ТАДБИРКОР ҲУҚУҚЛАРИ — ОДИЛ СУД ҲИМОЯСИДА

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолияти ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш судлар фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган.

Аммо тадбиркорлар ҳуқуқларининг бир қатор шартномавий муносабатларда бузилиши ҳолатлари учраб турибди. Мисол учун ижара шартномасига оид муносабатлардан келиб чиқадиган низолар со­ни суд иш юритувида кў­пайгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 535-моддасига кўра, мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади. Кодекснинг 544-моддасига мувофиқ, ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаши шарт.

Айнан ушбу қонуний меъёрга риоя қилмасдан бир тадбиркорлик субъекти бошқа тадбиркор субъектининг ҳу­қуқларини бузгани ҳолати Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилди. Иш ҳолатларига кўра, даъвогар — «G. K.» масъулияти чекланган жамияти ва жавобгар — «B. S. SH.» масъулияти чекланган жамияти ўртасида ишлаб чиқариш бинолари, маъмурий бинолар, техника ва механизмларни ижарага бериш юзасидан шартнома тузилган.

Бироқ жавобгар томонидан шартномавий мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаган. Яъни жавобгар ижарага берилган биноларни қабул қилиб олган бўлса-да, тўловларни амалга оширмагани сабабли 280 000 000 сўм миқдорида қарздорлик юзага келган.

Даъвогарнинг огоҳлантириш хати ва талабномалари жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Натижада даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан қайд этилган асосий қарз ва 140 000 000 сўм миқдорда пеня ундириб беришни сўради.

Маълумки, амалдаги «Ижара тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси учинчи қисмига кўра, ижара ҳақи ижарага олинган бутун мол-мулк учун яхлит ёки ҳар бир объект бў­йича алоҳида-алоҳида натура, пул ёки аралаш шаклларда бел­гилаб қўйилиши мумкин. Ижара ҳақини тўлаш шарти ва муддатлари шартномада белгиланади.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, томонларнинг ихтиёрийлиги ва тўлиқ тенг ҳу­қуқ­лилиги асосида маълум муддатга тузиладиган ижара шарт­номаси ижара муносабатларининг юзага келишига асос бўлади. Агар ижарага олинган мол-мулк кейинчалик сотиб олиш шарти билан топширилаётган бўлса, уни сотиб олиш шартлари, тартиби ва муддати ижара шартномасида кўзда тутилади.

Аммо юқорида қайд этилган ҳолат бўйича жавобгар шартномавий мажбуриятини лозим даражада бажармаган. Унга ижара берилган бинолар учун тўловларни ўз вақтида тегишли тартибда амалга оширмаган. Натижада 280 000 000 сўм миқдорида қарздорлик юзага келган. Ушбу ҳолатлар ишдаги мавжуд ҳужжатлар, тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ҳисобварақ-фактура ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топди.

Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Ушбу кодекснинг 333-моддасига асосан, қарздор айби бўл­ган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавобгар бўлади.

Шунингдек, суд иш ҳужжатларини текшириб, даъво талабининг 140 000 000 сўм миқдорида пеня ундириш қисмини жавобгар томонидан мажбуриятнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини ҳамда кредиторнинг мажбуриятни бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб тургани сабабли қисман қаноатлантиришни, жавобгардан даъвогар фойдасига 47 600 000 сўм миқдорида пеня ундиришни лозим топди.

Чунки Фуқаролик кодексининг 326-моддасига биноан, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли.

Бунда қарздор мажбуриятини қай даражада бажаргани, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек, кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.

Шу маънода суд ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, даъвогар ва жавобгар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, даъво талабини қисман қаноатлантириш, жавобгардан даъвогар фойдасига 280 000 000 сўм асосий қарз, 47 600 000 сўм пеня ва 21 600 сўм почта харажатларини ундириш, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш, жавобгардан 8 400 000 сўм давлат божи ундириш ҳақида ҳал қи­лув қарори қабул қилди.

Аслида тадбиркорлик ва бизнес соҳасининг ривожланиши қонунда ва шартномада белгиланган қоидаларга оғишмай риоя қилишга бевосита ва билвосита боғлиқдир. Агар шу оддий ва қонуний талабга риоя қилинмаса, суд одилликни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда тадбиркорга камарбаста бўлади.

Шомурод Бегматов,

Зомин туманлараро

иқтисодий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: