ЭСКИ ТАНИШНИНГ ҲИЙЛАСИ ЁКИ ОҚИБАТСИЗЛИК ЗАМИРИДАГИ ТАМАГИРЛИК
Шарифжон (исм-шарифлар ўзгартирилди) мутахассислиги бўйича туппа-тузук фаолият юритиб келаётганди. Фақат уйланиб, кунлик харажатлар кўпайгач, 0,25 иш ҳажмида олаётган маоши камлик қилди. Раҳбарларга иш ҳажмини кўпайтиришни сўраб, қилган мурожаати ҳам фойда бермади. Чунки бошқа ҳамкасбларининг иш ҳажмини қисқартириб, Шарифжонга қўшиб беришнинг иложи йўқ эди.
Хуллас, Ш. Мамасолиев ўйлай-ўйлай бошқа ишнинг бошини тутишга қарор қилди. Узлуксиз ўн йил ишлаган муассасадан ўз хоҳиши билан ишдан бўшади. Ўшанда 2016 йилнинг март ойи эди.
Аммо бошқа жойда ҳам унинг омади юришмади. Шунинг учун орадан уч йил ўтиб, аниқроғи, ўтган йилнинг мартида у яна туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ҳузурига иш сўраб келди. Оқтош шаҳар оилавий поликлиникасида флюрография ренгент лаборанти вазифасида 0,25 штат бирлигида ўн йил ишлагани, ойлик маоши камлиги сабаб ишдан бўшаб кетганини айтди. Аввалги иш жойига бир штат бирлигида ишга жойлаштиришни илтимос қилди.
Ўз навбатида, бош шифокор тиббиёт бирлашмаси бош иқтисодчиси Ҳусниддин Пўлатовни ҳузурига чақирди-да, унга бир ставка флюрография ренгент лаборанти штатини очиш чорасини кўришни ва бу иш Ш. Мамасолиевга берилишини айтди. Шундан сўнг Ҳ. Пўлатов Шарифжоннинг аризасини олиб қолди ва хабар олиб туришни тайинлади.
Қисқаси, шундан сўнг Шарифжон апрель ойида Ҳ. Пўлатовга учрашди. Май ойида яна келди. Лекин бирон-бир тайинли жавоб ололмади. Шу боис, у яна бош шифокор қабулига кирди. Бош шифокор штат бирлигини ҳалигача очмагани учун Ҳ. Пўлатовни чақириб, роса койиди. Бошлиқнинг ҳузуридан чиққач, Ҳ. Пўлатов Шарифжонга «Бироз сабр қилиб туринг, июнь ойида иш аниқ бўлади», деб ваъда берди.
Бу дунёда кутишдан қийин иш бўлмаса керак. Шарифжон ишга жойлашиш умидида кун санай бошлади. Ниҳоят, июнь ойининг бошида ваъда қилинганидек, у тиббиёт бирлашмаси бош иқтисодчисининг олдига борди. Аммо бу сафар ҳам бош иқтисодчи кутиб туринг, дейишдан нарига ўтмади. Орадан икки ҳафта ўтгач, у яна тиббиёт бирлашмасига борганида, тасодифан эски таниши Р. Муродуллаевани учратиб қолади. Рухсора Муродуллаева тиббиёт бирлашмасида оддий иқтисодчи вазифасида ишларди. У Шарифжонни, Шарифжон эса, уни яхши танирди.
Қисқаси, ўша куни Шарифжон Рухсорага дардини айтиб, ёрдам беришни илтимос қилди.
— Сенга ёрдам бераман, — деди Р. Муродуллаева. — Иш ҳал бўлгач, ўзим телефон қилиб чақираман.
Буни қарангки, ҳақиқатан ҳам, орадан кўп ўтмай Рухсора Шарифжонга қўнғироқ қилди ва зудлик билан етиб келишини айтди.
— Ишни Самарқанддан ҳал қилиб келдим, — деди у Шарифжонга. — Сени бир штат бирлигида флюрография ренгент лаборанти вазифасига тайинлаш ҳақида буйруқ ҳам чиқартирдим. Энди менга 400 АҚШ доллари беришинг керак.
Буни эшитиб, Шарифжон бирдан ўйланиб қолди. Сўнг Р. Муродалиевага кўп пул сўраётгани, 200 АҚШ доллари беришгагина қурби етишини айтди.
Буни эшитиб, Р. Муродуллаева кутилмаганда асабийлашиб кетгандек бўлди, вилоят марказида ўтирганларга штат очиш учун бошқа ходимларнинг пулидан харажат қилгани, энди шунинг ўрнини тўлдириш лозимлигини тушунтирди. Хуллас, у «400 АҚШ доллари олиб келасан», дея шарт қўйди.
Эртаси куни Ш. Мамасолиев яна Рухсорага учрашди. Айтган миқдордаги пулни тополмаётгани, 200 АҚШ долларига рози бўлишни илтимос қилди.
— Сен нега гапга тушунмайсан?! — деди Р. Муродуллаева жаҳл билан. — Агар 400 АҚШ доллари бермасанг, ишнинг ярмини бошқа бировга бериб, ундан пулини олишга тўғри келади. Сен эса, ярим штатда ишлайсан.
Буни эшитиб, Ш. Мамасолиев оғир аҳволга тушиб қолди.
Аммо қизиқ томони шундаки, 1 июль куни уни тиббиёт бирлашмаси ходимлар бўлимига чақириб, шу кундан эътиборан бирлашмага қарашли кўп тармоқли поликлиниканинг флюраграфия ренгент лаборанти вазифасига бир штат бирлигида ишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқ билан таништиришганди. Лекин Рухсора Муродуллаева унга бошқа талабни қўйиб турибди. Бундай вазиятда нима қилиш керак?
Икки ўт орасида қолган Шарифжон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишга қарор қилди. Унинг аризасига кўра, 2019 йилнинг 7 сентябрь куни тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида Р. Муродуллаева Ш. Мамасолиевнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уни тиббиёт бирлашмасига бир штат бирлигида ишга қабул қилинишида ёрдам бергани тўғрисида алдаб, фирибгарлик йўли билан 400 АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Р. Муродуллаеванинг хизмат вазифасига штат очиш, бирон-бир ходимни ишга қабул қилиш кирмайди. У бирлашма бош иқтисодчиси Ҳ. Пўлатовнинг назорати остида иқтисодий ҳисоботларни юритиш, тайёрланишига ёрдам бериш сингари вазифаларнигина бажаради. Демак, у Ш. Мамасолиевни қонуний тартибда ишга жойлашганини билган ва бундан ўз манфаатига фойдаланишни кўзлаган.
Аслида, уни ана шу ғаразли нияти бадном қилди.
Суд судланувчи Р. Муродуллаеванинг қилмиши дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб топди. Бироқ унинг фирибгарлик жинояти содир этганликдаги ҳаракати тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиниб, хатоликка йўл қўйилган деб ҳисоблади. Чунки Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 7-бандида «Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади» деган раҳбарий тушунтириш берилган.
Иш ҳолати ва суд мажлисида аниқланишича, Р. Муродуллаева воқеа куни Ш. Мамасолиевдан 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан воқеа жойида ушланган. Бундай ҳолатда у жабрланувчи Ш. Мамасолиевдан олган 400 АҚШ долларидан фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлмаган.
Жиноят кодексининг 25-моддаси 2-қисмида эса, «Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади» дея қайд этилган.
Суд юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, Р. Муродуллаеванинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмидан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисмига қайта малакалади.
Суд Р. Муродуллаевани Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топди. Судланувчига нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жарима жазоси тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган асосий ва қўшимча жазоларни қисман қўшиш йўли билан икки йилга корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида — 15 миллион 610 минг сўм жарима жазоси тайинлади ва давлат фойдасига ундирди.
Мушоҳада қилиб қараганда, ҳар қандай жиноий қилмишнинг келиб чиқишига меҳрсизлик, оқибатсизлик, нафс балоси сабаб бўлишини англаш қийин эмас. Юқорида гувоҳи бўлганимиздек, фирибгарлик ва тамагирликдан иборат бу қилмиш замирида ҳам ҳар бир инсон учун азиз ва қадрли саналган меҳр, оқибат ва ҳалолликдан чекиниш жиноий қилмишнинг содир этилишига йўл очган. Жиноят эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
Илҳом ҚОРАБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Нарпай туман судининг раиси
Фикр қолдириш