ҚАЛЛОБЛИК

02 апрель 2019

Биз қанча надоматлар билан коррупцияга қарши бонг урмайлик, кундалик ҳаётимизда ушбу “жамиятнинг чипқони” баъзида учраб турибди. Энг ачинарли жиҳати шундаки, нуфузли ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлган айрим давлат ташкилотлари иш фаолиятларида пора олди бердиси ҳамон кузатилмоқда. Кўп инсонлар кимгадир мурожаат қилганда, “муаммони ҳал қилмоқчи бўлсанг, албатта, кимнидир рози қилишинг керак”, қабилида иш тутишади. Чунки бегона шахсга ҳожантманд кўринган инсоннинг хатти-ҳаракатлари ҳам нимадир олишга шаъма қилинган бўлади-да.

Табиатга ёз ойи меҳмон бўлиб, талаба бўламан деган умид билан юрган ёшлар фаоллашди. Улар турли олийгоҳлар ва академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларига имтиҳон топшириш ҳаракатида. Фарҳод Азимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йилдан Олий ўқув даргоҳи ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи директори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келарди. Айни дамда 2018-2019 ўқув йилида лицей қабул комиссияси раиси ҳам эди. У лицейнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Нурулло Якубов билан кўп ишларни “баҳамжиҳат” ҳал қилишарди. Шу тариқа улар жиноий тил бириктиришади. 
 
Республика Олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 11 июндаги 1-сонли баёнига кўра, Иқтидорли болалар академик лицейига 2018-2019 ўқув йили учун жами 78 та квота ажратилган бўлиб, ушбу квота доирасида ўқувчилар тўпланган балларнинг юқорилигига қараб кетма-кетликда ўқишга қабул қилиниши лозим бўлган. 
 
Лекин Фарҳод Азимов ва Нурулло Якубовлар мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, мазкур квота юзасидан ижодий синовларни ўтказиш бўйича предметлар комиссияси аъзолари иштирокида умумий мажлис баённомаси қарорини қабул қилмасдан, уларнинг розиликларини олмасдан саралаш баллни 80 балл қилиб белгилаб қўйишди. Натижада, ўз билими ҳамда ҳеч қандай “таниш-билишлар”сиз имтиҳон топширган Ф. Абдураҳмонова (79 балл), Х. Абдувалиева, Ж. Раҳматовлар (78,9 балл), С. Илашев, Ж. Неъматовлар (78,8 балл), М. Миржалолов (78,7 балл), А. Гулимов (78,6 балл) ва шу каби балл тўплаган кўплаб ўқувчилар ўқишга қабул қилинмади. 15 нафар ўқувчи юқори балларни тўплаган бўлсалар-да, уларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқлари қасддан бузилди, шахсий ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён етказилди. Вақтинчалик директор ва унинг ўринбосари лицейга кириш имтиҳонида 56 балл тўплаб, ўқишга кира олмаган Н. Нурмоновнинг онасидан, тўғрироғи, ўртадаги даллол М. Юсуповдан бериладиган қўшимча квоталарга асосан фарзандини ўқишга қабул қилиш эвазига 2 000 АҚШ доллари талаб қилади. Шу орада улар М. Юсуповдан қўлидаги 12 000 000 сўмлик “Ракета” русумли тилла соат ҳамда 9 090 000 сўмлик тилла браслетларни гаров эвазига олиб қолади. Ушбу буюмларни Н. Нурмонов учун ваъда қилинган 2 000 АҚШ доллари берилганидан сўнг қайтаришларини маълум қилишади. Шундан кейин лицей директори хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ҳақиқатан ҳам лицейга ўқишга кирмаган Н. Нурмоновни ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги сохта ҳужжат, яъни 1-сонли маълумотномани ўринбосари орқали расмийлаштириб, даллолга бериб юборади. Нафсини жиловлай олмаган вақтинчалик лицей директори Н. Нурмоновнинг ўқишга қабул қилинганлиги муносабати билан тандир гўшт, қимматбаҳо коньяк ва вино олиб келишини ҳам таъкидлашни эсидан чиқармади.
 
Лицей директори томонидан ўзининг қимматбаҳо буюмлари гаровга олиб қолинганидан қаттиқ аччиқланган М. Юсупов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ариза билан мурожаат қилади.
 
Тезкор тадбир давомида Ф. Азимовнинг ўринбосари Н. Якубов ўқув даргоҳи ёнида М. Юсуповдан 140 000 сўмлик тандир гўшт, 60 000 сўмлик вино, 100 000 сўмлик коньяк ҳамда талаб қилинган 2 000 АҚШ доллари ҳисобидан 500 АҚШ долларини олаётган пайтда қонун ҳимоячилари томонидан ашёвий ҳамда рад этилмас далиллар билан қўлга олинди. Натижада, суд томонидан порахўр амалдорлар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жиноий жавобгарликка тортилди.
 
Шунга ўхшаш воқеалардан хабар топган айрим таълим тизимидаги ташкилотлар қадамини ўйлаб босишса не ажаб.
 
 
Муҳаммад ҚАЮМОВ,
жиноят ишлари бўйича 
Мирзо Улуғбек туман суди судьяси,
Гулҳаё НУРМЕТОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
 
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 2 апрель)

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: