11 февраль 2019
“Муқаддас” сўзини Ватан, она ва аёл сўзларидан олдин қўллашга одатланганмиз. Бироқ бу номга иснод келтираётган айрим қўштирноқ ичидаги “аёл“ларни муқаддас деб атагинг келмайди.
Н. Алиева (исм-фамилиялар ўзгартирилди) икки нафар фарзанднинг онаси, хусусий корхона раҳбари бўлса-да, фирибгарлик, порахўрлик каби жиноятларни содир этганлиги учун уч маротаба суднинг қора курсисини кўришга улгурди.
Н. Алиева синфдоши М. Ашуровни Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмга ҳайдовчилик вазифасига ишга кириш учун ҳужжат тайёрлаб юрганлигидан хабар топади. Шундан сўнг синфдошига ушбу ҳарбий қисмда юқори лавозимда ишловчи танишлари борлиги, шу орқали ишга киришга ёрдам беришини айтиб, олдиндан 150 АҚШ доллари, ишга киргач эса яна 150 АҚШ доллар беришини талаб қилади. Агар шу пулни бермаса, умуман ишга кира олмаслигини уқтиради.
Учкўприк туманида жойлашган “Ишонч” кредит савдо дўкони олдида синфдошининг турмуш ўртоғидан кимёвий ишлов берилган 150 АҚШ долларини олган вақтда Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими, ДХХ Қўқон чегара район бўйича ҳарбий контрразведка бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари эшитилди.
Н. Алиева судда 150 АҚШ долларини қарзга олганлигини важ қилиб келтирса-да, унинг ушбу жиноятни содир этганликдаги айби, жиноят ишидаги стенограмма, экспертиза хулосаси, ашёвий далилни олиш баённомаси ҳамда иш материалларида тўпланган бошқа холис далиллар билан тўлиқ ўз исботини топди.
Суд ҳукми билан Н. Алиевага нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, у яшаб келаётган маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдирилди.
Элёрбек Ҳакимов,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш