ЁШЛАР НЕГА ЎҒРИЛИККА ҚЎЛ УРДИ?

01 март 2019

Таҳлилларга кўра, аксарият жиноятлар уюшмаган, ишсиз ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Фарғона вилоятида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан улар томонидан турли жиноятлар содир этиш ҳолатлари учраб турибди. 
 
Бешариқ туманида яшовчи Д. Маҳмудалиев, В. Раҳимов ва Т. Иномовлар ёшликнинг гаштини сурадиган пайтда тўғри йўлдан адашди. Уларнинг пешонасига “ўғри” деган тамға босилди. Бу ёшлар шахсий қарзларини қайтариш учун ўзгаларнинг мулкига кўз олайтирди. Тузилган жиноий режага асосан Д. Маҳмудалиев жиноий шериклари В. Раҳимов ва Т. Иномовлар билан Қипчоқ қишлоғида жойлашган А. Акбаралиевни яшаш уйида қора мол боқиб келишидан хабар топишади. 2019 йил 17 январь куни тунги соат 02 ларда унинг молхонасида бўлган баҳоси 2 миллион сўмлик бир бош новвосини ўғрилашади. Новвосни шу куннинг ўзида Поп тумани Ғурумсарой қишлоғидаги бозорда 1 миллион 680 минг сўмга сотиб, пулни ўзаро тақсимлаб олиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. 
 
Шунингдек, улар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, шу қишлоқда яшовчи Қ. Ҳайдаровнинг уйидан 2 бош қўйларни ўғрилаб, уларни 1 миллион 500 минг сўмга сотиб юбориб, пуларни бўлишиб олган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида уларнинг қилмишлари фош этилди. 
 
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг “Қуйи Зарқайнар” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, Д. Маҳмудалиев, В. Раҳимов ва Т. Иномовлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: