ЯНГИЛИК САМАРАСИ ЁХУД КОРПОРАТИВ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ АФЗАЛ ЖИҲАТЛАРИ
Янги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексда ўз ифодасини топган ҳуқуқий меъёрлар одил судлов сифатини янада ошириш, иқтисодий низоларни адолатли ва қонуний ҳал этиш, умуман айтганда, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Кодексда корпоратив низоларнини кўриб чиқиш ва ҳал этишнинг ҳам аниқ меъёрлари белгиланган. Кодекснинг 25-моддасига асосан иқтисодиёт соҳасида юридик шахс мақомини олган ва олмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини жамоавий ҳамда якка тартибда амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек, корпоратив низоларни кўришда тараф сифатида қатнашаётганлар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли ишлар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Корпоратив низоларга тааллуқли суд ишлари даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, масаланинг белгиланган хусусиятлари инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилади. Корпоратив низолар сирасига қонунда ифодасини топган бошқа низолар ҳам киритилиши мумкин.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, умумий қоидага мувофиқ маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаблар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилмайди.
Аммо Иқтисодий-процессуал кодекснинг 25-моддаси биринчи қисми 5-бандида назарда тутилган ишлар бўйича иштирокчилар (акциядорлар) — жисмоний шахсларнинг маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаблари иқтисодий судга тегишлидир. Шу боис бундай шаклдаги зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси ёки талабни қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди. Мазкур моддада қайд этилган қоидалар келишув битими тузиладиган ҳолатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлмаса, шунингдек, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, у суд томонидан тасдиқланиши мумкин. Шу ўринда фикримизни Урганч туманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирадиган бўлсак, «Қўриқтом» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси С. Абдуллаев судга даъво аризаси киритиб, ушбу корхона таъсисчиси А. Раҳимовни таъсисчилар рўйхатидан чиқаришни сўраган.
Аниқланишича, корхона 2007 йил 16 февралда Тошкент шаҳри, Миробод тумани «Ягона дарча» марказида рўйхатга олинган. Уни таъсис этиш пайтида С. Абдуллаевнинг устав фондидаги улуши 62 фоиз, А. Раҳимовники 38 фоизни ташкил этган.
Амалдаги «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунга кўра, таъсисчининг даъво аризасида ифодасини топган ҳолатлар тарафларнинг ўзаро келишуви асосида ечим топмаган тақдирда суд орқали ҳал этилади. Ушбу қонун талабларига биноан жамият иштирокчилари унинг фаолиятига таъсис ҳужжатлари ва амалдаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган тартиб, миқдор, усул ва муддатларда ҳисса қўшиши, таъсис ҳужжатларида белгиланган ва ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил муддат мобайнида унинг устав фонди (устав капитали)идаги ҳиссасини тўлиқ шаклллантиришлари зарур. Бундан ташқари жами улушлари жамият устав фондининг (устав капитал) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан ташкилотнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақли. Бу талаб аввало таъсисчиларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилиши лозим.
Маълум бўлишича, А. Раҳимов айни масалага бағишланган йиғилишда иштирок этмаган. Қолаверса, унинг хатти-ҳаракати оқибатида корхона фаолиятини қийинлаштирадиган ҳолат ҳам рўй бермаган.
Унинг корхона умумий йиғилишда иштирок этмагани таъсисчилар таркибидан чиқариш учун ҳуқуқий асос бўлолмайди. Шу боис суд А. Раҳимовни жамият таъсисчилари рўйхатида қолдириш зарур, деган тўхтамга келди ва даъвогарнинг талабини рад этиш ҳақида қарор чиқарди.
Суд харажатлари ва давлат божи С. Абдуллаев томонидан қопланди.
Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Урганч тумани ҳокимининг 2012 йил 20 мартдаги қарорига мувофиқ «Соҳил» масъулияти чекланган жамияти 10 нафар таъсисчининг улуши асосида давлат рўйхатига олинган. Кейинчалик таъсисчилар ўртасида улушларни аниқлаш бўйича низо келиб чиққан ва корхонанинг 7 нафар таъсисчиси турли сабабларга кўра, мулкдорлар сафидан чиқиб кетган. Шундан сўнг ушбу низо фуқаролик ишлари бўйича биринчи босқич судида ҳамда апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Аммо суд ҳужжатларининг белгиланган тартибда ижрога қаратилмагани, таъсис ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказилмагани яна бир низога сабаб бўлган. Шу сабабли корхона маъмурияти суд қарорини ижро этиш ва таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида иқтисодий судга даъво аризаси киритган.
Судда аниқланишича, туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси 2018 йил 1 февралда таъсисчилар умумий йиғилиши қарори тақдим қилинган тақдирда корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш мумкинлигини билдирган бўлса-да, амалда суд қарори ва ажрими ижроси таъминланмаган.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 73-моддасига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича суд ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суд ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир. Бинобарин, фуқаролик ишлари бўйича суд қарори ҳамда апелляция инстанциясининг ажрими ҳамон ўз кучида ва у сўзсиз ижро қилинмоғи шарт.
Ана шу қонуний асосларга таянган суд корхонанинг таъсис ҳужжатларини рўйхатга олиш бўйича мансабдор шахс тарафидан йўл қўйилган ҳаракатсизликни ноқонуний деб топди ва муқаддам чиқарилган суд қарори ҳамда ажрими ижросини таъминлаш мажбуриятини юклади.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида судларда низоли масалаларни тоифа ва туркумларга ажратиш, тарафларга маъқул бўлган усулларни қўллаш орқали кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу вақт ва бошқа ресурсларни тежаш баробарида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиб, одил судловнинг самарадорлигини оширмоқда. Корпоратив низоларга оид янгича тартиб-таомиллар ҳам ана шу мақсадга хизмат қилаётгани айни ҳақиқат.
Нилуфар АЛЛАБЕРГАНОВА,
Урганч туманлараро
иқтисодий суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш