01 май 2019
Оиладаги муҳит ҳамда баъзи низолар ўз вақтида бартараф қилинмаса, у аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бағдод туманида рўй берган қотиллик жинояти ҳам шундай бўлди.
17 ёшга тўлган Нурулло Мамасидиқов синглиси билан онаси вафот этиб, етим қолганларидан сўнг отаси Саҳобиддин ака Зияев уч бора уйланса ҳам рўзғори тинч бўлавермагач, 2009 йилда Ф. Зияевага шаърий никоҳ билан уйланди. Нурулло оилага ёрдам бериш, рўзғорга барака киритиш мақсадида ишлаш учун Россия Федерациясига кетди. У ердан ора-орада келиб-кетиб юриб, 7 йил ишлаб қўйди. Ишлаб топиб, уйига юборган барча пуллари ўгай онасининг сақловида бўлди. Оиланинг мустаҳкамлигини янада пишиқлаб қўйиш мақсадида бўлса керак, эр-хотин С. Зияев ва Ф. Зияевалар расман никоҳдан ўтиб олишди.
Нурулло қишлоққа қайтиб келган кезлари қассобчилик билан шуғулланарди. Ичмайдиган, чекмайдиган бу йигитни ҳамма ҳурмат қиларди. 2017 йил август ойида Нурулло уйланди-ю, Россияга бориб ишлашни буткул бас қилди. Бундан буёғига тинчгина қассобчилик касби билан шуғулланишни бошлаб юборди. Аммо отаси Саҳобиддин ака ўғли Нуруллонинг Россияда ишлаб топган ва ўгай онасининг сақловида бўлган пуллари борлигидан хабар топгач, оилада ўзаро келишмовчилик, жанжаллар бошланди. 2018 йил февраль ойида Ф. Зияева отасининг уйига аразлаб кетиб қолди. Эр-хотиннинг жанжалларига маҳалла-кўй аралашди, иккала томонни ярашувга чақиришди. Аммо ғишт қолипдан кўчгандек эди.
Шундай кунларни бирида кутилмаганда Ф. Зияева фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, эри билан яшаб келган умумий мулк ҳисобланган уйни асл ҳолича бўлиб беришни талаб қилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан унинг даъво талаби қаноатлантирилиб, уй-жой иккига бўлиниб, хонадоннинг Нурулло Мамасидиқов оиласи билан яшаб келаётган қисми Ф. Зияевага берилиши белгиланди.
Ушбу воқеадан сўнг оиладаги келишмовчиликлар янада таранглашди. Бу орада ўгай она касал бўлиб қолиб, шифохонага тушиб қолди ва операция бўлиб, отасини уйига қайтиб келди. Отасини уйидаги ўзаро маслаҳатдан сўнг Ф. Зияева эрининг уйига бориб яшаш истагини билдирди. Табиийки, у уйига қайтиб келгач, жанжал янада кучайиб, ниҳоят ўгай она ҳовлидаги битта хонага киритилди. С. Зияев энди хотини билан ярашиш ҳаракатига тушиб қолди.
Ўгай онаси билан отасини ярашишига ўғил Нурулло ҳам тарафдор бўла бошлади. Чунки ўгай она тинимсиз Нурулло Россияда ишлаб топган пуллари эвазига қуриб битказилган, хотини ва бир нафар фарзанди билан яшаётган уйни айнан беришларини талаб қилаётганди-да. Бундай талаб биринчи галда Нуруллога ёқмаётган бўлсада, муросаи-мадора қилиш истагида ўгай онасидан отасига қўшилиб ҳовлидаги уйларнинг эски қурилган тарафини олишини сўраб, илтимос қилишлар бошланди. Ниҳоят бу ишга маҳалла фаоллари ҳам аралашди. Маҳалла оқсоқоли бошчилигида бу хонадонга ташриф буюрганлар бир овоздан ўгай она Ф. Зияевадан ҳовлидаги эски қурилган уйларни олишини, бунга рози бўлиши лозимлигини сўрашди. Аммо ўгай она фақат Нурулло оиласи билан яшаётган янги қурилган қисмини олишини билдириб, қайсарлик қилиб туриб олди. Нурулло ҳам отаси билан биргаликда уйнинг эски қурилган қисмини беришга рози эканликларини билдиришди. Ф. Зияева охири бу масалада адвокати билан маслаҳатлашиб олиши лозимлигини билдириб, фаолларни ҳовлидан чиқариб юборди. Эртаси куни яна ҳовлига кириб келган фаолларга қарата у фақат уйларнинг янги қурилган қисмини олиши мумкинлигини, эски қисми керак эмаслигини билдириб, охирги сўзини айтди-қўйди.
Машъум воқеа рўй берган куни Нурулло уйда ўгай онаси билан қолганди.
Чет элда қийинчилик билан топган пуллари эвазига қурилган уйини ўгай онасига ўтиб кетаётгани унга алам қиларди. Ўз сўзида қатъий туриб олган ўгай онасининг эса даҳанаки гап талашиш пайтида айтган гаплари уни янада жунбушга келтирди. Нурулло қўлига ўткир пичоқни олдида ўгай онасини тана қисмларига ўта шафқатсизларча уриб, унинг қотилига айланди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ўгай онасини ўлдирган судланувчи Нурулло Мамасидиқовнинг жиноий иши кўриб чиқилди ва у 17 йил озодликдан маҳрум этиш билан жазоланди.
ЎзА
Фикр қолдириш