ҚОНУН ТАЛАБИ ҚАТЪИЙ, УНГА СЎЗЗИЗ РИОЯ ЭТИЛМОҒИ ДАРКОР
Тараққиёт, ривожланиш омиллари ўз-ўзидан юзага келмайди. Унга, авваламбор, қонунчилигимиз талабларига қатъий ва оғишмай амал қилиш асносида эришилади. Кейинги йилларда шахсни жазодан ва бошқа таъсирий чоралардан кўра меҳр-оқибат намуналари кўпроқ ва яхшироқ тарбиялайди, деган тамойил ўз ҳаётийлигини ёрқин намоён қилмоқда. Яъни бу жабҳадаги равнақ жараёни янада тезлашди, шиддаткор тус олди.
Судларнинг ихтисослашуви жараёнида юзага келган маъмурий суд тизими фуқаролар билан турли даражадаги давлат бошқарув органлари ўртасидаги муносабатларни қонунчилик меъёрлари асосида тартибга солишнинг муҳим бўғинига айланди. Эндиликда бу борадаги муаммо ва зиддиятлар адолатли ва холисона кўриб чиқилмоқда ҳамда қонун доирасида ҳал этилмоқда.
Шу ўринда жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш маъмурий судлар фаолиятининг энг муҳим вазифасига айланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига мувофиқ, маъмурий судлар давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими ва ундаги мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ёхуд қарорлари устидан келиб тушган ва оммавий-ҳуқуқий муносабатларга сабаб бўлган шикоят ҳамда аризаларни кўриб чиқади.
Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи мобайнида Хоразм вилоятидаги маъмурий судлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан берилган жами 259 та ариза асосида юритилган маъмурий ишларни кўриб, тамомлади.
Ушбу жараёнда 155 та аризада қўйилган талаблар қаноатлантирилиб, шаҳар ва туман ҳокимларининг 157 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.
Бу борадаги таҳлиллар айрим маҳаллий давлат бошқаруви органлари қонун талабларини адо этишда ҳамон оқсаётганини кўрсатмоқда. Урганч тумани ҳокимлигининг фаолияти бунга мисолдир.
Маъмурий судлар жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида мазкур туман ҳокими томонидан қабул қилинган қарорларнинг 58 тасини ҳақиқий эмас, деб топди.
Жумладан, туман маъмурий суди яқиндагина «Шайх Назар мироб» фермер хўжалигининг 19 гектар ери туман ҳокимлиги томонидан асоссиз равишда олиб қўйилиб, узоқ муддатга тузилган ер ижара шартномаси бир томонлама бекор қилингани юзасидан берган шикоят аризасини қаноатлантирди.
Маълум бўлишича, ҳокимлик мутасаддилари бу низоли ишни қонун талаби асосида суд йўли билан эмас, балки ҳоким қарорини чиқариш асносида ўзларича ҳал этиб қўя қолишган. Чигал масала тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи ва қонуний манфаатини қайта тиклаш, ноқонуний равишда тортиб олинган ерни унинг ихтиёрига қайтариш билан якун топди.
Шу билан бирга, Боғот тумани ҳокими имзолаган 19 та, Шовот тумани ҳокимининг 14 та, Ҳазорасп тумани ҳокимининг 11 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.
Қонунийлиги судлар томонидан эътироф қилинмаган мазкур қарорларнинг аксар қисмини:
– 72 таси, яъни 45,8 фоизини турар жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ёхуд уни бекор қилиш;
– 51 таси ёки 32,8 фоизини ер майдонларини ажратиш;
– 18 таси ёки 11,4 фоизини фермер хўжаликлари ер майдонларини ноқонуний тарзда олиб қўйиш билан боғлиқ ва бошқа ҳолатларга оид суд ишлари ташкил қилган.
2019 йилнинг бошидан эътиборан кучга кирган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун маъмурий органлар билан муносабатда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутади.
Мазкур органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолияти, жумладан, лицензия тартибида рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш, давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомиллари ва бошқа тааллуқли ҳолатларга нисбатан ушбу қонун нормалари татбиқ қилинади.
Бироқ бу таомиллардан четга чиқиш ва қўйилган талабларга риоя этмаслик ҳолатлари мавжуд.
Қонун кучга кирганидан сўнг шаҳар ва туман ҳокимларининг 150 дан зиёд қарорлари кейинчалик маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилгани бу фикрнинг яққол исботидир.
Дарҳақиқат, судларнинг ушбу мазмундаги қарорларни қабул қилиши учун жиддий сабаблар бор. Чунончи, сони юқорида кўрсатилган ноқонуний қарорларни тайёрлаш учун масъул бўлган шахсларнинг беписандлиги боис ишни маъмурий орган мажлисида кўриб чиқиш билан боғлиқ бир қатор қоидалар, жумладан, номи зикр қилинган қонуннинг 19, 47 ва 54-моддалари талаблари тўлиқ адо этилмаган.
Бунинг оқибатида маҳаллий ҳокимият органлари ташаббуси билан ўтказилган мажлисларда бир қатор манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилган.
Хусусан, Урганч тумани ҳокимлиги томонидан турар жойга эгалик ҳуқуқини бекор қилиш бўйича ўтказилган йиғинларда бир йўла 18 нафар фуқаронинг бевосита иштироки таъминланмаган. Бу ҳам камлик қилгандай, низоли масалани маъмурий орган мажлисида кўриб чиқмасдан туриб, ҳал этишдек жиддий қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Кейинги пайтларда фермер хўжаликлари билан ҳокимликлар ўртасидаги муносабатларга доир суд ишлари миқдори анча ошди. Шу муносабат билан «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонуннинг ушбу масалага оид муҳим жиҳати — 13-моддасида белгиланган талабни алоҳида қайд этиш зарур.
Ушбу моддага кўра, ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда эса, ер участкасини ижарага олиш шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши лозим.
Фермерларнинг шикоятлари асосида ўтказилган суд жараёнларида Урганч ва Шовот туманлари ҳокимларининг айрим қарорлари бир томонлама, ўзаро келишувдан холи ҳолда қабул қилингани маълум бўлди, оқибатда ноқонуний қарорлар бекор қилинди.
Шахс ҳуқуқлари, ер-мулк эгалари ва унга талабгор юртдошларимизнинг қонуний манфаатлари устуворлиги тамойили Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармонида янада ёрқин акс этган.
Фармон асосида Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга биноан, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф қилиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари ташкил этилган.
Қарор асосида тасдиқлаган Низомнинг 16-бандида баён қилинишича, фуқаролар ўртасидаги мулкий низоларни ҳал этиш мазкур комиссиянинг ваколатига кирмайди. Шундай бўлса-да, бундай низоларга комиссиялар томонидан аралашув ҳолатлари мавжуд. Бунинг оқибатида ҳоким қарорлари ҳам қабул қилинган.
Судлар бир қатор фуқароларнинг шикоятлари асосида ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берди. Ґазорасп тумани ҳокимининг ўзаро низолар мавжуд бўлган ҳолатда 2018 йил 29 декабрда, Гурлан тумани ҳокимининг 2019 йил 18 сентябрда ва 19 декабрда, Хива шаҳар ҳокимининг 2018 йил 17 декабрда, Янгиариқ тумани ҳокимининг 2019 йил 5 февралда қабул қилган тегишли қарорлари қонун талабига зид эканлиги аниқланди.
Тобора янгиланаётган, тараққиёт ва демократия сари юзланаётган Ўзбекистон қонунчиликка риоя этилиши бўйича ҳам энг юқори марраларга талабгор. Қонунчилигимиз тантанаси эса, авваламбор маъмурий бошқарув органлари мансабдор шахсларининг қатъий интизоми ва саъй-ҳаракатлари билан таъминланади.
Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрни ва роли каттадир.
Шундай экан, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатни ҳар ким ўзидан бошласа, айни муддао бўлар эди.
Умиджон Расулбердиев,
Хоразм вилояти маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш