ЁДИ ҲАМ КЎНГИЛНИ ЁРУҒ ҚИЛАДИ

Қисқагина умри давомида адолат ва қонунийлик йўлида самарали меҳнат қилган, ҳалол судья сифатида ном қозонган фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судининг судьяси Туребеков Тимур Мырзалиевич 2018 йил 23 март куни 40 ёшида вафот этди.

Бевақт ўлим ўз умрини адолат ва қонун устуворлиги йўлидаги хизматга бағишланган ёш ҳуқуқшунос олим ва судья, маъсулиятли, ташаббускор ва жонкуяр ходим, самимий дўст, қалби пок ва ҳалол, яхши инсонни орамиздан олиб кетди.

Зиёли оилада тарбияланган Тимур Туребеков ўз умрини эзгу ишларга,  ватан ва халқ хизматига бағишлади. Умрининг охирига қадар ота-онаси, устозларининг ўгитларига, ўз виждон амрига қулоқ солиб яшади, ватанига, ўз касбига садоқат билан хизмат қилди.

Тимур Туребеков 1978 йил 1 январда Қорақалпоғистон Республикасининг Қораузак туманида туғилган. 1999 йилда Қорақалпоқ давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини тугатиб, Тошкент давлат юридик институтида аспирантурада таҳсил олди. 2013 йилга қадар ўн йилдан ортиқ муддат давомида фидойилик билан ўқитувчилик қилди, талабаларга таълим берди.

Ушбу даврда Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедрасининг ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, доцент вазифасини бажарувчиси бўлиб ишлади, ёш ҳуқуқшуносларга соҳа сир-асрорларини ўргатди, устозлик қилди.

Ёш олим ўзининг узоқ йиллик илмий фаолиятида эгаллаган билим ва кўникмаларини, тажрибасини адолат ва қонунийликни таъминлашда қўллаш учун меҳнат фаолиятини амалиётда давом эттириб, 2015 йилдан вафотига қадар фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судинингсудьяси вазифасида ишлади.

Тимур Туребеков қаерда ва қандай вазифада бўлмасин, ҳар доим ўз зиммасидаги масъулиятга жавобгарлик билан виждонан ёндашди, фидойилик билан хизмат қилди.

Устоз сифатида таълим бериш жараёнида ҳар бир ўтиладиган дарсга бу ватаннинг, ёш авлоднинг келажаги масаласи, деган туйғу билан қаради. Судьялик фаолиятида ҳар бир қабул қиладиган қарорига инсон ва халқ тақдири, одиллик ва қонунийлик йўлида инсонлар ишончини шакллантириш борасидаги муҳим жараён сифатида ёндашди, ўз қасамёдига содиқ қолди.

Шахс сифатида, дўст сифатида, фарзанд ва ота сифатида Тимур Туребеков ўз хулқи билан барчага ўрнак эди, барчага бирдек меҳрибон, самимий, дилкаш ва очиқкўнгил, хушмуомала, ташкилотчи ва ташаббускор, эслаганда фақат ижобий фазилатлари билан хотирланадиган Инсон эди.

Ҳақ ишни халқ қўллар, ҳақиқатнинг юзи-ёруғ, қўли узун бўлади, дейишади. Тимур Туребековнинг қисқа, лекин мазмунли ва самарали меҳнатга бой умридаги хайрли ишларини ҳар доим шогирдлари, дўстлари, ҳамкасблари, устозлари ва раҳбарлари қўллаб келди.

Марҳум ёш олимнинг, адолатли судьянинг халқ олдида, унга тарбия берган, ишонган инсонлар олдида номи пок, хотираси муқаддас.

Тимур Туребековнинг ёрқин хотираси унинг шогирдлари, ҳамкасблари, дўстлари ва яқинлари, адолатли судьяни яқиндан билган барча инсонларнинг қалбида абадий қолади.

Шерзод Ражабов 
Фуқаролик ишлари бўйича
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек
туманлараро суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: