Улар қилаётган ишлари ноқонуний эканлигини яхши биларди. Аммо ғайритабиий манфаат кўриш васвасасига тобелик устун келди. Фақат ножўя қилмишлари фош бўлгач, оилалари эсларига тушди. Судда қилмишларидан астойдил пушаймонликларини такрорлаганча, оилавий аҳволлари ночорлигини ўртага қўйиб, тавба -тазарру қилганликларини кўрсангиз эди.
…Олот тумани маҳаллаларидан бирида яшовчи Мансурали Бойқулов, Бойжўра Сапиев, Вали Бешимов, Шербой Алимов, Умматали Асомов (барчаларининг исм-шарифлари ўзгартирилган) нинг аксарияти 30-31 ёшда. Оилали. Айримлари икки-уч фарзандли. Ораларида фақат бири ҳали ўн саккиз ёшга тўлмаган.
Мансурали юқоридагиларни уйига чорлаб қолди. Ҳашар ёки меҳмонга эмас. Уларни дийдор ширин давра эмас, балки пул тикиб, карта ўйнаш завқи, қимор бирлаштирган эди.
Ошналар “гурунги” қанча чўзилгани ва яна қанча давом этиши мумкинлиги бизга номаълум. Аммо туман ички ишлари ходимлари ҳолат устидан тушиб, ашёвий далил сифатида нақд 381 минг сўм пул ва картани ашёвий далил сифатида вақтинча сақлаш мақсадида олиб қўйгани аниқ.
Хуллас, бешовлоннинг иши Олот туман маъмурий судида кўриб чиқилди.
Қонунбузарларга жазо тайинлашда уларнинг оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифланишлари ҳамда енгилроқ маъмурий жазо чораси қўлланилиши асослари инобатга олинди.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245, 309, 310, 311-моддаларига амал қилиб, суд юқоридаги кодекснинг 191-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган Мансурали Бойқулов, Бойжўра Сапиев, Вали Бешимов, Шербой Алимовларнинг ҳар бирига энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида, яъни 810 минг 920 сўмдан жарима солди. “Гурунг”нинг энг ёш иштирокчиси Умматали Асомов эса энг кам иш ҳақининг уч баравари ёки 609 минг 190 сўм миқдорида жарима тўлашига тўғри келади.
Ашёвий далил сифатида олинган 381 минг сўм пул эса давлат эгалигига мусодара қилинди.
Маълум бўлишича, олотлик қиморбозларнинг барчаси вақтинча ишсиз экан. Бирор ишнинг бошини тутиб, рўзғор тутадиган юқорида тилга олинган ёшлар оилага фойда келтириш ўрнига, хонадонга молиявий зарар етказишди. Жаримани уларнинг оила аъзолари тўлашига тўғри келади.
Қиморбозлик бу шунчаки, ҳуқуқбузарлик эмас, у таг-замини жиноят билан боғлиқ хатти-ҳаракатдир. Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйин иштирокчилар ўртасида жанжал, жиддий нохушликларга, ҳатто оила, деган қўрғонга путур етказилишига олиб келган ҳолатлар оз эмас. Шундай экан, оила, маҳалла-куй бунга бефарқ бўлмаслиги керак.
ЎзА
Фикр қолдириш