ШАХС ДАХЛСИЗЛИГИ — ҚОНУН МЕЗОНИ ЁКИ 8 ЙИЛДАН СЎНГ ЎЛИМИ ҚАЙД ЭТИЛГАН ШАХСНИНГ ҚИСМАТИ ХУСУСИДА

Маълумки, худди турар жой дахлсизлиги каби иш ва касб-ҳунар танлаш ҳам ҳар кимнинг ўз ҳуқуқидир. Шу бос, ҳамюртларимиз дунёнинг турли давлатларида ўз меҳнат фаолиятини амалга оширишига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди.

Мамлакатимизда бунинг учун барча ҳуқуқий асослар яратилган. Аммо қонуний йўл қо­либ, ноқонуний тарзда ўз­га юрт­ларга иш излаб кетиш оқибатида сарсону саргардонликни бошдан кечирган, ҳатто бундан-да аянчли қисматга гирифтор бўлганлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Мисол учун Бағдод туманида яшаган Саидазим Раҳмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2005 йилда Россия Федерациясига ишлаш учун кетади-ю, орадан йиллар ўтса ҳам, уйига қайтиб келмайди. Фақатгина оила аъзолари билан телефон ор­қали боғланиб, ҳол-аҳвол сў­рашиб туради, холос.

Бироқ нима сабабдандир 2012 йил апрель ойидан ке­йин С. Раҳмоновдан салкам бир йил мобайнида умуман да­рак бўл­майди. Натижада аёли, фарзандлари ва қа­рин­дош-уруғлари жиддий хавотирга тушади.

Шу боис, 2013 йил ўрталарида С. Раҳмоновнинг ўғли Миржалол Маҳмуджонов отасини қидириб, Россияга боради ва суриштирсаки, отаси 2012 йил 9 апрелда охирги ишлаган жо­йи — Сверд­ловск вилоятида йўл-транспорт ходисаси туфайли вафот этган экан.

Бу хусусда 2012 йил 4 майда шаҳар суд-тиббий экспертиза бўлимининг 125-сонли далолатномаси расмийлаштирилган. Қолаверса, мазкур ҳо­лат юзасидан 2012 йил 15 августда тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қа­бул қи­линган. Оқи­батда М. Маҳмуджонов ана шу ҳужжатлардан нусха олиб, ортига қайтади.

Шундан кейин орадан 7 йил вақт ўтади. Жорий йилга келиб, оилада мерос масаласи кў­тарилганда, Миржалол Маҳмуджонов отасининг ўлимини қайд этишни сўраб, Бағдод ту­ман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилади.

Оила кодексининг 225-моддасида ўлимни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қи­лиш ҳақи­даги ҳал қилув қарори, шу­нинг­дек, марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади, деб белгиланган.

ФҲДЁ бўлими томонидан М. Маҳмуджонов тақдим этган ҳужжатлар Саидазим Раҳмоновнинг ўлимини қайд этиш учун етарли эмас деб топилади. Яъ­­ни ФҲДЁ бўлими Мир­жалолнинг аризасини рад этиб, судга мурожаат қи­лиш ҳуқу­қини тушунтиради.

Шундан сўнг М. Маҳмуджонов Бағдод туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, айни масалада амалий ёр­дам кўр­сатишни сў­райди. Албатта, туман адлия бўлими томонидан ушбу мурожаат ўрганиб чи­қилгач, унинг манфаатини кўз­лаб Бағ­дод туман маъмурий судига шикоят аризаси киритилади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ко­декс­нинг 27-моддасида нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фу­­қаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўй­хатга олиш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши қайд этилган.

Суд ана шу қонуний асосларга таянган ҳолда, Бағдод туман ФҲДЁ бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳа­ра­катини ғайриқонуний деб топди. Бў­лим зиммасига Саид­азим Раҳмоновнинг 2012 йил 9 апрель куни Россия Федерацияси Свердловск ви­лоя­тида вафот этганини рўй­хатга олиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Тўғри, шу тариқа суд томонидан фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди.

Аммо юз берган воқеа барчамизни жиддий фикр-мулоҳаза юритишга ундайди.

Доно халқимизда «Узоқнинг буғдойидан — яқиннинг сомони афзал» деган пурҳикмат ибора бор. Яъни мамлакатимизда ишлайман, имкониятларимни юзага чиқараман, деган киши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Бошқача айтганда, пул топиш учун хорижга бориш шарт эмас. Масалан, «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури асосида оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мумкин.

Ҳеч йўқса, ҳар бир фуқаро ўз хонадонида томорқасидан унумли фойдаланиб, ўзга юрт­да бир йилда топадиган пулини 3-4 ойда — бир экин мавсумида топса бўлади-ку.

Кундалик ҳаётимизда, ён-атрофимизда, ўз маҳалламизда ҳам 1-2 сотихлик иссиқхонасида меҳнат қилиб, машина олаётган, тўй қилаётган, яшаш шароитларини ҳамма ҳавас қилгудек даражага етказаётган юртдошларимиз оз эмас.

Бунинг учун ҳар бир туманда «Томорқа хизмат» масъ­у­лия­ти чекланган жамиятлари ташкил этилган. Улар аҳоли хонадонларига уруғлик, кўчат, кимёвий воситалар ва минерал ўғит сингари бошқа зарур ашёларни етказиб бериб, яқиндан кўмаклашади. Ҳатто томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сотиб ҳам олади.

Ёки Миржалол Маҳмуджоновнинг ҳаракатини олайлик. Яъни у 2013 йилда Россиядан отасининг вафотига оид ҳужжатларни олиб келган бўл­са-да, қачонки оилада мерос ма­са­ласи кўтарилгандагина унинг ўлимини қайд этишни сўраб, Бағдод туман ФҲДЁ бў­­лимига мурожаат қилганини қандай тушуниш мумкин?

Шундай экан, баён этилган воқеа кўпчиликка сабоқ бўлади, деган умиддамиз.

Аброржон ОМОНОВ,

Бағдод тумани

маъмурий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: