ҚИЙНОҚҚА СОЛИНГАН ҚИЗАЛОҚЛАР

Бухоролик Дилноза Сафарова 2019 йил август ойида Россия Федерациясига ишлаш учун кетди-ю, орадан 5 ой ўтгач – жорий йилнинг январь ойи охирларида ҳаловати бузилди. Бироқ у ҳар қанча афсус-надомат чекмасин, бу пайтда кеч бўлганди.

Гап шундаки, Дилноза Россия Федерациясига жўнаганида 2 фарзанди — 2013 йилда туғилган Шаҳризода ва эндигина 6-7 ойлик бўлган чақалоғи Шаҳруза Сафаровани таниши Нозима Рўзиеванинг қарамоғида қолдириб кетади. Томонлар хизмат ҳақи учун эса ҳар ойда 100 АҚШ долларига келишганди.

Шундан сўнг Нозима опа-сингилга бинойидек энагалик қила бошлайди.

Бинобарин, келаси ойда Д. Сафарова унга 100 АҚШ доллари, Шаҳризоданинг туғилган куни муносабати билан 50 АҚШ доллари пул жўнатади. Лекин Шаҳруза болалар озуқаси(каша) билан овқатлангани боис юборилган маблағ Шаҳризоданинг парваришидан ортмай қолади.

Оқибатда Н. Рўзиеванинг хўжайини Бунёд Халилов қизалоқларни бошқа бирор аёлга бериб юборишини тайин­лайди рафиқасига. Шу билан бирга, Дилнозага қўнғироқ қилиб, фарзандларига бошқа энага топиш шартини қўяди. Акс ҳолда уларни “Меҳрибонлик уйи”га топшириб юборишини маълум қилади. Хўжайинидан кейин Д. Сафарова билан суҳбатлашиш асносида Нозима кичкинтойларга овсини Манзура Ибодуллаева (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) энагалик қилиши мумкинлигини билдиради. Шунга кўра, она бўлмиш М. Ибодуллаева билан боғланади.

— Қизларимни овсинингизга қолдириб келгандим. Аммо у энди қарашга қийналиб қолибди. Шунинг учун сиздан илтимос, фарзандларимни қарамоғингизга олсангиз. Ҳар ойда икки юз доллар тўлайман, — дейди у.

200 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи учун Манзура унинг илтимосига рози бўлади. Натижада 2019 йил 25 сентябрь куни Шаҳризода ва Шаҳрузани ўзи ижарада яшаётган уйга олиб келади. Бироқ янги энага ва унинг хўжайини Беҳзод Халилов кўп ўтмай Шаҳризодани қийнай бошлашади. Яъни 2019 йил октябрь ойидан 2020 йил 27 январь кунига қадар муттасил равишда қўллари ва оёқларига қаттиқ буюмлар билан аямасдан уриб, дўппослаб келишади. Шу билан бирга, ошхонадаги газда қошиқ ва капкирни қиздириб, қизчанинг юзи, қўллари ҳамда танасининг бош­қа жойларига ёпиштириб жисмоний ва руҳий азоб беришади. Бояқиш Шаҳризода оғриққа чидолмай бақирганда эса куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, оғзини боғлаб, овозини ўчиришган. Бу ҳам етмагандек, Дилноза ўз вақтида пул жўнатмаганини баҳона қилиб, қизни ҳовли ўртасидаги катта дарахтга бели ва томоғидан боғлаб қўйиб қийнашган.

Ҳатто қаҳратон қишда ҳам уни дарахтга боғлаб, устидан муздек сув қуйиб, оловда қиздирилган чойнак ва қошиқни билаклари, юзи ҳамда қулоғи атрофига босиб, баъзан эса уриб азоблашган. Энг аянчлиси, Беҳзод Шаҳризодани уриб бурнини қонатгани етмагандек, қорнини пичоқ билан кесиб, тан жароҳати етказади. Лекин эр-хотин тирқираб қон оқаётганини кўриб туришса-да, қизчага ёрдам кўрсатишмайди. Оқи­батда пичоқ етказган жароҳат бир неча кун Ш. Сафаровага азоб бериб, кейин ўз ҳолича битиб кетган.

Бундан ташқари, М. Ибодуллаева 2020 йил 21 январь куни Шаҳризодани онаси Тамара Ибодуллаеванинг уйига олиб келади. Зинадан чиқишаётганда у атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, қизалоқни пастга итариб юборади. Пировардида қизчанинг чап елка суяги синиб, у яна бир неча кун оғриқ азобини тортади. Шундан кейин қаҳри қаттиқ энага Дилнозанинг қўнғироқларига жавоб бермай қўяди. Натижада Д. Сафарова ўзиинг яқин таниши Мафтуна Қурбоновага сим қоқиб, Манзура билан боғлана олмаётгани, шу боис қизларидан хавотирда эканлигини билдириб, улардан хабар олишини илтимос қилади. М. Қурбонова ўша куниёқ Манзураникига боради.

Буни қарангки, Мафтуна борган пайтда хонадон дарвозаси ичкаридан ип билан боғланган ҳолда ёпиб қўйилган экан. Шу боис у бир амаллаб дарвозани очиб, ичкарига киради. Қарасаки, Шаҳризода иситмалаб, устига кўрпа ташлаб қўйилган ҳолатда ёлғиз ётибди. Шунинг учун у дарҳол қизни ўзи билан олиб кетади. Йўлда кетаётиб эса М. Ибодуллаевага қўнғироқ қилади. Бироқ жавоб бўлмайди. Кейин такси ҳайдовчисининг телефонидан сим қоқади. Шунда Манзура гўшакни кўтаради.

— Дилнозанинг илтимосига кўра уйингизга келгандим. Шаҳризоданинг аҳволини кўриб, уни ўзим билан олиб кетяпман. Шуни айтиб қўяй дегандим, — деб тушунтиради М. Қурбонова.

Бу гапни эшитиб, Манзура бирдан тутоқиб кетади.

— Нега уйимга берухсат кирасиз? Шошмай туринг ҳали, сизни мелисага бериб, жавобгарликка торттираман, — дея бақир-чақир қилади у.

Дарҳақиқат, шундан кейин М. Ибодуллаева ИИБ ходимларини Мафтунаникига бошлаб боради. Шунда ходимлар хонадон соҳибасидан Шаҳризодани кўрсатишини сўрашади. Пировардида улар қизчанинг тан жароҳатлари ва руҳий ҳолатидан ташвишланиб, ўзлари билан олиб кетишади. Сўнгра уни “Меҳрибонлик уйи”га топширишади. “Меҳрибонлик уйи” бош шифокори ва ҳамширалари эса Ш. Сафарованинг қўл-оёқлари гипсланганини кўриб, уни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалига тиббий текширувга юборишади. Оқибатда Шаҳризода мазкур муассасада 6 кун даволаниб чиқади. Шунингдек, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиалининг 2020 йил 26 февралдаги 9-сонли хулосаси билан унинг танасидаги синган, кесилган, куйган ва бошқа жароҳатлари тасдиқланади.

Албатта, шундан сўнг шафқатсиз эр-хотинга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди Беҳзод Халиловни Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” банди, Манзура Ибодуллаевани шу кодекснинг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми ва 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан айб¬дор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш зарурки, фарзанд тарбияси ота-она зиммасидаги энг муҳим вазифа ва мажбуриятдир. Аммо жигарбандлари шунча азоб-уқубатга гирифтор бўлса ҳам Дилноза Сафарованинг Россияда ишини давом эттириб юравериши ҳар қандай кишини таажжубга солади. Шундай экан, онанинг бундай лоқайдлиги ва юз берган аянчли воқеа-ҳодисалар барчамизга сабоқ бўлиши лозим.

 

  Акбаржон ЖАББОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

(“Adolat” газетаси,

 2020 йил 20 ноябрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: