ҲАҚИҚАТДАН ЙИРОҚ АНОНИМ СЎРОВНОМА НАТИЖАЛАРИ

04 февраль 2019

2018 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси расмий сайтида адвокатлар фаолиятига тазйиқ ўтказиш ва қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан ўтказилган аноним сўровнома натижалари эълон қилинган. Унда касбий фаолияти давомида адвокатларнинг ҳуқуқлари суриштирув, тергов органлари ҳамда судлар томонидан мунтазам бузилаётганлиги ҳақида таҳлилий маълумотлар баён қилинган.

Қайд этилишича, сўровномада 3 минг 553 нафар, яъни республикада фаолият юритаётган адвокатларнинг 91 фоизи иштирок этган. Ажабланарли жиҳати, хабарда давлатимизда адвокатларнинг мақоми ва процессуал ваколатларини кенгайтириш, уларнинг дахлсизлигини ишончли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аноним сўровнома натижасида эълон қилинган рақамлар жиддий шубҳа уйғотиши табиий.
 
Жумладан, маълумотлардаги судлар профессионал фаолият билан шуғулланиш учун суд биносига компьютер, мобиль телефон ва бошқа коммуникация ускуналарини олиб киришда адвокатларга асоссиз тўсқинлик қилишаётганлиги ҳақидаги важлар билан келишиб бўлмайди.
 
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни билан Жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, қонун талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўрилиши талаб этиладиган ишлардан ташқари, барча жиноят ишлари судларда ошкора кўрилади ва суднинг ташаббуси ёки процесс иштирокчиларининг илтимосномасига кўра аудио ва видеоёзувдан фойдаланиши ҳамда суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
 
Бунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 15 март куни 2981-рақами билан рўйҳатга олинган, Олий суд ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га қўшимча киритилиб, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириш учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ва суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаган ҳолда, суд биносига копьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб кўйилган ва ушбу қарор барча судларга сўзсиз риоя этиш учун юборилган.
 
Бугунги кунга қадар қонуннинг ушбу талаблари бузилаётганлиги хусусида Олий суд ёки судьялар Олий малака ҳайъатига мурожаатлар келиб тушмаган.
Судларда адвокатлар учун алоҳида хоналар мавжуд эмаслиги ҳақидаги фикрлар ҳам асоссиздир. Чунки ўрганишлар ва Судлар фаолиятини таъминлаш департаментидан олинган маълумотлар республика бўйича фаолият юритаётган 606 та суд жойлашган 296 та суд биносининг 291 тасида (98,3 %) адвокатлар учун хоналар мавжудлигини кўрсатмоқда.
 
Шу ўринда, бугунги кунга қадар 310 та суд бино билан таъминланмаганлигини, маъмурий судлар жиноят ишлари бўйича, иқтисодий судлар эса фуқаролик ишлари бўйича судлар биноларида фаолият кўрсатаётганлигини таъкидлаш билан бир қаторда, адвокатлар учун хона ажратиш имконияти бўлмаган эски суд биноларда адвокатларнинг эхтиёжидан келиб чиқиб, иш материаллари билан танишиш, суд мажлисларига тайёргарлик кўриш учун фуқароларни қабул қилиш хоналари, девонхона ёки судьяларнинг қабулхоналаридан жой ажратиб бериш амалиёти йўлга қўйилганлиги маълум қилинади. 
 
Бу борада ҳам Олий суд томонидан тегишли чоралар кўрилаётганлигини таъкидлаш лозим. Хусусан, 2018 йилда 6 та янги суд биноси қурилганлиги, 6 таси эса капитал таъмирланганлиги, 2019 йилда капитал таъмирлаш билан бирга 36 та янги суд биноси куриб фойдаланишга топшириш режалаштирилгани бу фикрнинг далили бўлиб хизмат қилади. 
 
Бундан ташқари, профессионал юрист бўлиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини жуда яхши билган адвокатлар бу масалаларда Олий суд ёки судьялар Олий малака ҳайъатларига расмий тарзда мурожаат этмаган бир вазиятда, ижтимоий тармоқларда, 820 та ҳолатда адвокатларнинг ўз профессионал мажбуриятларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари бузилганлиги, 222 та ҳолатда суд муҳокамаси жараёнида процессуал талабларининг бузилганлиги, 514 та ҳолатда суд иши юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишув принципларига риоя этилмаганлиги, 144 та ҳолатда судьялар ва  суд ходимлари адвокат ва унинг ҳимояси остидаги шахсга нисбатан ҳақоратли муносабатда бўлишганлиги, 300 та ҳолатда адвокат ва унинг ҳимояси остидаги шахсга таржимон тақдим этилмаганлиги ҳақида тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишлари, уларнинг касб этикасига зид ҳаракат, деб баҳоланиши лозим бўлади. 
 
 
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: