ҚОНУНГА ИТОАТ ҚИЛГАНГА ЕНГИЛЛИК, ҚОНУНБУЗАРГА ҚЎШИМЧА ЖАЗО ҚЎЛЛАНИЛДИ

24 февраль 2019

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг жойларда ижросига бағишланган минтақавий тадбир ўтказилди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбир доирасида ўтказилган сайёр судда 28 нафар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган маҳкум муддатидан олдин озод этилди.
 
Йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлими масъуллари томонидан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг вилоятдаги ижроси тўғрисида батафсил маълумот берилди.
 
Маъруза ва муҳокамаларда маҳкумлар ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда бу ҳуқуқлар доирасини янада кенгайтириш бўйича қилинаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган фуқароларни иш билан таъминлаш, касбга ўргатиш, маънан соғлом ҳаётга йўналтириш, ижтимоий мослаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга оид ишларга эътибор қаратилди.
 
Ўз навбатида жазони ўтаётганлар суд белгилаган чекловлар ҳамда қонун талабларига қатъий бўйсуниши лозимлиги таъкидланди. Қонун устуворлиги, қонунга итоат қилишнинг ҳар бир фуқаро учун муҳимлиги айтилди.
 
Сайёр суд мажлисида Бахмал туманида яшовчи 19, Ғаллаорол туманида яшовчи 9 нафар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган маҳкум муддатидан олдин озод этилди.
 
Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўташ талаб ва тартибларига риоя этмаганлиги учун суд томонидан Ғаллаорол туманида яшовчи И. А. ҳамда Б. Р. га қамоқ жазоси тайинланди. Яъни, бу фуқаролар энди жазони очиқда эмас, ёпиқ муассасада ўтайдилар. Берилган имкониятдан фойдалана олмаганлар суд ўтказилган бинодаёқ қамоққа олинди.
 
Ушбу тадбир мамлакатимизда жазони ижро этиш соҳасини такомиллаштириш, хусусан, пробация тизимини ҳаётга татбиқ этиш маҳкумлар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувининг шаффоф ҳуқуқий меъёрларини жорий этишдаги ишларни тарғиб қилишда амалий аҳамиятга эга бўлди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: