ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИНГ МУҲИМ ХУСУСИЯТЛАРИ

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётган шахсларнинг қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш шартлиги таъкидлаб ўтилган эди. Бунда фуқаролар солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши лозимлиги қайд этилган эди.

Янги таҳрирдаги Солиқ ко­­декси солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, иқтисодиётни жадал ри­вожлантириш ҳамда ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оши­риш, соғ­лом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Унга мувофиқ жорий йилнинг 1 январидан бошлаб со­лиқ тизимида 120 дан ортиқ янги қоидалар амалиётга киритилди. Жумладан, солиқ ва йиғим турлари 13 тадан 9 тагача камайтирилди, солиқ ор­ганлари томонидан солиқ текширувлари фақат кодекс­да назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар қабул қилинганидан сўнг ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини уларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда қайтариш тартиби жорий этилди.

Бундан ташқари солиқ имтиёзларини бериш Со­лиқ кодекси асосида амалга оширилади.

Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг ўтказилиши белгилаб қў­йилди. Хусусан, камерал солиқ текширувини ўтказиш учун со­лиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи бўлиши шарт. Шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи берилади, холос. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, лекин пеня ҳисобланиши мумкин.

Сайёр солиқ текшируви (солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш) нинг мақсади эса, фақат фактларни қайд этишдан иборат. Сайёр солиқ текшируви солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади. Бунда сайёр солиқ текширув натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди ва молиявий санкция­лар қўлланилмайди.

Солиқ аудити — катта ҳажм­даги айланмаларда юқо­ри даражада рискка эга бўлган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунларига риоя этилишини ҳар томонлама ўрганишдан иборат бўлиб, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи ва солиқ тўлаш билан боғлиқ бошқа омиллар мавжуд бўлганда уларни таҳлил қилиш асосида тегишли солиқ тўловчиларда ўтказилади.

Солиқ аудити натижаларига асосан қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўл­ланилиши мумкин.

Кодексда солиқ муносабатлари билан боғлиқ қоида ва нормалар қўлланилишини енгиллаштириш, ундаги зиддиятлар, тушунмовчиликларни тугатиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоялаш, солиқ назорати шакл ва механизмларини соддалаштириш назарда тутилган.

Шунингдек, солиқ объектлари ва солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш, ушбу муносабатларда инсон омили таъсирини камайтиришни таъминлайдиган ахборот-комуникация технологияларини кенг жорий этиш каби муҳим масалаларга жиддий эътибор қаратилди. Биргина мисол. Солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқу­қий таъсир чораларини янада камайтириш, шу­нинг­дек, қонунчилик техникаси талабларидан келиб чиқиб, солиқ ор­ганлари томонидан киритилаётган молиявий санкцияларни кўз­да тутувчи 10 дан ортиқ модда кодексдан чиқариб ташлангани диққатга моликдир.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда солиқ юкини камайтириш, солиққа тортишни соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ма­сала­ларини ҳал этиш вазифаси белгиланган эди. Шунга кўра, кодекс орқали солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторига қаратиш ҳуқуқи бекор қилинди. Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санк­циялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда қайтариш тартиби белгилаб қўйилди.

Айнан шу тартибда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш (қайтариш) механизми жорий этилди. Шу билан бирга, солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, Солиқ кодексидаги концептуал ўзгаришлар, энг аввало, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини максимал даражада соддалаштириб, қарама-қаршиликлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

Отабек Мирзаев,

Касби туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: