Жиноят ишлари бўйича мурожаат этишда ҳужжатларга қўйиладиган талаблар
2-модда. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг вазифалари
Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг вазифалари жиноятларни тез ва тўла очишдан, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги учун айбдорларни фош этишдан ҳамда қонуннинг тўғри татбиқ этилишини таъминлашдан иборатдир.
Жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкамлашга, жиноятларнинг олдини олишга, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя этишга ёрдам қилмоғи лозим.
3-модда. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг вақт ва ҳудуд бўйича амал қилиши
Жиноят ишларини юритиш, жиноят содир этилган жойдан қатъий назар, башарти Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тузилган шартнома ва битимларида ўзгача қоидалар белгиланмаган бўлса, иш юзасидан суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси юритилаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади.
322-модда. Жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари
Жиноят ишини қўзғатиш учун:
1) шахсларнинг аризалари;
2) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар берган хабарлар;
3) оммавий ахборот воситалари берган хабарлар;
4) жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи маълумотлар ва изларни суриштирувчи, терговчи, прокурор, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг бевосита ўзи аниқлаши;
5) айбини бўйнига олиш ҳақидаги арз сабаб бўлади.
Жиноят белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлади.
323-модда. Жиноят ишини аноним хабарларга асосан қўзғатишга йўл қўйилмаслиги
Жиноят ҳақидаги имзосиз, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахс номидан ёзилган хат, ариза ёки бошқа аноним хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олмайди.
324-модда. Шахсларнинг аризалари
Шахсларнинг жиноят тўғрисидаги аризалари ёзма ёки оғзаки бўлиши мумкин. Ёзма ариза арз қилувчи шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим.
Оғзаки ариза баённомада қайд этилади. Баённомада арз қилувчи, унинг яшаш ва ишлаш жойи, шунингдек шахсий ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим. Башарти арз қилувчи ҳужжат кўрсата олмаса, унинг шахси тўғрисидаги маълумотларни бошқа йўллар билан текшириш чораси кўрилиши керак.
Арз қилувчи жиноят тўғрисида била туриб ёлғон хабар берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади ва бу хусусда баённомада қайд қилиниб, унинг имзоси билан тасдиқланади. Сўнгра баённомада жиноят содир этиш ҳолатлари хусусидаги маълумотлар арз қилувчи номидан, иложи борича сўзма-сўз акс эттирилади. Баённомани арз қилувчи ва аризани қабул қилган мансабдор шахс имзолайдилар.
Жиноят ишини қўзғатишга ушбу Кодекснинг 113-моддасида назарда тутилган айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз сабаб бўлса, била туриб ёлғон хабар берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилмаслигини мустасно этганда, унга шахсларнинг аризаларини қабул қилиш ва расмийлаштириш тўғрисидаги ушбу моддада назарда тутилган барча қоидалар тааллуқлидир.
325-модда. Жабрланувчининг шикоятига асосан жиноят иши қўзғатиш
Жиноят кодекси 105-моддасининг биринчи қисмида, 109-моддасида, 110-моддасининг биринчи қисмида, 111-моддасида, 118-моддасининг биринчи қисмида, 119-моддасининг биринчи қисмида, 121-моддасининг биринчи қисмида, 136-моддасида, 139-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 140-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 1411-моддасининг биринчи қисмида, 149-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб жабрланувчи берган шикоят аризаси асосидагина қўзғатилади. Жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, айбланувчига қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шарт.
Жиноят кодексининг 167, 170, 172, 173-моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилади.
326-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар берган хабарлар
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар жиноят тўғрисида берган хабарлар хизмат хати ёки тасдиқланган телефонограмма, телеграмма ёхуд радиограмма шаклида бўлиши лозим. Хабар юборувчи содир этилган жиноятга оид ҳолатларни тасдиқловчи ўз ихтиёридаги ҳужжатларни хабарга илова қилиб юбориши мумкин.
327-модда. Оммавий ахборот воситалари берган хабарлар
Муайян жиноят тўғрисида матбуот, радио ва телевидение, ҳужжатли кинофильмлардаги, шунингдек оммавий ахборот воситаларига йўлланган, лекин эълон қилинмаган хатлардаги хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади.
Жиноят тўғрисидаги хабарни эълон қилган ёки тегишли жойларга юборган оммавий ахборот воситалари, шунингдек бу хабар муаллифлари суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг талабига асосан ўз ихтиёрларида бўлган ҳужжатларни ва хабарни тасдиқловчи бошқа материалларни тақдим қилишлари шарт.