28 февраль 2019
Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятининг собиқ акциядорларини чув туширган фирибгар суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди.
Дониёр Кочконбой ўғли ҳалол меҳнат қилиш ўрнига, ўзгаларнинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни ўйлаб қолди. У Ф. Ортиқовни “Кварц” акциядорлик жамиятининг собиқ акциядори эканлигидан хабар топиб, унга ўзи мазкур жамиятнинг собиқ акциядори эканлигини айтиб, муқаддам корхона раҳбарияти томонидан сотиб олинган акцияларини ўзи ёлғондан тўқиб чиқарган Тошкент шаҳрида яшовчи И. А. исмли таниш адвокати орқали қайтариб олишда амалий ёрдам беришлигини билдирди.
Дониёр ўзи каби собиқ акциядорларни ҳам топишини, уларнинг акцияларини ҳам қайтариб олиб беришини, бунинг учун ушбу акциядорларнинг барчасидан шахсини тасдиқловчи паспорт нусхасини ва маълум миқдорда адвокат ҳизмати учун пул йиғишини айтиб, алдайди.
2017 йил апрель ойидан 2018 йил 1 апрель кунига қадар давомий равишда бўлиб-бўлиб, Ф. Ортиқовнинг 14 миллион 510 минг сўм ҳамда у томонидан йиғилган 259 нафар фуқароларга тегишли 88 миллион 760 минг сўм пул маблағларини олиб, жами 103 миллион 270 минг сўмлик жуда кўп миқдоридаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Мазкур пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди томонидан Дониёр Кочконбой ўғлига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга суд ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Даъвогарларга етказилган моддий зарар судланувчидан ундириш белгиланди.
ЎзА
Фикр қолдириш