ЖИГАРБАНДИНИ СОТГАН АЁЛ ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Бу ҳаётда фарзанд инсонга берилган энг буюк неъмат саналади. Шу боис ҳар бир болани ота-она умрининг мазмуни дея бежизга айтишмайди. Айниқса, ҳаётда турли сабабларга кўра, узоқ йиллар сабр-тоқат қилиб, сўнг ота-оналик бахтига муяссар бўлган кишилар буни янада теранроқ ҳис қилишади.

Буларни қайд этишдан мақсад шуки, ҳаётда ана шундай бебаҳо инъомнинг қадрига етмайдиган, ношукрлик қиладиган кимсалар ҳам учраб туради.

Масалан, Данғара туманида яшаган Соҳибахон Мелибоева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам шундай кимсалар тоифасига киради.

Гап шундаки, фарзанд кўрмагани сабабли биринчи турмушидан ажрашган С. Мелибоева бундан тўрт-беш йил олдин Абдулазиз исмли йигит билан танишади-ю, унга боғланиб қолади. Ўз навбатида, йигит ҳам унга эътиборсиз эмасди. Шу боис улар шаръий никоҳ асосида турмуш қуришади. 2020 йил 24 июнь куни С. Мелибоева фарзандли бўлади.

Қизига “Мелибоева Мўминахон Абдулазиз қизи” дея исм-шариф берилади.

Аммо тақдир экан, орадан кўп ўтмай Абдулазиз вафот этади. Шундан сўнг С. Мелибоева қизи икки ёшга тўлай деб қолганда, негадир уни сотиш ҳаракатига тушади. Ҳеч кимга сир эмас, бундай совуқ хабар тез тарқалади. А. Тошпўлатов ҳам танишлари орқали С. Мелибоеванинг жиноий режасидан хабар топади. Шу боис у гўёки харидор сифатида аёл билан учрашиб, атайин кўнглига қўл солиб кўради. Сўнг ёлғондан баҳолашиб, қизалоқни 14 000 АҚШ долларига сотиб олишга келишади. Ўз навбатида, ўша куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беради. Бинобарин, мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади.

Оқибатда Соҳиба Мелибоева 2022 йил 28 март куни қизини махсус харидор А. Тошпўлатовга 14 000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланади. Шундан сўнг ҳали вояга етмаган М. Мелибоева Фарғона вилояти 2-сонли болалар уйига жойлаштирилди.

Албатта, бундай тубан қилмишга қўл урган С. Мелибоевага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Данғара туман суди 2022 йил 24 августдаги ҳукми билан судланувчини Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шунингдек, Қўқон шаҳар прокурори фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилди ва С. Мелибоевани қизи Мўминахон Мелибоевага нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўради.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 15-бандида ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра, ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, ўқув-тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкилик­бозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари Данғара тумани ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш шўъбасининг хулосасида Соҳиба Мелибоеванинг вояга етмаган фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мақсадга мувофиқ экани қайд этилган. Ана шу асосларга таянган суд С. Мелибоевани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Оила кодексининг 81-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани болаларини моддий таъминлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу сабабли суд жавобгарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишда Фуқаролик процессуал кодекси қоидаларига асосланиб, ундан алимент ундириш тўғрисидаги масалани, бундай даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганлигидан қатъи назар, биргаликда ҳал этиши шарт. Ота ёки онадан бири ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва болалар улардан иккинчиси, васий ёки ҳомийнинг тарбиясига берилганда, алиментлар шу шахсларнинг фойдасига ундирилади. Бинобарин, суд қарорида Фарғона вилояти 2-сонли болалар уйи фойдасига боланинг моддий таъминоти учун Соҳиба Мелибоеванинг ҳар қандай даромадининг 1/4 қисми, лекин меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаган миқдорда алимент ундириш белгиланди.

Айтиш керакки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасида “Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради” дея қайд этилган.

Бинобарин, жамиятимизда ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда эмас.

М. Мелибоева ҳам қонунчилигимизда белгиланган инсонпарварлик тамойиллари ҳимоясида. Бу унинг униб-ўсиши, таълим-тарбия олиши учун мустаҳкам пойдевор, ёрқин келажак гаровидир.

Акмал РОЗИҚОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўқон туманлараро

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: