20 май 2019
Бир сотих ерни деб ўз жиянини ўлдирган амаки воқеаси…
Қабристонда шунча майдонда ўттиз-қирқта гўр ҳар бири ўз эгасининг омонат дунёдаги тақдиридан шаҳодат бергандай бири ҳашамдор, бири оддий ва яна бири қаровсиз тизилган. Эҳтимол, қаровсизликдан чўкиб, текисланиб бораётган анови қабр эгаси бир вақтлар ҳайҳотдек ҳовли ўртасига қурилган уч қаватли “вилла”да яшагандир… Лекин барибир бугун бир газ ер ҳам кўплик қилиб, тупроққа қоришиб ётибди. Агар барча инсонлар ҳаёт тенгламасининг мана шу ечимидан керакли хулосани чиқариб яшаганида, ер юзида қабиҳ жиноятлар деярли барҳам топган бўлур эди. Афсуски…
Очил Эрматов (мақоладаги судланувчи ва жабрланувчилар ҳамда икки томонга тегишли барча шахсларнинг исм ва фамилиялари ўзгартирилган) эҳтимол бу ҳақиқатни энди англаб етгандир. Аммо, жуда кеч-да! У ҳозир бошини қамоқхона деворига уриб ёрган тақдирда ҳам, тавба-тазарруси-ю пушаймонлиги еттинчи осмон қадар бўлганда ҳам, нафс қутқуси билан жаҳолат, қабоҳат, разолат, қўйинг-чи, ғайриинсоний иллатларнинг бари мужассам жиноятининг оқибатини ўнглаб бўлмайди. Сабаби у икки инсон, икки навқирон ёшдаги қизнинг умр китобига ваҳшийларча нуқта қўйди.
Бу қотилликка юқорида бежиз тилга олинмаган бир сотих ер сабаб бўлгани ва энг ачинарлиси, Очил қўлини ўз жигарбандлари қони билан бўягани эди.
Ўттиз тўрт ёшга тўлган, оилали, бир фарзанднинг отаси Очил айни пайтда эгалик ҳуқуқи онасида бўлган ота ҳовлида акаси Аваз ва янгаси Равза Эрматовлар оиласи (уларнинг қизлари Шарифа ва Обидалар) билан биргаликда яшаб келишарди. Қарийб йигирма йил муқаддам бошланган ҳовли низоси бу икки оиланинг ҳаловатига рахна солган эди.
Ниҳоят иш шу даражага етдики, Очил янгаси Равза ўртасидаги ўзаро беадоғ жанжаллар сабабини туман ҳокимлиги ва маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан иборат комиссия ўрганиб, муҳокама қилишга тўғри келди. Бунинг натижасида 2017 йилнинг сентябрь ойида ҳовлидан икки сотих ерни Равза Эрматовага ажратиб берилишига эришилди. Маҳалла аҳли шу билан туғишганлар ўртасидаги нотинчлик олови алангаламасдан ўчди деб ўйлаб, хурсанд бўлган эди.
Бироқ 2018 йил февраль ойига келиб Равза Эрматова учун ўзига ажратиб берилган ер майдони камлик қилиб қолди шекилли у Очилдан яна бир сотих ер майдони беришни талаб қила бошлади. Турган гапки, Очилнинг ҳам бу талабдан феъли айниди, нияти бузилди. У ҳовли-жойга мутлақ эга бўлиш ҳаракатига тушди. Шундай шайтоний режалар гирдобида юрган кунларнинг бирида, яъни 2018 йилнинг 31 июль куни соат 06:30 лар чамасида Очил уйи олдида турган Равза Эрматова ва унинг қизи Шарифа билан жанжаллашиб, қўлидаги белкурак билан онасининг кўз ўнгида Шарифанинг бошига шафқатсизларча уради. Сўнг қотилликнинг олдини олиш мақсадида қаршилик кўрсата бошлаган Равзанинг ва шу хунрезлик устига етиб келган Обиданинг ҳам бошига белкурак билан бир неча марта уриб, она ва опа-сингилларни беҳуш аҳволга солади.
Туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ётган Обида 2018 йил 31 июлда, Шарифа эса 3 августда вафот этади. Шўрпешона она Равза Эрматова умрида бор экан, яшаб қолди.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида содир этилган мазкур мудҳиш жиноят, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси А. Ғаппоровнинг раислигида кўриб чиқилди ва 2019 йил 16 январь куни судланувчи Очил Эрматовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г”, “ж”, “и” бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г”, “ж”, “и” бандлари, 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
– ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг дастлабки 3 йилини турмага қамаш тариқасида ўтаттириш тўғрисида ҳукм чиқарди, – дейди ЖИБ Наманган вилоят суди суд амалиётини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи А. Арипов. – Бундай ҳолатларга қонун албатта, ўзининг ҳуқуқий баҳосини беради, лекин ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган йўқотишларга сабаб бўладиган, замирида арзимаган ўткинчи муаммолар, ҳаёт мураккабликлари ётган жиноятларга жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси виждон ва инсонийлик “судьяси” сифатида баҳо бермас экан, бу каби нохуш ҳодисалар такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
ЎзА
Фикр қолдириш