар – ароқнинг идиши, темир бўлаклари билан шавқатсизларча ура бошлади. Эрининг бу даражага боришини кутмаган М. Т. ҳушини йўқотади. 
 
Қайта-қайта берилган калтак, зарб оқибатида у вафот этди.
 
Ичкилик кишини ақл-ҳушидан, ҳар қандай инсоний фазилатлардан айро қилишига юқоридаги воқеа яққол мисолдир.
 
И. Т. қанчалик пушаймон бўлмасин, вақтни ортга қайтариб бўлмайди. 
 
Жиноятга эса жазо муқаррар. Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида судья И. Сотволдиев раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ўз хотинини шавфқатсизларча уриб ўлдирган И. Т. га нисбатан қонуний ҳукм ўқилди. Унга 17 йил қамоқ жазоси тайинланди.
 
Фарзандларини олий ўқув юртларида ўқитадиган, уйлантириб, уйли-жойли қиладиган айни бир пайтда ичкилик, ожизлик туфайли ўз жуфти ҳалолининг қотилига айланган, оиласини барбод қилган, фарзандларини армон, минг бир азобда қолдирган бу инсон ўз виждонига нима деб жавоб берар экан?
 
Бу мудҳиш воқеа барчага ибрат бўлиши керак.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: