ҲАЛОЛЛИКДАН ЮЗ ЎГИРГАНЛАР ТУБАНЛИК БОТҚОҒИГА БОТАДИ

22 февраль 2019

Ҳалоллик ҳақида кўп гапирамиз, уни улуғлаймиз. Зеро, ҳалоллик бўлмаган жойда барака бўлмайди, ундан юз ўгирганлар тубанлик ботқоғига ботади. Бу асрлар синовидан ўтган ҳақиқат.

Аммо амалда ҳалоллик кўчасини айланиб ўтишга уринаётганлар кўпайиб бораётгани кишини ажаблантиради. Бунинг оқибати аслида барчамизни ташвишга солиши керак. Бўлмаса, биз бировнинг ҳақидан ҳазар қилган, қўлидаги бир бурда нонини ҳам бировга илинган, пешона тери билан асрлардан устун муаззам иморатлар қурган аждодларимизга муносиб бўла олмаймиз.
 
Шу ўринда ҳовли девори оша кўчага шохи эгилган олма дарахтидан ерга тушган мевани қўлига олиб бехос тишлаган, лекин буни дарахт эгасининг розилигисиз қилгани учун изтиробга тушган мўйсафид ҳақидаги ҳикоя ёдимга тушди. Жуда ибратли ҳикоя.
 
Лекин орамизда емакхонага кириб, кўнгли тусаган нарсани буюртма қилиб қорнини тўйғазган, ҳақини тўлашга келганда эса ғирромлик йўлига ўтганлар борлиги қанчалар аянчли ҳолат. Яна буни эркак киши амалга оширганини кўриб, таажжубдан ёқа ушлайсан.
 
Таассуфки, бу эртак эмас, қадим Бухорода яқинда содир бўлган воқеалардан бири. Кечки пайт икки ўртоқ шаҳардаги қаҳвахоналардан бирига кириб, ўзларига маъқул таомлар, ҳатто спиртли ичимликлардан ҳам баҳраманд бўлишади. Маишатбозлик ярим тунгача давом этади.
 
Ниҳоят, мижозлар ҳисоб-китоб қилиб муассасани тарк этиши керак бўлган онлар келади. Шокир ва Дилшод эса ўзларини мастликка солиб, еган таомлари учун пул тўлашни гўёки тушунишмайди. Улар ғирромлик йўлига ўтиб, жанжал кўтаришга ҳаракат қилади.
 
Қаҳвахона маъмурияти бу ҳолат бўйича ички ишлар органига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходими икки мижознинг маст ҳолда бақир-чақир қилаётганига гувоҳ бўлади. У ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида уларни ҳамда қаҳвахона ходимларини яқин орадаги таянч пунктига олиб боради.
 
Бироқ мижозлардан бири Шокир орган ходимига қилмиши бўйича изоҳ беришдан бош тортиб, барчани ҳақоратлашга ўтади. Давлат хизматчисининг қонуний талабига қаршилик қилиб, хонадан чиқиб кетади. 
 
Унинг ортидан эргашган шериги Дилшод эса автомашинасига қараб югуради. Шунда ИИБ ходими унга етиб олади. Унга ёрдамга келган Шокир эса ходимни қўли билан итариб юборади. Ҳатто ходимнинг хизмат погонини юлиб олишга ҳаракат қилади. Унинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида ходим Шокирнинг бир қўлига дарҳол кишан тақади. 
 
Иккинчи қўлига кишанни тақишга уринаётганида у автомашинага ўтириб олади. Улар қочиб кетмаслиги учун ички ишлар ходими автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб олади.
 
Автомобилни юргизаётган Дилшодга орган ходими тўхташни талаб қилганига қарамай, ҳайдовчи тезликни оширади. Шаҳардан четга чиққунча ходимни ҳақоратлаб кетган шоввозлар кейин унинг хизмат кийимларини тинтиб, чўнтагида бўлган автомашина ва уй калитлари ҳамда хизмат гувоҳномасини олиб қўяди. Ички ишлар ходими ушбу ҳолат юзасидан ИИБ навбатчилик қисмига хабар бермоқчи бўлганида, Шокир унинг қўл телефонини тортиб олади. Босқинчилар қўлидан бир амаллаб қутилган ходим ярим тунда қийинчилик билан хизмат хонасига қайтади.
 
– Суд жараёнида содир бўлган воқеага қонуний баҳо берилди, – дейди жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси Акбар Жабборов. – Шокирга 3 йил, унинг шериги Дилшодга 1,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Чунки улар кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўламай ҳуқуқбузарлик қилиш билан бирга, қаҳвахона ходимларини ҳақоратлаш, хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар органи ходимига бўйсунмай, уни таҳқирлашдек жиноятга ҳам қўл урган.
 
Тоғни урса талқон қиладиган навқирон йигитларнинг арзимаган пулни деб ҳалолликдан юз бургани уларни нафақат тубанлик ботқоғига ботирди, балки ҳаётларига ҳам қора соя солди. Пасткашлик қилишдан тап тортмаслик, ориятсизлик эса уларнинг йилларини панжа ортига олди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: