ҒАРАЗ НИЯТ ИНСОН ШАЪНИ ВА ОР-НОМУСИГА ҚОРА ДОҒ ТУШИРАДИ

Маълумки, инсоннинг ҳаётда рўшнолик ва фаровонликда ёки афсус-надомат ичида яшаши унинг ниятига, қолаверса, нафс амрига бўйсуниш-бўйсунмаслигига боғлиқ. Афсуски, бу азалий-ўзгармас ҳақиқатни ҳамма ҳам тан олавермайди. Натижада меҳр-оқибатга йўғрилган эзгу амалларга соя ташлайдиган, одамлар кўнглини ғашлайдиган турли даражадаги жиноятлар юз беради.

Андижонлик ўғрилар Фарғонада қўлга олинди

Андижон шаҳрида яшовчи Мирзо Шералиев, Элдор Янгибоев ва Фаррух Рўзматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ларни ҳам ғараз мақсад, яъни ўғирлик режаси Фарғона шаҳрига етаклади. Не ажабки, уларга фарғоналик Дониёр Жуманов шерик ҳам бўлди. «Ўзингдан чиққан балога — қайга борурсан даъвога» деб шуни айтсалар керак.

Гап шундаки, Мирзо билан Элдор шу йилнинг 17 январь куни тонг қоронғусида — соат 06.00 ларда Фарғона шаҳрининг Ватан Равнақи кўчасига етиб келишади. Сўнг атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, кўчанинг 106-уйи олдида турган, У.Ҳамидовга тегишли «Соbalt» русумли автомашинанинг ойнасини синдириб, эшигини очишади. Оқибатда автомашина ичи­даги нархи 600 АҚШ долларига тенг «ЕРSON» номли видеопроектор аппаратини ўғирлашади. Бироқ видеопроекторнинг ўғирланганини айтмай, фуқаро Ш. Камоловга 1 055 000 сўмга сотиб юборишади.

Шундан сўнг ҳамтовоқлар 6 кун танаффус қилиб, 2020 йил 23 январь куни яна Фарғонага ташриф буюришади. Фақат бу гал бошқа манзилни — шаҳарнинг Маърифат кўчасини мўлжалга олишади. Аниқроғи, соат 19.00 ларда ана шу кўчанинг 20-уйида яшовчи Қ. Ҳошимовнинг дарвоза олдида қолдирилган «Nexia-3» русумли автомашинасини аввалги усулда очишади.

Кейин салондаги 1 дона нархи 4 500 000 сўмлик «НР» русумли ноутбук, 2 дона эркаклар катмони ва унинг ичига солинган 300 АҚШ долларини ўғирлаб, яширинишади. Кейин эса ўғирланган «НР» русумли ноутбукни фуқаро Д. Комиловга 600 000 сўмга пуллашади.

Буни қарангки, орадан яна 6 кун ўтиб, Э. Янгибоев ўзига Фаррухни шерик қилган ҳолда учинчи маротаба ўғирликка қўл уради. Лекин Фарғонага келишга эриниб, соат 18.00 ларда Андижон шаҳрининг Машраб кўчасидаги 22-уй олдида қаровсиз қолдирилган, жабрланувчи А. Исаевга тегишли «Spark» автомашина­си­нинг эшигини ўзларида мавжуд қў­шимча воситалар ёрдамида очишади. Аммо автомашина ичидаги қимматбаҳо буюмларни ўғирлашаётган пайтда шу ҳу­дудда хизмат олиб бораётган ич­ки ишлар ходимлари томонидан ушланишади. Пировардида жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўл­маган сабабга кўра, охирига етказа олишмайди.

Бироқ «қаҳрамон»ларимизнинг кўзи шунда ҳам очилмайди. Яъни М. Шералиев, Ф. Рўзматов ва Д. Жумановлар Фарғонага келиб, шаҳарнинг Баҳор кўчасидаги «Қандак» тўй­хонаси ёнида қаровсиз қолдирилган, фуқаро О. Абдурасуловнинг «Nexia-2» русумли автомашинасини калит танлаш йўли билан очишади. Сўнгра автомашина салонида турган нархи 2 670 000 сўмлик «SAMSUNG ТАВ» номли планшет, нархи 100 000 сўмлик йўлхалта ва 400 000 сўм нақд пулларни ўмариб кетишади. Сўнгра планшетни 350 000 сўмга сотиб юборишади.

Доно халқимизда «Кўз­нинг очлигини тупроқ тўл­диради» деган пурҳикмат гап бор. Шу маънода айтганда, Мирзо, Фаррух ва Дониёр юқоридаги ҳаракатлари билан қаноатланишмайди. Бинобарин, 2020 йил 9 февраль куни соат 16.30 ларда Фарғона шаҳар Космонавтлар кўчасига келишади. Бу маҳал фуқаро Н. Комилованинг ўз уйи ёнида «Nexia-3» русумли автомашинасини қа­ровсиз қолдиргани уларга жуда қўл келади. Натижада «меҳмон»лар автомашина эшиги қулфини бузиб очиб, 1 500 АҚШ доллари (14 250 000 сўм) ва 8 020 000 сўмлик тилла тақинчоқлари солинган сумкасини ўмариб кетишади.

Тузини татиб, тузлиғига…

Фарғона шаҳрида яшовчи Бекзод Алибеков, Аброрхўжа Қулматов ва Исожон Тўрабоевлар ана шундай иш тутишди. Улар шаҳарнинг Ёруғлик кўчасида жойлашган «Bay Hua Lin» масъулияти чекланган жамиятида ишлашарди.

Жорий йилнинг 3 февраль куни уччовлон гаплашиб ўтиришган пайтда Аброрхўжа Бекзоддан 200 000 сўм қарз сўрайди.

— Ҳозирча ўзимда пул йўқ. Аммо рози бўлсанглар, хўжайиннинг пулларини ўмарамиз. Ҳаммамизга етади, — дея таклиф киритади Б. Алибеков.

Бинобарин, пулга муҳтож А. Қулматовга бу таклиф жуда маъқул тушади.

Бироқ Исожон бунга рози бўлмайди.

— Ҳамма жойга видеокамера ўрнатиб қўйишган. Қўлга тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас, — деб эътироз билдиради.

Лекин Бекзод уни тинчлантиради.

— Сен айтган видеокамералар ҳозир ишламаяпти. Шунинг учун хавотирланмасанг ҳам бўлади.

Шундан сўнг И. Тўрабоев Бекзод ва Аброрхўжага шерик бўлади. Аниқроғи, шу куни соат 14.00 ларда улар атрофда ҳеч ким йўқ­лигидан фойдаланиб, жамият омборхонаси ёни­га келишади: Бекзод чаққонлик билан орқа эшик ойнасини синдириб, ичкарига киради. Сўнгра омборхонани титкилаб, жамият раҳбарининг хизмат столи тортмасида тур­ган 100 000 000 сўм миқдоридаги пул маблағини ўғирлаб чиқади. Бу вақтда атрофни кузатиб турган Аброрхўжа пулларни ундан олиб, Исожоннинг қўлига тутқазади. И. Тўрабоев эса, ўз навбатида, ўғирлик маблағни велосипедига ортиб, жамият биносидан олиб чиқиб кетади. Оқи­батда жиноий йўл билан қўлга киритилган пул маблағи ўзаро тақсимлаб олинади. Бошқача айтганда, Б. Алибеков А. Қулматовга 10 000 000 сўм ва И. Тўрабоевга 20 000 000 сўм бериб, қолган 70 000 000 сўмни ўзига олади.

* * *

Лекин жабрланувчиларнинг мурожаати асосида иккала жиноий гуруҳнинг ўғрилиги ҳам кўп ўтмай фош этилади. Негаки, во­қеа жойларидаги кузатув камералари уларнинг кирдикорларини видеотасвирга муҳрлаб қўйганди.

Оқибатда айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Ҳар иккала жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса, Мирзо Шералиев ва Дониёр Жумановни Жи­ноят­ кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди, Элдор Янгибоев ҳамда Фаррух Рўзматовни кодекс­нинг 25,169-моддаси 2-қисми «в» банди, 169-моддаси 3-қисми «а» банди, Б. Алибеков, А. Қулматов ва И. Тўрабоевни 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айб­дор деб топиб, уларга қонуний жазо тайинлади. Албатта, судланувчиларга жазо тайинлашда андижонлик ўғриларнинг қилмишидан азият чеккан жабрланувчилар ҳамда фуқаровий даъвогарларга етказилган зарар тўлиқ, «Вay Hua Lin» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р. Жўраевга етказилган зарар эса, қисман — 27 595 000 сўм миқдорида қоплангани ҳам инобатга олинди. Шу боис судланувчилар Б. Алибеков, А. Қулматов ва И. Тўрабоевлардан жамият раҳбари фойдасига қолган моддий зарар солидар тартибда ундирилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, аксарият ўғрилар жиноятни ён-атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, яширин равишда содир этишади.

Назаримизда, улар шу орқали қилмишлари фош бўлмаслигини ўйлашса керак. Аммо қил­ни қирқ ёрувчи ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳар қандай вазиятда ҳам жиноятчиларни топиб, жазо муқаррарлигини таъминлаб келишади. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясини зиммасидаги энг муҳим вазифа деб билса, бу мажбуриятини меҳнат фаолияти ва шахсий юмушларидан ҳам устунлигини ҳис этса, баён этилгани каби нохўш воқеалар барҳам топарди.

Феруза СИДДИҚОВА,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: