ЎЗБЕКИСТОН СУДЬЯЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИНИНГ VI СЪЕЗДИ
2022 йил 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг VI съезди бўлиб ўтди. Анжуманда республикамиз судлари раислари ва судьялари орасидан сайланган 200 нафардан зиёд делегат иштирок этди.
Съезднинг тантанали очилишида иштирок этган Олий мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов, Конституциявий суди раиси М. Абдусаломов, Олий суд раиси Б. Исламов ва Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров делегатларни муҳим воқелик – Судьялар ассоциациясининг 25 йиллиги билан самимий табрикладилар.
Шундан сўнг Ассоциациянинг беш йиллик фаолияти юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
Таъкидланганидек, 1997 йилда ташкил этилган Ўзбекистон судьялари ассоциацияси судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда муҳим ўринга эга. Ўтган давр давомида ассоциация суд ҳокимиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўша оладиган мустақил жамоат ташкилоти сифатида шаклланди.
Тадбирда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида Президентимиз ташаббуси билан тарихий ислоҳотларни амалга оширишда, одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлашда, малакали судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда, умуман айтганда, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда ўз сафида мингдан ортиқ аъзони жамлаган Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг ҳам муносиб ўрни борлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозимлиги, ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши кераклиги, судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланиши, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилиши ҳамда суд тизимидаги ислоҳотлар давом эттирилиши борасида белгилаб берилган вазифалари судьялар ҳамжамияти учун дастуриламал бўлишлиги таъкидланди.
Шу ўринда съезд делегатлари томонидан Ассоциация судьяларни “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, судьяларни ватанпарвар, адолатни чуқур ҳис этадиган ва унга ўз фаолиятида доимо қатъий амал қиладиган руҳда тарбиялаш, уларнинг билими ва касбий маҳоратини мунтазам равишда ошириб боришни ташкиллаштириш, судьялар ҳамжамияти органларининг суд тизимини такомиллаштириш борасидаги ҳаракатларини янада уйғунлаштириш ва ягона мақсадга йўналтириш ҳамда аҳоли ўртасида суд ҳокимиятининг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш каби таклифлар билдирилди.
Шунингдек анжуманда Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг 2017-2022 йиллардаги фаолиятига оид ҳисоботи тингланди. Ассоциациянинг 2017-2022 йиллардаги молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳисобот ҳам иштирокчилар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳисоботлар юзасидан музокаралар поёнига етгач, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўриб чиқилиб, кўпчилик овоз билан Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси Уставига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши белгиланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси ва Марказий кенгаш аъзолари ҳамда Тафтиш комиссиясига номзодлар ҳам овозга қўйилди.
Шу тариқа Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раислигига кўп йиллар давомида шу лавозимда фаолият юритиб келаётган Убайдулла Мингбоев номзоди маъқулланди.
16 нафар делегат эса Марказий кенгаш аъзоси этиб сайланган бўлса, 3 нафар номзод Тафтиш комиссияси аъзоси этиб белгиланди.
Шунингдек тадбирда Судьялар ассоциациясининг жойлардаги филиалларининг 5 нафар раисига ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилиб, бир неча судья ва суд фахрийлари “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг келгуси режалари белгилаб олингач, съезд ўз ишини якунлади.
Фикр қолдириш