«ЁШУЛЛИ»НИНГ «ТЕШИК» ЧЎНТАГИ
Бу ҳаётда ҳалоллик, ростгўйлик ва камтарликни умрининг мезони деб билган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Бунинг акси, яъни нафс қутқусига учиб, турли хил қилмишларга қўл уриш охир-оқибат кишини бадном қилади.
Бунга ҳаётдан кўп мисоллар келтириш мумкин. Мисол учун пора аталмиш иллат хоразмлик «ёшулли»лардан бири — Урганч шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Бозорбоевнинг ўпқон очган чўнтагини ҳам аяб ўтирмади, тешиб чиқди, ҳатто унинг ҳаётига доғ, йўлларига эса, ғов солди.
Масъул лавозимдаги У.Бозорбоев ўзини боши узра тўпланаётган хавф-хатардан асраб қололмади. Аниқроғи, буни унинг ўзи истамади.
Хўш, У. Бозорбоев қандай қилмишга қўл урган эди?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, У. Бозорбоев Урганч шаҳрининг Ғалаба ва Термиз кўчалари оралиғидаги йирик ҳажмли сув қувурини таъмирловчи пудратчини аниқлаш бўйича ўтказилган танловдан бутун бошли жамоа, қолаверса, кўп сонли истеъмолчилар, шаҳар аҳли манфаатини эмас, балки ўзининг тор шахсий нияти йўлида фойдаланишни кўзлади.
Танлов жараёнида шаҳардаги «Нигина стар» хусусий корхонаси режадаги юмушни 71,5 миллион, «Реал қурилиш савдо импекс» корхонаси эса, 74,2 миллион сўм маблағ эвазига амалга ошириш таклифини билдиришди. Бу ишни нисбатан арзон: жами 69,4 миллион сўмлик сарф-харажат эвазига бирмунча сифатли ва мукаммал тарзда адо этишга қаратилган энг мақбул таклифни эса, «Шоҳсанам савдо» хусусий корхонаси раҳбари Дилшод Рўзиматов илгари сурди. Шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги махсус комиссия, табиийки, буни инобатга олди ва Д. Рўзиматов бошлиқ корхонани танлов ғолиби сифатида эътироф этди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, бу қабилдаги танловларнинг ўз тартиб-таомили бор ва унга қатъий амал қилиш керак. Чунончи, танлов якуни ва унинг ғолибини эътироф этиш ҳақидаги баённома комиссия раҳбари ва унинг олти нафар аъзоси томонидан тасдиқланиши шарт.
Бошлиқ ўринбосари У. Бозорбоевни инобатга олмаганда, комиссиянинг қолган барча аъзолари, жумладан, унинг раиси У. Ўктамов ҳам ушбу қоидага амал қилишди. Баённомани имзолаб, бу борадаги бурчини адо этишди. Таассуфки, навбат комисссиянинг ваколатли аъзоси У. Бозорбоевга келганда, бари чаппасига кетди.
«Ёшулли» турфа баҳоналарни рўкач қилиб, баённомани имзоламади, зиммасидаги қонуний мажбуриятга қўл силтади. Танлов жорий йилнинг март ойида ўтказилган бўлса-да, У. Бозорбоев бу ишни апрел ойи охиригача чўзди. Танлов ғолиби баённома имзоланмагани оқибатида тегишли ғазначилик идораси сув қувурларини янгилаш ва таъмирлаш учун ажратилган пулни хусусий корхона тасарруфига ўтказиб бермаётгани, оқибатда зиммасидаги мажбуриятни адо этиш муддати асоссиз чўзилаётгани, башарти, ушбу ҳужжат бўлса, ишлар тезда юришиб кетишини У. Бозорбоевга бир неча марта уқтирса-да, фойдаси бўлмади. У. Бозорбоев пинак бузмай тураверди. Дўппи тор келган маҳалда эса, бошқа бир дастакни ишга солди. Танлов ғолибига мўлжалдаги юмушларни корхонаси маблағи эвазига бажариб туришни тайинлади. Имзо учун баҳона излашда эса, давом этди. Бундай баҳонаю рўкачлардан зада бўлган тадбиркор охир-оқибат ундан муддаосини сўради, бирон-бир талаби бўлса, бажаришга тайёр эканини билдирди. Аслида, У. Бозорбоев шуни кутиб юрганди. Маълум бўлишича, «ёшулли»нинг «Ласетти»си кейинги пайтларда «ҳассага суяниб» қолибди. Шунга бир йўла тўртта амартизатор ускунаси ва яна шунча автошина керак эмиш.
Тадбиркор унинг нимага шаъма қилаётганини дарров тушунди.
Орадан яна уч кун вақт ўтди. Буюртмачи ва мижоз ўзаро келишувга мувофиқ жорий йилнинг 3 май куни яна бир марта учрашишди. У. Бозорбоев бу гал мулоқотдан ўзини олиб қочмади. Аксинча, бу дақиқаларни интиқ бўлиб кутди.
Бу йўсиндаги учрашув тадбиркор Д. Рўзиматовга, айниқса, кўп наф келтиради. Бошлиқ ўринбосари ойлар мобайнида оддий қоғозлигича қолиб кетаётгган баённомага имзо чекади.
Шундан сўнг баённома расмий ҳужжат мақомини олади. Бунинг шарофатидан лойиҳа-харажат ҳужжатларида кўзда тутилган 69,4 миллион сўм маблағ хусусий корхона ҳисоб рақамига келиб тушади.
Шу боис Д. Рўзиматов орзиқиб кутилган бу учрашувга қуруқ қўл билан келмади.
Автомашинани таъмирлаш учун мўлжалланган нақд 2,5 миллион сўмни ўзаро келишилган манзилда У. Бозорбоевга топширди.
Афсуски, У. Бозорбоевнинг илкига кирган пулнинг чўғи кам ва бу маблағ эвазига «ёшулли»нинг автомашинаси эпақага келиши қийин эди. Д. Рўзиматов томонидан «тортиқ» этилган 2,5 миллионнинг устига яна 500 минг сўм қўшилса, «ёшулли»нинг автомашинаси «қўлтиқ таёқ»дан халос бўлиши мумкин. Д. Рўзиматов бу гал ҳам ҳаялламади. У. Бозорбоев сўраган қўшимча 500 минг сўмни бир пасда унинг қўлига тутқазди.
Пора аталмиш нопок луқма аслида устини кул босган чўғ экани ва тушган жойини куйдирган кўйи тезда тешиб чиқишини кўплар ўшанда кўришди. У. Бозорбоев узоққа кетолмади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва гувоҳлардан иборат кузатув гуруҳи ҳозиргина содир бўлган оғир оқибатли қилмишни фош этишди. У. Бозорбоев ўз мижози пора тариқасида «тақдим» этган 3 миллион сўмни гуруҳ аъзоларига қўшқўллаб топширишдан бўлак илож тополмади.
Бу қилмишга ана шу тариқа чек қўйилди. Бундай қаралса, эзгуликнинг умри пойдор, қинғириликнинг йўли эса, ҳамиша қисқа ва қалтис. У муқаррар равишда ошкор тортиб, бузуқният кимсаларнинг қилмишига албатта, нуқта қўяди. Зеро, ойни этак билан ёпишнинг имкони йўқ.
Тергов идораси ўзганинг ҳақига кўз олайтириб, ўз мижозидан даставвал 2,5 миллион сўм, орадан кўп ўтмай эса, яна 500 минг сўмни пора тарзида олган У. Бозорбоевнинг қилмишини Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари бўйича малакалади. Суд эса, ушбу ҳолатни муҳокама этаркан, судланувчига нисбатан кодекснинг қайд этилган моддаси 2-қисми тамагирликка оид «в» банди тўғри тадбиқ этилганини қайд этди. Бироқ аниқланган факт ва далилларга қараганда, унинг «а» бандида ифодасини топган ҳолат, чунончи, жиноий кирдикорга такроран ёки хавфли рецидивист тарафидан қўл уриш ҳоллари У. Бозорбоевнинг ҳаракатида мавжуд эмас. Тергов ҳужжатларида 3 миллион сўм миқдоридаги пора изма-из содир бўлган 2 та ҳолатда олингани такрорий жиноят сифатида талқин этилмаслиги зарур. Зотан, битта умумий қасд билан қамраб олинган ва муайян миқдорни кўзда тутувчи такрорий ҳаракат қайта содир қилинган жиноий қилмиш сифатида ифодаланмаслиги шарт.
Шу муносабат билан суд жиноят такроран содир қилингани ҳақида тергов органи томонидан чиқарилган хулосани эътироф этмади.
Судланувчи бу айбдан халос қилинди. Порани тамагирлик ниятида қўлга киритишга қаратилган ҳаракати эса, чиндан ҳам, жиноий кирдикор сифатида баҳоланди ва муқаррар жазога сабаб бўлди. Суд ушбу ҳолатда ҳам инсонпарварлик, бағрикенглик тамойилларига таянди. Айбланувчига нисбатан тайинланиши зарур бўлган жазо чораларини кечиримлилик таомилларини кўзда тутувчи қатор ҳолатларга кўра, бирмунча енгиллатишни мақсадга мувофиқ, деб топди. Судланувчи Жиноят кодексининг енгилроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддасига биноан, нисбатан оз муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шу билан бирга, муайян муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда мансабдорлик, моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан мосуво бўлди.
Одатда, порахўрнинг виждонию чўнтагини тўлмас ва битмас ўпқонга қиёслашади. Бу — айни ҳақиқат. Аммо айрим кимсалар ушбу ўпқон куни келганида ўзларини ҳам ямламай ютишини хаёлига келтиришмайди.
Турмушнинг эса, ўз йўриғи бор. Ҳаётда кимки ҳалолллик, поклик, фидоий меҳнат ва чин инсонийлик йўлларини ихтиёр этар экан, унинг толеи ҳам, ризқ-насибаси ҳам ҳамиша баланд бўлади. Кимки, нафс қутқусига учиб, мол-дунё изидан қувса, наинки ризқ-насибаси, балки обрў-эътиборидан ҳам айрилади.
Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Шуҳрат РаззоҚов,
жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар судининг раиси
Фикр қолдириш