29 апрель 2019
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона шаҳар бўлими инспекторига 1 000 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармасининг қозонхона бошлиғи ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Фарғона вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилиб, ҳужжатли тафтиш тайинланган.
Бошқарманинг РК-3 қозонхонасида ҳам хатлов ўтказилиб, темир маҳсулотлардан камомад борлиги аниқланган. Мазкур қозонхона бошлиғи Х. Қосимов департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими инспекторига ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган товар-моддий бойликлардан аниқланган камомадни камайтириб беришни сўраб, пора таклиф қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда давомида у 1 000 долларни бераётган вақтда қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан “Ал Хоразмий” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр суд мажлисида Х. Қосимовнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, судланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан, Жиноят Кодексининг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинланди.
ЎзА
Фикр қолдириш