ҲУҚУҚШУНОС НЕГА ХАЛҚАРО ҲУҚУҚНИ БИЛИШИ ЗАРУР?

05 апрель 2019

Бугунги кунда халқаро ҳуқуқ нормалари ҳаётимизга тобора чуқур сингиб бормоқда.

Маълумки, ҳар қайси давлат ўз Конституцияси ва қонунларини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига таянган ҳолда қабул қилади. Бинобарин, халқаро ҳуқуқни — давлатларнинг миллий ҳуқуқ тизимларисиз, миллий ҳуқуқ тизимларини эса, халқаро ҳуқуқсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу маънода Ўзбекистон ўз миллий қонунчилик мактабини яратишда, бир томондан, кўп минг йиллик миллий анъана ва ҳуқуқий қадриятларга асосланган бўлса, иккинчи томондан, хорижий мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибаси ва халқаро ҳуқуқ нормаларига таянмоқда.
 
Айниқса, Конституциямизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олингани қонунчиликка халқаро ҳуқуқ нормаларини изчил ва босқичма-босқич имплементация қилишда муҳим ҳуқуқий роль ўйнади.
 
Натижада мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасидаги халқаро шартномавий мажбуриятларни сўзсиз бажариш бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан жой олди.
 
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ҳуқуқшунослар ҳам ўз фаолиятини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифани амалга оширишда халқаро ҳуқуқни ҳам билиши зарурлигини англатади. Бунда, шунингдек, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати халқаро ҳуқуқ билан ҳам ҳимоялангани, халқаро ҳуқуқнинг асосий мазмуни инсон ҳуқуқларидан иборат эканига аҳамият бериш талаб этилади.
 
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, муайян фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёки суд йўли билан тиклашга эришдикми, демак, биз фуқароларнинг Конституция, қонун ва халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўламиз. Бу билан давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқа¬ро мажбуриятлари бажарилишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
 
Ҳозирги вақтда, жумладан, адвокат қандай бўлиши кераклиги, вояга етмаган шахслар ҳуқуқлари қай тартибда ҳимоя қилиниши, ушлаб турилган шахсга нималар тушунтирилиши, судья ёки журналистнинг холислиги ва мустақиллиги қандай таъминланишига оид асосий мезон ва қоидалар халқаро ҳуқуқда белгилаб қўйилган. Қолаверса, ушбу халқаро стандартлар давлатлар қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган.
 
Масалан, одил судловга оид халқаро стандартлар бир қатор халқаро шартнома ва битимларда мустаҳкамланган бўлиб, улар амалиётда «Миранда қоидаси», «Бангалор принциплари», «Судьялар мавқеи тўғрисида Европа Хартияси», «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Билл», «Милан қоидалари», «Ювенал юстиция», «Каракас декларацияси», «Пекин қоидалари», «Ар-Риёд принциплари», «Бангкок декларацияси», «Вена декларацияси», «Инсонийлик мезонлари» каби мухтасар шаклдаги номлар билан юритилади. 
 
Гап инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган судлар фаолияти билан бевосита боғлиқ халқаро шартномалар ҳақида борар экан, учта муҳим халқаро ҳужжатни алоҳида қайд этиш лозим. Булар — БМТнинг асосий шартномаларидан бири бўлмиш Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ва унга 2 та қўшимча протокол; «Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида»ги Резолюция, шунингдек, Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принципларидир.
 
Хусусан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт БМТ томонидан ҳозирги кунга қадар қабул қилинган 9 та асосий шартномалардан бири ҳисобланади. Мазкур халқаро ҳужжат ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари тарихида ўзининг аҳамияти ва муҳимлиги билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидаги нормалар ижросини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатларнинг сўзсиз ҳисобдорлиги ва жавобгарлигини белгилаб берган ягона бош шартномадир.
 
Ушбу Пактда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари устуворлиги, шахс дахлсизлиги, барча фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги, ҳар бир шахснинг ҳи¬мояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, айбсизлик презумпцияси каби умумэътироф этилган минимал стандарт қоидалар мустаҳкамланган.
 
«Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида»ги Резолюция ҳам халқаро ҳуқуқда судлар фаолияти бўйича қабул қилинган махсус халқаро ҳужжатлардан биридир. Ушбу Резолюция «Бугунги кунда суд ва судьяларнинг мустақиллиги қандай таъминланиши керак?» — деган саволга атрофлича жавоб берган ягона халқаро ҳужжат, десак, янглишмаймиз.
 
Резолюциянинг 1-бўлимида қайд этилишича, суд органларининг мустақиллиги давлатлар томонидан кафолатланади ва Конституция ёки қонунларда мустаҳкамланади. Барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар суд органларининг мустақиллигини ҳурмат қи¬лиши ва унга риоя қилиши шарт.
 
Ушбу шартномага Ўзбекистон 1997 йил 30 августда қўшилган. Резолюциянинг суд ҳокимияти мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган асосий нормалари мамлакатимиз Конституцияси ва «Судлар тўғрисида»ги қонунда ўз ифодаси топган.
 
Ўз навбатида, Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари — жаҳон суд-ҳуқуқ соҳасида ХХI асрда қабул қилинган энг асосий халқаро ҳужжатдир. Янада муҳими, у судьяларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, умумэътироф этилган касб этикаси қоидалари, профессионал фаолиятда ишда ва ишдан ташқари вақтда нималарга амал қилишига оид минимал стандарт қоидалар белгилаб берилган ҳозирча ягона халқаро шартномадир. 
 
Бангалор принципларига мувофиқ, судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устувордир. Судья ўз вазифаларини юқори профессионал даражада одилона, тезкор ва виждонан бажариши шарт.
 
Хулоса шуки, давлатимиз зиммасига олган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларидан бири бўлмиш инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципи устуворлигига эришиш вазифаси — суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, умуман, барча ҳуқуқшунослар фаолияти билан бевосита боғлиқдир.
 
Шу маънода ҳамкасбларимиз нафақат миллий ҳуқуқ тизими, Конституция ва қонунларимизни жуда яхши билишлари керак, айни чоғда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчиликдан, халқаро конвенциялар ва бошқа ҳужжатлардаги ўзгаришлардан доимо хабардор бўлиб туришлари тақозо этилади.
 
 
Ҳусан ТУРСУНОВ, 
Қарши туманлараро иқтисодий суди судьяси, 
юридик фанлар номзоди

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: