01 май 2019
Юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва ролини кучайтиришдан иборатдир.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳар томонлама пухта ва чуқур ўйланган ғояларга асосланиб, тизим нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга халқ, унинг тақдири, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг юксак ифодаси бўлди.
Фармон ижроси доирасида ташкил этилган пресс-конференцияда Қорақалпоғистон Республикасидаги суд раислари жорий йилнинг биринчи чорагида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахборот берди.
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди раиси Г.Базарбаеванинг қайд этишича, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан ҳисобот даврида 367 нафар шахсга нисбатан 301 та жиноят иши кўриб тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38 фойизга, шахслар сони эса 39 фойизга камайган.
Мазкур даврда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 143 таси ёки 47,5 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган.
Судларнинг инсонпарвалик тамойилини қўллаши натижасида 26 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган, Жиноят кодексининг 57-моддаси тартибида жиноят содир этган 68 нафар шахсга енгил жазо тайинланган, 20 нафар шахслар шартли ҳукм қилинган, жиноят кодекининг 73-моддаси тартибида 213 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган. Жиноят кодексининг 74-моддаси бўйича 108 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган. Жиноят кодексининг 75-моддаси бўйича 2 нафар шахс касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилинган, 105 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Шунингдек, юқори инстанция (кассация) суди томонидан 3 нафар шахс оқланган.
Бундан ташқари маҳалла, хотин қизлар ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 11 та жиноят иши бўйича 11 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Шунингдек, жиноятнинг сабаблирини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси ва туман судлари томонидан умумий кӯрилган ишларга нисбатан 65,4 фойизини ташкил этган 197 иш бӯйича хусусий ажрим чиқарилиб, унинг муҳокамасида бевосита судъялар иштирок этишган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси ўринбосари в.б. С.Қайпназарова ҳисобот даврида жорий йилнинг биринчи чорагида Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 1.634 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланганини, 1.219 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилганини маълум қилди.
Кўриб тамомланган ишларнинг 1.219 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. 1.163 та даъво қаноатлантирилиб, 135 таси рад этилган. 221 таси иш юритувдан тугатилиб, 115 таси кўрмасдан қолдирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан фуқаролик низоларнинг олдини олиш юзасидан 9 та хусусий ажрим, 4 та тақдимнома чиқарилган.
Шунингдек, 579 та фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб тамомланган, бу кўриб тамомланган ишларнинг 35,4 фоизини ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Адиловнинг қайд этишича, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари томонидан 2019 йилнинг биринчи чорагида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 215 та иш кўриб чиқилиб, 151 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган, 1 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича жами 5.163 та шахсга нисбатан 4.501 та иш кўриб чиқилган. Жумладан, 3.650 нафар шахсга жарима, махсус ҳукуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилиб, 1.513 нафар шахсга нисбатан 1.242 та маъмурий ишлар ҳаракатдан тугатилган.
2018 йилнинг шу даврига нисбатан ҳуқуқбузарликлар 3,5 фоизга камайган.
Жами кўриб тамомланган маъмурий ишларнинг 2.601 таси, яъни барча ишларнинг 55 фоизидан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Нукус шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича тунги навбатчилик ташкил этилиб, навбатчилик вақтида 2019 йилнинг биринчи чораги давомида тунги пайтда жами 22 нафар шахсга нисбатан 17 та иш кўрилган ва тегишли жазо чоралари қўлланилган.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси Б.Темирханованинг ахборотида қайд этилишича, жорий йилнинг уч ойида Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан 1 353 та иш кўриб чиқилган. Шунинг 951 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган.
Кичик бизнес субъектлари ва якка тадбиркорлар иштирокида жами 1073 та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра уларнинг фойдасига 4,8 миллиард сўм ундириш ҳақида суд қарорлари чиқарилган. Шунингдек, 1 млрд 622 миллион сўм давлат божини бюджетга ундириш бўйича ижро варақалари берилган. Тарафлар томонидан 175 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланган.
Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иқтисодий ишлар 3 минг 696 тага камайишига эришилган.
Айбдор шахсларга нисбатан 4 та маъмурий иш қўзғатилиб, бу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.
Шунингдек, суд раислари матбуот анжуманида қатнашган ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил ахборот бериш баробарида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида олиб борилган ҳуқуқий тарғибот ишлари, сайёр суд мажлисларида журналистлар иштирокини таъминлашнинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар.
Фархад Ибрагимов,
Қорақалпоғистон Республикаси
жиноят ишлари бўйича судининг
Қонун ҳужжатларини мужассамлаштириш
ва тартибга солиш бўлим катта мутахассиси
Фикр қолдириш