07 март 2019
Наманган шаҳрида яшовчи О. Абдураҳимов муқаддам фирибгарлик, пора беришга суиқасд қилиш жиноятини содир этиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан.
Аммо у ўз қилмишларидан тегишли хулоса чиқармасдан фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Наманган шаҳрида жойлашган ҳарбий либослар дўконидан сотиб олган ҳарбий либосини кийиб, ўзини гўёки ДХХ ходими сифатида кўрсатиб, жиноят содир этган.
У қидирувда юрган шахсни ушлаш баҳонасида Қўқон шаҳрига келиб, Ш. Азизовада сотиладиган тилла тақинчоқлари борлигини билиб, онаси учун сотиб олмоқчи бўлганини айтади. Шу аснода аёлнинг ишончига кириб, жами баҳоси 16 000 000 сўмлик мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, О. Абдураҳимов ЖКнинг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди ва ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Э. Ҳакимов,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш