ЎҒИРЛИКНИ КАСБ ҚИЛГАН АЁЛ ИККИ ЙИЛ МОБАЙНИДА БЕШ МАРОТАБА СУДЛАНДИ

Мана, икки ойдирки, Тошкент вилоятида яшовчи Фахриддин Орифжонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Санобар Орифжонованинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Бу бежизга эмас, албатта. Негаки, бу оиланинг фарзанди — Сабоҳат Орифжонова жиноий қилмишларга қўл ургани туфайли озодликдан маҳрум этилгани уларнинг юзини шувит, қаддини дол қилиб қўйди.

С. Орифжоновага дастлаб ўғирлик жиноятини содир эт­гани учун унга нисбатан жиноят ишлари бў­йича Яшнобод туман судининг 2018 йил 13 июлдаги ҳукмига биноан, 11 ой 23 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланганди. Аслида, бу жазо ун­га қилмишидан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиши учун берилган бир имконият эди. Аммо С. Орифжонова бу бағрикенгликнинг қадрига етмади. Энг ачинарлиси, у 2018 йил 18 сентябрда фарзандли бўлгач, қўлида чақалоғи билан иккинчи маротаба ўғирликка қўл уради. Шу боис жи­ноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг 2019 йил 19 февралдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. Бироқ суд Жиноят кодексининг 533-моддаси 1-қисмидаги, озодликдан маҳрум этилган маҳкуманинг ёш боласи бўлса, у уч ёшга тўлгунга қадар ҳукм ижросини кечиктириши мумкинлиги ҳа­қи­даги қоидадан ке­либ чиқиб, Сабоҳатга тайинланган жазо 2021 йил 18 сентябрга қадар кечиктирилади. Агар С. Орифжонова со­дир этган жиноятининг оқи­бати ва моҳиятини теран анг­лаб етганда эди, қайта жиноятга қўл урмаган бўларди. Бироқ сў­қир кўзи очилмаган «қаҳра­мон»­имиз учинчи, тўртинчи маротаба ўғирлик кўчасига киради. Бунинг учун жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2019 йил 4 июлдаги ва жиноят иш­лари бў­йича Миробод туман судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳукмларига кўра, озодликдан маҳрум этилса-да, фарзанди 3 ёшга тўлмагани боис иккала сафар ҳам тайинланган жазо ижроси кечиктирилади.

Аммо ахлоқан тузалмаган бу аёлнинг ўрганган кўнгли 2019 йил 29 декабрдан 30 декабрга ўтар кечаси бешинчи маротаба ўртаниб қолади. Маълум бўлишича, Сабоҳат 2019 йил 10 декабрь куни Но­дир исмли таниши билан бир­га Юқори Чирчиқ тумани Йик-ота маҳалласи, Фидойилар кўчасида яшовчи Зарина Ҳожибоевадан ижарага уй сўраб боради. У ўзи­ни З. Ҳожибоевага «Робия» деб таништиради. Бундан бе­­хабар хонадон соҳибаси эса, унинг ҳомиладорлигини кў­риб, қолаверса, қиш фасли эканлигини инобатга олиб, ойига 800 000 сўм ҳақ тўлаш шарти билан ижарага қўяди.

Шундан сўнг С. Орифжонова ушбу ижара уйда яшаркан, хонадондан нималарнидир ўмаришни режалаштириб, бунинг учун қулай пайт келишини пойлай бошлайди. 2019 йил 30 декабрь куни эса, ға­раз мақсадига эришади.

Шуни таъкидлаш зарурки, қайнона-қайнотаси Самарқанд вилоятида яшашгани боис, ўша куни Зарина Ҳожибоева эри билан бирга уларни кўриш ҳамда янги йил байрамини нишонлаш мақсадида, йўлга чиқишади. Зарина опа ўзига қўшни бў­либ яшовчи укаси Абдумутал Ҳожибоевга ҳам уйига, ҳам оғироёқ «Робия»га кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлайди. Шу билан бирга, З. Ҳожибоева Сабоҳатга кечки овқат учун масаллиқларни ҳам тайёрлаб беради. Лекин С. Орифжонова соат 03:30 ларда уй меҳмонхонасининг деворига ўр­натил­ган, баҳоси 2 500 000 сўмлик «ROYSON» русумли телевизор, баҳоси 3 500 000 сўм­лик 3 дона тилла занжир, баҳоси 1 600 000 сўмлик 2 дона узук, 950 000 сўмлик аёллар атири, 950 000 сўм­лик 2 дона чойшабни ўзи ёллаган автомашинага ортган ҳолда ғойиб бўлади. Сўнгра ўғирланган буюмларни пойтахтимиздаги Янгиобод ихтисослаштирилган бозорида арзон-гаровга сотиб юборади.

Буни қарангки, Абдумутал Ҳожибоев ўша куни тушлик маҳали воқеадан хабар топади. Бинобарин, опасига сим қо­қиб, телевизори жойида йўқ­лиги ва уй бетартиб ҳо­латда эканлигини айтади. Бу хабардан эсанкираб қолган Зарина опа эса, ўша заҳотиёқ Сабоҳатга қўнғироқ қилади. Аммо С. Орифжонова гўшакни кўтармайди. Шунинг учун эр-хотин шоша-пиша орт­га қайтишади. Улар уйга етиб келгач, телевизордан бошқа нарсалар ҳам ўғирланганини кўришадию, дарҳол туман ички ишлар бўлимига хабар беришади.

Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги Жиноят кодексининг, янада аниқроғи, қонун устуворлиги таъминланган жамиятнинг талабидир. Шу маънода айтганда, Сабоҳат Орифжонованинг галдаги қилмиши ҳам жавобсиз қолмай, жабрланувчиларнинг мурожаатига асосан унга нисбатан жиноят иши қўз­ғатилади. Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман су­ди эса, қайта-қайта имкони берилишига қарамай, қасд­дан янги жиноят содир этгани сабабли судланувчини жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони йўқ деган хулосага келди. Шу боис суд уни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, озодликдкан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Судланувчига жазо тайинлашда жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳукмига асосан, тайинланган жазо ҳам инобатга олинди. Қолаверса, суд ҳукмида айбдордан жабр­ланувчига етказилган 9 462 000 сўм миқдоридаги зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Сабоҳат-ку қилмишига яраша жазо муддатини ўтаб чиқади. Бироқ ҳали эсини таниб улгурмаган фар­занд­лари беғубор болалигининг маълум муддатини она меҳридан мосуво ҳолда ўтказадиган бўлишди. Бу муддат норасидалар учун қанчалар оғир кечишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Алишер НУРМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Зангиота тумани судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: