10 апрель 2019
Бугунги кунда дунёда қанча давлат, миллат бўлса, уларнинг бир-бирига ўхшамайдиган ўзига хос жиҳатлари бор, албатта. Шу маънода халқимиз азал-азалдан бир-бирининг қувончига шерик бўлиш, мусибатидан қайғуриш, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби олижаноб фазилатларни юксак қадрлаб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мамалакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ҳамда демократлаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, амалиётга ярашув институтининг жорий этилиши натижасида кўплаб фуқаролар «қамалган», деган тамғадан халос бўлди, фуқаролар манфаати ишончли ҳамда самарали ҳимоя қилиниши таъминланди.
Собиқ шўро даврида, айтайлик, автоулов ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, йўловчига тан жароҳати етказса, гарчи у қилмишидан пушаймон бў¬либ, жабрланувчига етарлича ёрдам кўрсатган тақдирда ҳам, жиноий жавобгарликка тортиларди. Бундан унинг оиласи ҳам азият чекар ва бу кўнгилсиз ҳодиса фарзандлари тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатарди.
Ярашув институтининг афзаллиги яна шундаки, биринчидан, жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўлиқ қопланиши таъминланади. Яъни унинг манфаатлари устувор саналади.
Иккинчидан, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун судланмаган ҳисобланади. Учинчидан, айбдорни кечириш орқали жазоланмасдан тарбияланади.
Ярашув жамиятда судланганлик ҳолатини камайтирибгина қолмай, унинг узоқ давом этадиган, ҳатто авлодлар тақдирига ҳам таъсир ўтказадиган оқибатларини бартараф қилиш имконини берди.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи Аҳрор Умаралиев ҳеч бир сабабсиз А.Комилжоновни уриб, унга тан жароҳати етказган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, А.Комилжонов енгил тан жароҳати олган. Суд мажлисида жабрланувчи А.Комилжонов гумонланувчи А.Умаралиев билан ярашганлиги ҳақидаги ариза билан мурожаат этиб, гумонланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ярашув ихтиёрий равишда бўлганини кўрсатиб ўтди. Суд жабрланувчининг ярашганлиги ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, А.Умаралиевга оид жиноят ишини тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатди.
Раҳимжон Мўминов ҳам ярашув институти нечоғлик инсонпарвар эканлигини ўз ҳаёти мисолида кўрди. Сабаби, у «Паркент» бозорида фуқаро К.Олимжоновнинг ишончига кириб, 6000 АЈШ доллари эвазига 14 дона эшик ясаб беришини ваъда қилган. Бироқ у ваъдасида турмай пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Дастлабки тергов органи томонидан у айбланувчи сифатида жиноят ишига жалб қилинган. Суд мажлисида жабрланувчи К.Олимжонов судланувчи унга нисбатан етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани ва у билан ярашганлиги ҳақида ариза билан мурожаат этди. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, ярашув ихтиёрий равишда бўлганлигини кўрсатиб ўтди. Суд ажримига кўра, жиноят иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилди.
Яна бир мисол. Яшнобод туманида яшовчи Р. Маншурматов «СПАРК» русумли автомашинасида пиёда Ф.Тошевани уриб юбориб, тан жароҳати етказган. Дастлабки терговда гумонланувчи Р.Маншурматов ва жабрланувчи Ф.Тошева ариза билан мурожаат қилиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўраган.
Суд жабрланувчи ва гумонланувчининг аризаларини ўрганиб чиқди. Тарафлар ярашганликлари муносабати билан Р.Маншурматовга оид жиноят ишини унинг айблилик ҳақидаги масалани ҳал қилмасдан ҳаракатдан тугатди.
Мухтасар айтганда, судлар томонидан ҳозирда ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир.
Баҳриддин ИКРОМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар Яшнобод
тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш