ҚИДИРУВДАГИ ФИРИБГАР ВА НИҲОЯТ, ҚЎЛГА ОЛИНИБ, ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ
Марҳамат туманида яшовчи Жаҳонгир Иноқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) жорий йилнинг 2 июнь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олиниб, Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасига келтирилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у бундан икки йил муқаддам такроран оғир жиноят содир этиб, терговдан яшириниб юрган ва шу боис унга нисбатан қидирув эълон қилинганди.
Такроран дейишимизнинг сабаби шундаки, Ж. Иноқов жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг 2018 йил 17 августдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б», «в»-бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан ўзаро тил бириктириб, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик), 28,211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолат қилиш) билан айбдор деб топилиб, 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига тортилганди. Аммо жазо муддатини ўтаётган дастлабки ойдаёқ — 2018 йил сентябрь ойида Жаҳонгир жиноий шериклари Ҳожиакбар Солибоев (Ҳ. Солибоев 2018 йил 3 декабрда вафот этган) ва Малоҳат Тожибоева (унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2019 йил 16 декабрдаги ҳукми билан жазо тайинланган) билан яна фирибгарликка қўл уради.
Гап шундаки, ўшанда учовлон ҳамтовоқ Асака туманидаги 58-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, ўрта махсус маълумотли Б. Рустамованинг Андижон давлат университетининг махсус сиртқи бўлимига ўқишга киролмаганидан хабар топишади.
— Ҳозир суперконтракт учун қўшимча ўринлар ажратиляпти. Биз сизни Фарғона давлат университетининг махсус сиртқи бўлимига ўқишга жойлаб қўйишимиз мумкин. Фақат бир йиллик контракт пулининг беш бараварини берсангиз бўлди, — дейишади улар оғиз кўпиртириб.
Ўқишга киролмай, тушкун кайфиятда юрган аёл уларнинг ёлғон гапига лаққа ишонади. Натижада Фарғона давлат университети ўқув биноси олдида махсус сиртқи бўлим учун белгиланган контракт тўловининг 5 баравари эвазига 1 500 АҚШ доллари ва 2 785 000 сўмни Малоҳат ва унинг шериклари қўлига тутқазади.
Шундан сўнг фирибгарлар Б. Рустамова ўқишга қабул қилингани ҳақидаги маълумотнома ва берган пуллари гўёки «O’zsanoatqurilishbank»нинг Фарғона филиали орқали контракт учун тўланганлигини тасдиқловчи квитанцияларни сохталаштиришиб, унга беришади. Алдов йўли билан қўлга киритилган 1 500 АҚШ доллари ва 2 785 000 сўмни эса, ўзаро тақсимлаб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.
Буни қарангки, ҳамкасбининг қўлидаги сохта маълумотнома ва банкнинг тўлов ҳужжатини кўриб, 58-мактабнинг олийгоҳга киролмаган яна бир ўқитувчиси Ф. Абдуллаева ҳам шошиб қолади.
— Сиз танишларингиздан илтимос қилиб кўринг, менга ҳам ёрдам беришсин, — дейди у Б. Рустамовага.
Бу эса, фирибгарларга жуда қўл келади. Оқибатда улар Қува тумани марказида ва Фарғона шаҳридаги «Атлас» кўнгилочар маскани ёнида учрашиб, Ф. Абдуллаевани ҳам осонгина тузоққа илинтиришади. Фақатгина бу мижоз сал озроқ — 1 300 АҚШ доллари ва 2 700 000 сўм миқдорида пул беради. Бироқ Ф. Абдуллаевага талабалик бахти насиб этмайди. Қўлига теккани сохта университет маълумотномаси ва банк квитанцияси бўлади, холос.
Чунки Жаҳонгир, Малоҳат ва Ҳожиакбар унинг пулларини аллақачон ўртада тақсимлаб, жиғилдонларига уришганди.
Шундан сўнг фирибгарлар тилга олинган мактабнинг Андижон давлат университетига ҳужжат топшириб, омади чопмаган ўқитувчилари Ф. Ваҳобова, Н. Содиқова ва А. Маматқуловаларни ҳам юқоридаги усулда лақиллатиб, 3 900 АҚШ доллари ва 8 355 000 сўм нақд пулларини қўлга киритишади.
— Ўқишни янги йилга яқин бошлайсизлар, — дея фирибгарлар уларни ишонтиришади.
Бинобарин, соддадил муаллималар 2018 йил декабрь ойининг охирларида Фарғона давлат университетига — дарс машғулотларига қатнашиш учун боришади. Ҳатто 3 кун ўқишади ҳам. Лекин факультет маъмурияти ректорнинг буйруғи ва гуруҳ журналида исм-шарифлари қайд этилмагани боис, уларни дарсдан четлаштиради. Шундагина жабрланувчилар алданганларини англаб етишади. Бу пайтда эса, Ҳ. Солибоев вафот этганди. Шунинг учун бояқишлар Ж. Иноқов ва М. Тожибоевага қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишади.
Пировардида айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Дарҳақиқат, ўтказилган судга оид техник экспертизанинг 2019 йил 7 июлдаги 43-сонли ва суд-хатшунослик экспертизасининг 44-сонли хулосасида Ф. Абдуллаева, Ф. Ваҳобова, Н. Содикова, А. Маматқулова ва Б. Рустамованинг номига 2019 йил 18 январь куни 103, 104, 105, 106, 108-рақамлар билан расмийлаштирилган маълумотномалардаги ФарДУ сиртқи бўлими бошлиғи Р. Шукуровнинг имзоси қалбакилаштирилгани, шунингдек, «O’zbekiston Respublikasi oliy va o’rta maxsus ta’lim vazirligi Farg’ona davlat universiteti sirtqi bo’limi» деган ёзувдан иборат муҳри ҳамда штампи бошқа муҳр ва штамп орқали босилганлиги ўз аксини топган. Қолаверса, университетнинг 2019 йил 28 август кунги 1-2223-сонли ва «Ўзсаноатқурилишбанк» Фарғона минтақавий филиалининг шу кунги 03-1-04/2132-сонли маълумотномаларида Б. Рустамова, Ф. Абдуллаева, Н. Содиқова, Ф. Ваҳобова ва А. Маматқулова номига бир йиллик контракт тўлови учун умуман пул ўтказилмаганлиги қайд этилган.
Аммо юқорида қайд этганимиздек, Жаҳонгир Иноқов ўша пайтда терговдан қочиб, яширингани туфайли унга нисбатан қидирув эълон қилинади. Жорий йил июнда қўлга олингач эса, унга нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилади. Ж. Иноқовнинг мазкур ҳолатга оид қилмишлари жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилди. Пировардида судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б”-бандлари билан айбдор деб топилиб, қонуний жазога маҳкум этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, пандемия туфайли бу йилги тест синовлари ҳар йилгидан кечроқ — сентябрь ойида ўтказилди. Бинобарин, айни пайтда ҳам кўплаб абитуриентлар ўқишга киролмай, табақалаштирилган контракт тўловини амалга ошириб ўқиш истагида юришибди. Шундай экан, уларни «қаҳрамон»имиз сингари фирибгарларнинг ҳийла-найрангларидан огоҳ этиб қоламиз.
Феруза СИДДИҚОВА,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш