НАФСИГА АЛДАНГАНЛАР
Маълумки, амалдаги қонунларимизда нафақат пора олиш, балки пора бериш ёки пора беришга далолат қилиш, пора олди-бердисида воситачилик қилиш учун ҳам тегишли жавобгарлик белгиланганини айрим ҳамюртларимиз унутиб қўйишмоқда. Ҳатто бундай хатти-ҳаракатлар фирибгарликка ҳам айланаётгани бор гап.
Қўштепа туманида яшовчи Мухторжон Мирзалиев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) кўпдан буён ишсиз юрганди. Шу сабабли ўтган йил ноябрь ойининг бошларида таниши — «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти тизимида ишловчи Дилмурод Шамсиевга қўнғироқ қилиб, ишга жойлашишда ёрдам беришни илтимос қилади.
— Бунақа ишлар менинг қўлимдан келмайди. Аммо Зуҳриддин деган ҳамкасбим бор. Ўша йигитдан илтимос қилиб кўраман, — деди Д. Шамсиев.
Шундан сўнг у «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамиятининг Тезюрар йўналишларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш филиалида вагон хизматчиси вазифасида ишловчи З.Хўжаназаров билан бу хусусда маслаҳатлашди.
Жумладан, корхонага ишга кириш учун қандай ҳужжатлар тайёрланиши лозимлиги ҳамда кимга мурожаат этиш зарурлигини сўради. Зуҳриддиннинг эса, бу гапни эшитиб, кайфияти бирдан кўтарилиб кетди.
— Бугуноқ танишингизга менинг телефон рақамимни беринг. Аввал бир кўришиб гаплашай. Сўнг ёрдам бераман, — деди у ўзини ҳожатбарор кўрсатиб.
Албатта, Мухторжон Дилмуроддан Зуҳриддиннинг уяли телефони рақамини олгач, дарҳол қўнғироқ қилди.
— Сизларнинг ташкилотингизга ишга кирмоқчи эдим, — дея у мақсадини тушунтирди Марғилон шаҳрида учрашишгач.
Бироқ З. Хўжаназаров унга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига ишга киришнинг «нозик» томонига ишора қилган ҳолда жавоб берди.
— Темирйўл тизими жуда нуфузли жой. Шунинг учун ишга кириш қуруқдан қуруққа ҳал бўлмайди. Бунинг ўзига яраша «ставка»си бор. Хўп, десангиз, мен хўжайинларимиз билан гаплашиб, сизни ишга киритиб қўяман, — деди Зуҳриддин.
У шундай деб М. Мирзалиевга ишга кириш учун 2 500 АҚШ доллари бериш лозимлигини уқтирди. Лекин бу нарх Мухторжонга қимматлик қиладими ёки кимдир маслаҳат бердими, ҳар ҳолда З. Хўжаназаровнинг талаби ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат этди. Оқибатда фирибгар вагон кузатувчиси 2020 йил 17 ноябрь куни Фарғона шаҳрида — «Билайн» компанияси бош офиси ёнида М. Мирзалиевдан 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди айбдорга қонуний жазо тайинлади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Бу хусусда суд, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари кенг кўламли тарғибот тадбирларини ҳам амалга оширишмоқда.
Лекин шунга қарамасдан коррупцияга мойил ҳамюртларимизнинг борлиги афсусланарлидир.
Камолиддин РАҲИМОВ,
жиноят ишлар бўйича
Фарғона шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш