КАЛТАБИНЛИК: НАВҚИРОН ЙИГИТЛАРНИ ЙЎЛДАН АДАШТИРДИ

Нотаниш кимсаларга сирни ошкор қилиш, мақтанчоқлик кутилмаган таҳдидга дучор этиши, ҳатто киши ҳаётини хавф-хатар остида қолдириши ҳам мумкин.

Ургутлик Ёқуб Салоҳиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) халқимизнинг «Тилингни авайла, омондир бошинг», «Бошингга неки келса, тилингдан кўр» деган нақл­ларининг туб мағзини кеч англаб етди.

Гап шундаки, «Кобалт» русумли автомашинасида «Самарқанд — Тошкент» йўналишида киракашлик қиладиган Ё. Салоҳиддиновга шу йил 22 февраль куни таниши 1 минг 200 АҚШ долларини Тош­кент­даги ҳамкорларига етказиш учун беради. Кечки пайт Ёқуб йўловчи олиш учун Самар­қанд шаҳридаги шоҳбекатга келади. Кўп ўтмай Тошкентга қатновчи автомашиналар тураргоҳига 25-30 ёшлар чамасидаги уч киши пайдо бўлади. Ҳайдовчилар уларни ўраб олишади, бири Тош­кент­га етказиб қўйиш хизмат ҳақи 150 минг сўм деса, бош­қаси 130 минг сўм сў­райди.

Аммо айтилган нарх йўловчиларга маъқул тушмайди. Шундан сўнг Ёқуб уларга юзланади.

— Мана бу «почта»ни эгасига тезроқ етказишим керак, — дейди у бир даста АҚШ дол­ларини чўнтагидан чи­қа­риб кўрсатиб — Шошил­япман, 100 минг сўм берсаларинг, йўл­га тушамиз.

Бу таклифга рози бўлган Асад Эр­қулов ҳайдовчининг ёнига, Илёс Музаффаров билан Мамаризо Юсупов орқа ўриндиққа ўтиришади.

Узоқ йўлга чиқилгач, табиийки, суҳбатга мавзу топилади. Ёқуб улардан қандай иш билан шуғулланишини сў­райди.

— Ҳамма иш қўлимиздан келади, — дея бошқа шериклари учун ҳам жавоб қилади Мамаризо.

Шундан сўнг Мамаризо ёлғондакам  саккиз йил қа­моқда бўлгани, бу орада ота-онаси қазо қилганини ўкинч билан айтиб беради. Ёқуб ота-онасини сўнг­ги манзилга кузатолмаган, қабрига бир сиқиб тупроқ ташлай олмаган, армонлари кўнглида йиғилиб қолган суққабош йигитга ачиниб кетади.

— Умидсизликка тушманг, ука, — дея суҳбатдошининг кўнглини кўтаришга уринади Ёқуб. — Ҳали келажак олдинда, ҳаммаси яхши бўлади.

Шу тахлит Ёқуб Мамаризога анча насиҳат қилади. Машина тез орада ўаллаорол туманидаги газ қуйиш шахобчасига келиб тўхтайди. Ёқуб йўловчиларни тушириб, машинани газ қўйиш шохобчасига олиб киради.

Бир оздан сўнг газ қуйиш шахобчасидан чиққан Ё. Салоҳиддинов ўзи олиб кетаётган йў­ловчилар кутиш жойида йўқ­лигини кў­риб ҳайрон бўлади.

Сўнгра уларни қи­диришга тушади. Бир пайт шахобчадан чамаси, эллик метрлар нарида И. Музаффаров қўли­ни кўтариб, ўзлари турган жойни кўрсатади.

Ё. Салоҳиддинов ўша ерга борганда, уни Илёс билан Мамаризо кутиб турганини кўради. И. Музаффаров ҳай­довчининг ёнига, М. Юсупов орқа ўриндиққа ўтиради. Ёқубжоннинг «шерикларинг қа­ни?» — деган саволига И. Музаффаров Асад бошқа машинада кетгани, ўша келишилган 100 минг сўм­ни иккаласи беришини айтади.

Шундан сўнг улар яна йўлга тушишади. Аммо йўлда кетаётиб, бирдан Илёснинг кўнгли айнийди ва Ё. Салоҳиддиновдан машинани тўхтатишни сўрайди.

Кўнгли қандайдир нохушликни сез­­ган Ёқуб «бу ерда тўх­таб бўл­майди.

Орқадан келаётган машина қоронғуда урилиб кетиши мумкин, ёруғ жойга етайлик», — дейди.

Бензин қуйиш шахобчаси атрофидаги ёруғ жойда машинадан тушган Илёс гўёки қайт қилаётган одамдек анча ўқчийди. Аммо машинага ўтиришда Мамаризо билан Илёс жой алмашишади.

Ғаллаорол туманидаги «Сангзор-15» йўл-патруль назорат постидан ўтиб, автомашина довонга чиққанида йў­ловчилар безовта бўлиб, машинани тўхтатишни талаб қила бошлайди.

Аммо Ё. Салоҳиддинов уларнинг талабига парво қилмай йўлда давом этади. Шу пайт орқа ўриндиқда ўтирган И. Музаффаров унинг бўйнига пичоқ тирайди. Ёқуб чаққон ҳаракат қилиб, чап қўли билан пичоқнинг ўткир тиғини чан­галлаб олади. Аммо Илёс силтаб тортганида қўлидан пичоқ бехосдан чиқиб кетади. Пичоқни қайта урмоқчи бўлганида Ёқуб чап қўл тирсаги билан Илёсни, сўнг ўнг қўли билан ён то­мондан ўзига ташланган Мамаризони қат­тиқ туртиб юборади. Босқинчилар ўзидан бироз нари сурилганидан фойдаланган Ё. Салоҳиддинов машинаси тўхтаган заҳотиёқ ташқарига отилади ва қочиб қутулади.

Шундан сўнг тиббий ёрдам олган жабрланувчи Ё. Салоҳиддинов ички ишлар бўлими ходимлари билан во­қеа жойига қайтиб келганида автомашинасининг эшиклари очиқ ётар, 1 миллион 500 минг сўм­лик уяли телефони, чарм камзули, фуқаролик паспорти йўқ эди.

Ёқубнинг «почта» тариқасида Тошкентга олиб кетаётган 1 минг 200 АҚШ долларини қўлга киритишни қасд қил­ган жиноятчилар бу гал адашган эди.

Чунки ўртадаги гап-сўз­лардан сўнг хавотирга тушган Ё. Салоҳиддинов ўзганинг омонатини чарм камзулидан олиб, кўйлагининг чўнтагига солиб қўй­ганди. Шу сабабли доллар жиноятчиларнинг қўлига тушмай қолади.

Суриштирув ишлари бошлангач, жи­ноятчилар қўлга олинди. Маълум бўлишича, асли Қашқа­дарё вилоятининг Миришкор туманидан бўлган Мамаризо Юсупов, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан бўлган Илёс Му­заффаров ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан бўлган Асад Эрқуловни ягона ға­разли мақсад боғлаб турган — осон иш ва мўмай даромад. Улар Тошкент шаҳридаги ошхоналарнинг бирида танишиб қолишган. Ҳамтовоқлар И. Музаффаровнинг уйига меҳмондорчиликка келиб, қайтаётган чоғида жиноятга қўл уришган.

Суриштириш чоғида А. Эрқуловнинг кўринмай қолгани сабаби ҳам аён бўл­ди. Ҳамроҳларининг ҳайдовчи­даги 1 минг 200 АҚШ долларини эгал­лаш ния­ти Асадга маъқул келмайди. У уларни бу йўлдан қайтаришга уринади, аммо бундан натижа чиқмайди. Шундан сўнг Асад бошқа автомашинага ўтириб, улардан аввал Тошкентга жўнаб кетади. Бироқ у И. Музаффаров билан М. Юсупов жиноят содир этишини билса-да, бу ҳақ­да Ё. Салоҳиддинов ёки ҳу­қуқ­­ни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бермаган.

Бундан ташқари А. Эрқулов билиб-билмай яна бир қалтис ҳаракати билан жиноятга шерик бўлиб қолган. М. Юсупов Асаддан 300 минг сўм қарздор бўлган. Мамаризо Тошкентдаги «Фар­ҳод» бозорида босқинчилик йў­ли билан қўл­га киритилган қўл телефонини шахсини аниқлаш имкони бўлган кишига бир миллион сўмга сотиб келгач, ноқонуний эканини била туриб қарзи учун ўша пулни олган.

Суд судланувчи И. Музаффаров ва М. Юсуповни Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларига асо­сан айбдор деб топиб, уларга нисбатан 8 йилдан муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Судланувчи А. Эрқулов Жиноят кодексининг 171-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинди.

Яқинда биринчи босқич судининг мазкур ҳукмига нисбатан судланувчи И. Музаффаров ва М. Юсупов томонидан берилган апелляция тартибидаги шикоятлар Жиззах вилояти суди апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич­ суди ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция тартибидаги шикоятларни қаноатлантиришсиз қолдириш ҳа­қида ажрим чиқарди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди.

Осон пул топиш мақсадида бировнинг ҳақига кўз олайтирмоқчи бўлган кимсалар ҳам қилмишига яраша жазоланди.

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

Жиззах вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: