Хусусан, мазкур Фармоннинг 1-бандига кўра, Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш вазифаси белгиланди.
Бундан ташқари, Фармоннинг 2-бандига кўра, Хотин-қизлар қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга шахсан жавобгарлиги белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят туман (шаҳар) судлари томонидан 2019 йилнинг 1-чорагида давомида 289 нафар шахсга нисбатан 225 та жиноят иши кўриб тамомланган.
44 нафар аёлга нисбатан 40 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан, 39 нафар аёлга нисбатан 35 та жиноят иши бўйича айблов ҳукмлари чиқарилган 5 нафар аёлга нисбатан 5 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.
Мазкур даврда судланган аёлларнинг 5 нафари ёки 12,8 фоизига жарима, 13 нафари ёки 33,3 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 11 нафари ёки 28,2 фоизига озодликни чеклаш, 2 нафари ёки 5,1 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган бўлса, 5 нафари ёки 12,8 фоизига жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилган.
3 нафар аёлга нисбатан шартли ҳукм қилиш йўли билан синов муддати белгиланган.
18 нафар аёлга нисбатан 18 та жиноят иши судлар томонидан сайёр суд мажлисларида кўрилиб, 3 нафар аёлга нисбатан 3 та жиноят иши бўйича Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий бўлимлари томонидан кафолат хатлари тақдим этилган.
Шунингдек, 2018 йилнинг 20 июль куни Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум доирасида Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорлик қилиш самарадорлигини ошириш чоралари белгиланиб, кўрилаётган ишларда жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаш юзасидан судларга берилган кўрсатмалар асосида жорий йилнинг биринчи чораги давомида 6 нафар аёлга нисбатан 4 та жиноят иши Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий бўлимларининг кафиллик хатлари асосида кўрилиб, 3 нафар аёлга нисбатан шартли ҳукм қилиш йўли билан синов муддати белгиланган.
Вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан аёлларга нисбатан кўрилган ишлар сони 2018 йилнинг ушбу даврига қараганда 27,3 фоизга, шахслар сони 16,9 фоизга камайган.
Абулқосим Рузиқулов,
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди раиси
Фикр қолдириш