АЛДОВ ЙЎЛИ
Ҳозирги пайтда жиноят турлари орасида фирибгарлик нисбатан кўп учрайди. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Хусусан, одамларнинг ишонувчан ва соддадиллигини суиистеъмол қилиш ҳам шунга бориб тақалади.
Кимдир исмини айтиб, чақираётганини эшитган Шерали Нуриддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) эшикни очди. Остонада маҳалладоши Мақсуд Наврўзов турарди.
Ичкарига таклиф қилса-да, Мақсуд шошилиб турганини айтиб, бироз истиҳола қилган тарзда мақсадга кўчди:
— Эшитган бўлсангиз, автомашиналар олди-соттиси билан шуғулланаяпман, — деди у. — Пул зарур бўлиб қолди, шунга қарз сўраб келгандим. Бир-икки кун ичида албатта, қайтараман.
«Зарур эканки, умид билан келибди, — дея кўнглидан кечирди Шерали, — ҳожатини чиқарганим яхши. Онамнинг собиқ ўқувчиси, мени алдамайди».
Шу тарзда Шерали 8 миллион сўмни Мақсуднинг қўлига тутқазди. Қарзни қайтариш муддати келганда, Шерали Мақсудга қўнғироқ қилади. Мақсуд ҳам ваъдасида туради, 8 миллион сўмни раҳмат айтганча, қайтариб беради.
Бироқ орадан кўп ўтмай Мақсуд яна қарз сўраб келди. Шерали яна унинг раъйини қайтармади. Аммо Мақсуд бу билан чекланмади, яна бир неча марта қарз сўради. 2020 йилнинг 23 сентябрь куни Мақсуд Шералидан 25 миллион сўм қарз олди. Бу билан унинг олган қарзи 61 миллион сўмга етган эди.
Орадан кўп ўтмай Ш. Нуриддинов Мақсуддан қарзини қайтаришни сўради.
Мақсуд бир гал онаси коронавирусга чалиниб қолганини, кейинги сафар эса, ўзининг касал эканини баҳона қилди. Шерали қарзни қайтаришини сўраб, бўзчининг мокисидек «зув» қатнайвергач, Мақсуд олган қарзни сарфлаб юборгани, айни пайтда пули йўқ эканини очиқ-ошкор айтди. Ойига 2 миллион сўм иш ҳақи тўлайдиган ишга кирганини айтиб, Шералидан сабр қилиб туришни сўради.
Аслида Мақсуд Наврўзовнинг бу гаплари ҳам ёлғон эди. У фақат Ш. Нуриддиновни эмас, балки бошқа танишларини ҳам фирибгарлик йўли билан «чув» тушириб, катта миқдордаги маблағни қўлга киритган эди.
Ўтган йилнинг 10 сентябрь куни «Деҳқон бозори»да савдо қилаётган Шамсия Холназарованинг олдига таниши Мақсуд келди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, у автомашиналар савдоси билан шуғулланиб, катта фойда топаётганини айтиб мақтанди.
Ш. Холназарова Мақсудни ёшлигидан танир, оилавий шароитини ҳам яхши биларди. Унинг ўзини ўнглаб, оёққа туриб олаётганини эшитиб, қувонди.
Тижорат ишига барака тилади. Суҳбат орасида Мақсуддан 10 миллион сўм зарур бўлиб тургани, икки-уч кунда қайтаришини эшитгач, «уйга боринг, мен сизга айтган пулингизни бериб тураман» деганини ўзи ҳам билмай қолди.
Ҳақиқатан ҳам, Мақсуд уч кун ўтиб, Шамсия опадан олган 10 миллион сўмни қайтарди. Сўзида турган, ҳалол маҳалладошидан Шамсия опа хурсанд бўлди, савдосига барака тилаб, кейинги сафар қайта-қайта қарз сўраганида йўқ демади. Ишончига кирган М. Наврўзов Ш. Холназарованинг 42 миллион сўм пулини алдов йўли билан қўлга киритди. Қарзни қайтариб олишга келганида жабрланувчи қоп-қоп ваъдаларни эшитиб, дард-дунёси қоронғу тортди…
Ўтган йилнинг июль ойида кўчада Илёс Маҳамқулов маҳалладоши Мақсудга дуч келиб қолди.
— Хабарингиз бўлса, енгил автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланаяпман, — деди М. Наврўзов. — Ҳозир бир автомашинани кўриб келяпман, дарҳол сотиб олмасам, эгаси бошқага бериб юборади. Шунинг учун икки-уч кунга 12 миллион сўм қарз бериб турсангиз…
Илёс Мақсудни уйига бошлаб борди ва 12 миллион сўм қарз берди. Орадан бир ҳафтача вақт ўтгач, Мақсуд Илёсга қарзини қайтарди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Мақсуд яна Илёснинг уйига келди. Уйида «Дамас» русумли автомашинасини сотишга тайёрлаётгани, аммо ҳозир 35 миллион сўм жуда зарур бўлиб қолганини айтди.
«Мақсудга ишонса бўлади, қарзини вақтида қайтарди, яна сотишга «Дамас» автомашинаси бор экан», деган хаёлда И. Маҳанқулов жамғариб қўйган 31 миллион сўмни М. Наврўзовнинг қўлига тутқазди.
Буни қарангки, 31 миллион сўмни бериб юборгач, орадан уч-тўрт кун ўтиб, И. Маҳанқуловга ҳам пул зарур бўлиб қолди. Шунинг учун у Мақсуднинг уйига бориб, берган қарзининг 2 миллион сўмини қайтариб олди.
Шундан сўнг орадан аста-секин кунлар ўтди. Аммо Мақсуд қарзини қайтаравермагач, Илёс унинг уйига бир неча марта борди. Лекин турли-туман баҳоналарни эшитиб қайтаверди.
Фирибгарликнинг ҳадисини олган М. Наврўзов шу тариқа Ш. Нуриддинов, Ш. Холназарова, И. Маҳанқулов, Н. Эшмаматов ва Э. Ҳамроқуловни доғда қолдиради. Фирибгар алдов йўли билан Н. Эшмаматовнинг 25 миллион сўми, Э. Ҳамроқуловнинг 7 миллион сўмини қўлга киритган.
Ҳаётда инсон фақат ҳалол меҳнати билан ўсиб-унади, барака топиб, обрў-эътибор қозонади. Бу ҳаётда исботини топган оддий ҳақиқат. Аммо М. Наврўзов тўғри йўл ўрнига эгри йўлни танлади. Соғлом, меҳнат қилишга лаёқатли, оилали, икки фарзанднинг отаси, йигирма тўрт ёшли М. Наврўзов маҳалладошларини алдаб, уларнинг пешона тери билан топган бойликларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилди. Судланувчи М. Наврўзовнинг такроран алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг мулкини қўлга киритишдаги қилмиши суд мажлисида тўлиқ тасдиғини топди.
Суд унга нисбатан жазо тайинлашда ёши, оилавий аҳволи, муқаддам судланмагани, турмуш ўртоғи вафот этгани, икки нафар фарзанди борлигини инобатга олди. Бироқ ғаразли ниятларда қасддан жиноят содир этганини оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолади. Одиллик, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларига риоя қилган ҳолда М. Наврўзовга қўлланилган эҳтиёт чорасини аслича қамоқда қолдиришни лозим топди. Ҳукм қонуний кучга киргач, судланувчи М. Наврўзовдан Ш. Нуриддиновга 61 миллион сўм, Ш. Холназаровага 42 миллион сўм, И.Маҳанқуловга 29 миллион сўм, Н.Эшмаматовга 25 миллион сўм ва Э. Ҳамроқуловга 7 миллион сўм ундирилиши алоҳида қайд этилди.
Баён этилган мазкур воқеа ҳақида фикр юритганда, кўнгилда бир қатор саволлар туғилади. Агар эътибор берган бўлсангиз, фирибгар ҳам, унинг алдовига «чув» тушганлар ҳам битта маҳаллада яшашган. Аммо М. Наврўзовнинг қилмишларига ҳеч ким эътибор бермаган. Яъни унинг ҳеч қачон автомашина савдоси билан шуғулланмагани, аллақачон фирибгарлик йўлига кирганини ҳеч ким хаёлига келтирмаган. Бу эътиборсизлик ва лоқайдлик фирибгарлик жиноятининг илдиз отишига сабаб бўлган.
Демак, фуқароларнинг ҳаётга очиқ кўз билан қараши, ҳушёр ва зийрак бўлиши нафақат фирибгарлик, балки бошқа жиноий қилмишларнинг олдини олишда ўта муҳим воситадир. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,
жиноят ишлари бўйича
Каттақўрғон шаҳар судининг раиси,
Ҳамид ЭГАМ,
журналист
Фикр қолдириш